Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Мир Араб олий мадрасаси Маънавият бўлими бошлиғи Мустафо домла Ходжаевнинг оталари вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Мустафо домла Ходжаевга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази халқаро илмий-маърифий мулоқот ва ислом цивилизацияси меросини замонавий нуқтаи назардан ўрганиш учун муҳим майдонга айланмоқда. Бу ҳақда Польша мусулмонлари уюшмаси раиси, муфтий Томаш Мишкевич Марказга ташрифи чоғида таъкидлади.
Муфтий бошчилигидаги делегация ташриф давомида Марказнинг тарих, илм-фан, маданият ва дин билан боғлиқ бой мероси, шунингдек, унинг халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришдаги ўрни билан танишди.
Томаш Мишкевич, Польша мусулмонлари уюшмаси раиси, муфтий:
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тарих, илм-фан, маданият ва дин билан боғлиқ улкан меросни ўзида мужассам этган. У нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами цивилизациясини намоён этади. Марказ фаолияти орқали ислом цивилизациясининг замонавий илмий талқини ва унинг бугунги кун учун аҳамияти очиб берилмоқда.
Бугун Марказ халқаро майдонда, илм-фан ва тарихга бағишланган форумлар, конференциялар ҳамда учрашувлар доирасида муҳим ўрин эгалламоқда. У халқаро илмий мулоқот ва ҳамкорлик учун замонавий майдон яратмоқда. Ушбу Марказнинг ташкил этилгани ва бугун самарали фаолият юритаётгани учун Ўзбекистон Президентига, Ўзбекистон халқига ҳамда бу эзгу ишга ҳисса қўшаётган барча инсонларга миннатдорлик билдираман», — деди Польша муфтийси.
Ташриф якунида Томаш Мишкевич «Фахрий меҳмонлар» китобида ҳам ўз таассуротларини қолдирди. Унда меҳмон Марказнинг диний, маданий ва тарихий аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, шундай ёзди:
«Динимиз — Ислом, шунингдек, маданиятимиз ва тарихимиз учун катта аҳамиятга эга бўлган бундай улуғвор масканга ташриф буюриш мен учун катта шараф ва мамнуният бағишлади».
Шундан сўнг Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбатда Марказнинг халқаро илмий-маърифий майдондаги ўрни ва ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Учрашув якунида меҳмонга эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати