Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Сентябр, 2026   |   4 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:43
Қуёш
06:03
Пешин
12:18
Аср
16:43
Шом
18:37
Хуфтон
19:52
Bismillah
15 Сентябр, 2026, 4 Рабиъус сони, 1448

Илм карвонидаги оила

11.04.2025   12829   2 min.
Илм карвонидаги оила

Оилада илм ҳукм суриши, фарзандларнинг салоҳиятли бўлиши ҳамда жамиятга ва динга хизмат қилувчи мукаммал авлод етишиб чиқишида аёлнинг ўрни беқиёсдир. Аёл илмли ва илмга муҳаббатли бўлар экан, оиладан ҳар томонлама мукаммал инсон етишиб чиқиши муқаррардир.
 

Шу йил 11 апрель куни Тошкент ислом институтида “Олима аёл – миллат тарбиячиси” номли тадбирда талаба қизларга “Илм карвонидаги аёл ва оила” мавзусида ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашган ҳолда суҳбат қилиб беришлари учун бугунги кунда диний-маърифий нашрларни ташкил этишда ва шу соҳанинг равнақи учун жонбозлик кўрсатаётган дин арбобларининг мунис онаси, марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг турмуш ўртоқлари Фотимаи ая Исмоил Махдум ва фарзанди Оминахон Муҳаммад Юсуф ташриф буюрдилар.


Тадбир Қуръони карим тиловати ва Фотима аянинг дуолари билан бошланди. Суҳбат давомида Фотима ая талаба қизларга ҳозирги ижтимоий ҳаётда аёл-қизларнинг илмли бўлишлари ва ҳаётда ўз ўринларини топишлари нақадар муҳим эканлигини тушунтирган ҳолда уларга бир қатор тавсиялар бериб ўтдилар. Жумладан, илм олишда, авваламбор ихлосли бўлиш ва ниятни тўғри қилиш, илм ва оилани тенг олиб боришга эътиборли бўлиш ва бу йўлда жидду жаҳд қилиш, ўзини психологик тўғри тайёрлай олиш ва албатта тартибга риоя қилиш ҳамда олдига қўйилган ишларни ўз вақтида бажаришга ҳаракат қилиш. 


Жумладан, Фотима ая марҳум Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни хотирлаб, у зотнинг оилада аёлларга бўлган эътиборлари, уларнинг илм олишларига бўлган ҳарисликлари ҳамда яратиб берган шароитлари ҳақида таъкидлаб ўтдилар.


Фотима аянинг тавсиялари давоми ўлароқ Оминахон Муҳаммад Юсуф Тошкент ислом институтининг битирувчиси сифатида ўз талабалик даврини хотирлаган ҳолда бу даврнинг қадрига етишга ва назарий олинаётган илмларини амалда тадбиқ қилишга ҳаракат қилишга ҳамда орттирилган кўникмаларини жамиятимиз ва оила учун хизматда тўғри фойдалана олишга чорлади.


Тадбирнинг иккинчи қисми талаба қизлар томонидан берилган саволлар билан давом этди. Илм аҳлининг фарзанди, турмуш ўртоғи ва волидаси тимсолидаги Фотима аядан талабалар амалий намуна сифатида ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоблар ва тавсиялар олдилар.

ТИИ Матбуот хизмати

Илм карвонидаги оила Илм карвонидаги оила
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“Ҳолва” деган билан...

15.09.2026   7095   2 min.
“Ҳолва” деган билан...

Бугунги жамиятимизда одоб-ахлоқ жиҳатидан оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Салом бериш, ёрдамга муҳтожларни кўрганда кўмаклашиш, ўзидан катталарга ҳурмат кўрсатиш каби қадриятлар камайиб бораётганини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Ҳолбуки, ҳар бир ота-она фарзандининг илмли, солиҳ ва етук инсон бўлиб камол топганини кўришни орзу қилади. Бироқ “ҳолва” деган билан оғиз ширин бўлмайди. Яъни қуруқ орзу-ҳаваснинг ўзи кифоя қилмайди. Балки доимий ва тартибли таълим-тарбия ишига киришиш лозим бўлади. Бу борада жамиятдаги инсонларни уч тоифага бўлиш мумкин:

1. Ўзи ҳам амал қилиб, фарзандини ҳам эзгуликка етаклайдиганлар. Бу тутум дунё ва охират саодатини кўзлаган мўминнинг йўли. Тарбияда энг самарали омил ота-онанинг шахсий намунасидир. Болага, аввало, Аллоҳни танитиш ва солиҳ амаллар билан ўрнак бўлиш лозим. Қуръони каримда таъкидланганидек, иймон келтириб, эзгу амал қилганларга дунёда покиза ҳаёт, охиратда эса абадий жаннат башорати берилган (Наҳл сураси, 97-оят).

2. Ўзи амал қилмай, фарзанди тарбиясига мол-дунё сарфлайдиганлар. Унутманг, пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Ота-онанинг ўзи диний ва ахлоқий мажбуриятларни бажармаса, панд-насиҳатлари фарзандга таъсир қилмайди. Оилавий муҳитда ота таъминотга, она тарбияга масъул бўлиб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик бўлиши шарт.
Шунингдек, ота-оналарнинг беҳуда ишлар, масалан, телефонга кўп боғланиб қолиши тарбиядаги энг катта бўшлиқни юзага келтиради. Фарзанд камолоти учун унинг вақтини тўғри тақсимлаш, уйқу ва дарс тартибини доимий назоратда тутиш, тартибни ушлаш лозим. Энг муҳими, хулқ илмдан устун туради: хулқсиз берилган илм инсонни залолатга етаклайди, шу боис фарзандга гўзал ахлоқий тарбия бериб, сўнг илм билан зийнатлаш керак.

3. Ўзи ҳам амал қилмай, фарзандини ҳам бунга чақирмайдиганлар. Бу тоифанинг оқибати хатарлидир. Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида бундай марҳамат қилади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур...” (124-оят). Мана шу оятнинг ўзиёқ кишини сергак торттириб, бу тоифадан бўлиб қолмасликка ундаши лозим.
Хулоса шуки, фарзанд қалби ва руҳияти илдиз отиши керак бўлган дарахт кўчати кабидир. Унинг илдизини иймон ва тақво мустаҳкамлайди. Шундай экан, ким фарзандлари камолини кўришни истаса, амали ва эътиборини билан шунга ҳаракат қилсин. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда бардавом қилиб, зурриётларимиз камолини кўрсатсин.

Азиза РАҲМАТОВА,
Самарқанд тумани бош отинойиси

Мақолалар