Бўрилар овга чиқишганида итга дуч келиб қолишди. Уни емоқчи бўлишди. Шунда ит: “Мени еманглар! Сизларни қўйларга бошлаб бораман”, деди. Шундай қилиб бўрилар итнинг сотқинлиги туфайли икки йилча подага қирон келтиришди. Охири чўпонлар қўйларни бошқа жойга кўчириб, сотқин итни боғлаб ташлаб кетишди.
Овга келган бўрилар ҳеч нарса тополмай, боғлиқ турган итни ейишди. Қоринлари тўйгач: “Ҳарҳолда бу бизга ишлаган эди, суякларини кўмайлик”, дея итнинг суякларини кўмишди. Қабрга бир белги қолдирмоқчи бўлишди. Лекин на дўстлик, на душманликни ифодаловчи бир белги қолдира олишмади. Бири:
– У дўстларимиздан эди, – деди. Бошқаси:
– У соҳибига сотқинлик қилган, бизга дўст бўлолмасди. Ахир шунинг учун ҳам уни еб қўйдик-ку, – деди.
– Унда душманимиз, дейлик.
– У бизга лойиқ душман ҳам эмасди. Чунки ўта қўрқоқ эди. Ҳатто итлик мавқеини ҳам сақлай олмаганди.
Бўрилар шундай дея итнинг қабридан ҳам нафратланишди ва устига ҳожат чиқариб кетишди.
Хулоса шуки, хоиндан ҳатто ҳайвонлар ҳам нафратланади. Энди инсоннинг хоинлиги қандай баҳоланишини тасаввур қилаверинг. Хоинлик – инсон ҳаётида энг оғир гуноҳлардан биридир. Хоинлик фақатгина молу дунёда эмас, балки сўзда, ваъдада, ишончда ҳам бўлади. Хиёнат инсоннинг қалбидаги тозаликни йўқотади, жамиятдаги ишончни издан чиқаради.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳузурида энг ёмон инсон – ишонч қилиб бирор иш топширилган, аммо у хиёнат қилган кишидир» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ҳар бир мусулмон киши билиши керакки, хоинлик нафақат дунёда, балки охиратда ҳам оғир оқибатларга олиб келади. Шу боис, инсон оиласи, жамияти ва эътиқоди олдида доим ҳалол, садоқатли, ишончли бўлиши лозим.
Акбаршоҳ Расулов
* * *
“Албатта, Аллоҳ таоло сизларнинг шифонгизни сизларга ҳаром бўлган нарсада қилган эмас!” (Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривояти).
* * *
“Кишининг оғзига тупроқ солиши ҳаром луқма солишидан яхшироқдир”
(Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти).
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди”(Имом Абу Аъло ривояти).
Дуонинг қабул бўлиши учун иккита сабаб лозим. Биринчиси, ҳалол луқмадир.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, дуоси қабул бўлмаганидан арз қилганида, у зот: “Эй Саъд, ҳаромдан узоқ бўлгин! Чунки кимнинг қорнига ҳаром луқма кирса, унинг дуоси қирқ кунгача ижобат бўлмас”, дедилар.
Яҳё ибн Муоз айтади: “Ибодат Аллоҳ хазиналаридан биридир. Бу хазинанинг калити эса дуодир. Бу калитнинг тишлари эса ҳалол касб ва ҳалол луқмадир”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Айрим кишилар Аллоҳнинг молига ноҳақ шўнғийдилар. Қиёмат кунида уларга дўзах бўлур” (Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтганлар: «Бир киши узоқ сафар қилади, сочи тўзғиб, уст-боши чанг бўлади. Қўлларини осмонга чўзиб: “Эй Раббим, эй Раббим”, дейди. Ҳолбуки, егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳаромдан озиқланган. Бас, унинг дуоси қандай ижобат бўлсин?!» (Имом Муслим ривояти).
Нигора МИРЗАЕВА, тўплади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан