Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Феврал, 2026   |   10 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:43
Қуёш
07:01
Пешин
12:41
Аср
16:27
Шом
18:15
Хуфтон
19:27
Bismillah
27 Феврал, 2026, 10 Рамазон, 1447
Янгиликлар

Муфтий ҳазратнинг мақоласи араб дунёсида кенг тарғиб қилинмоқда

15.04.2025   14914   3 min.
Муфтий ҳазратнинг мақоласи араб дунёсида кенг тарғиб қилинмоқда

Яқинда, аниқроғи 2025 йилнинг февраль ойида  Иордания мамлакатининг пойтахти Уммон шаҳридаги электрон ахборот агентлиги ўзининг араб ва инглиз тилларида фаолият юритадиган "Уммон" номли веб-сайтида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуруддин Холиқназар ҳазратларининг "Ўзбекистондаги буюк мерос: "Катта Лангар Қуръони”нинг қўлёзма тарихи" мавзусидаги илмий мақоласини  нашр қилинган эди.
 

Жорий йилнинг апрель ойида эса ушбу мақолани Исломий ҳамкорлик ташкилотининг расмий босма нашри “OIC Journal” ҳам ўз саҳифасида эълон қилди.


Араб тилида эълон қилинган ушбу мақолада Муфтий ҳазратлари тарихий қўлёзма асар ҳақида маълумот берар экан, унинг ёзилиш тарихи  VIII асрнинг охирларига тўғри келишини таъкидлаган. Бунга асос эса 2000 йилда Гронинген университетининг Изотоп тадқиқиот маркази рус ва голланд олимлари ушбу қўлёзмада эрамизнинг 775-995 йиллари оралиғига оид радиокарбонни анқилаганини келтирган. Бу давр эса араб тили грамматикасининг шаклланиш палласига тўғри келиши айтилган. Демак, бизнинг диёрларимизда илм-фан ва маърифатнинг тарихи жуда қадимий эканлигини бу илмий асослар яна бир бор исботлайди. 


Китобнинг айнан “Катта Лангар Қуръони” деб аталиши ҳақида ҳам аниқликлар киритган муаллиф Қуръони карим узоқ йиллар сақланиб келинган Қашқадарё вилоятидаги “Лангар ота” масканидан олганини таъкидлаган.


Мақола билан танишган ўқувчи унинг турли йилларда турли хил вазиятда сақлангани, қаровсиз қолгани туфайли аксар варақлари йўқолиб кетгани, ҳозирги вақтда қанча саҳифаси қаерда сақланаётгани ҳақида ҳам маълумотларни умумийлаштирганига гувоҳ бўлади. Сўнги йиллардаги қадимий қўлёзмани сақлаш, авайлаб асраш ишлари унга янги ҳаёт бергани таъкидланган. Ўзбекистон Республикаи Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2019-2021 йиллар давомида қўлёзма кенг қамровли реставрациядан ўтказилди. Франциянинг Лувр музейи реставраторлари маҳаллий мутахассислдар билан биргаликда амалга оширган бу нозик жараён асрлар давомида унга етган зарар ва эскиришларни бартараф этган.


Муфтий ҳазратнинг ушбу илмий мақоласи орқали бутун ислом оламига юртимизда тарихий, илмий меросларни сақлаш, илм-фанга эътибор, ислом илмларини ривожлантиришга қаратилган хатти-ҳаракатлар яна бир бор намоён қилиб берилди. “Катта Лангар Қуръони” қўлёзмаси исломшунослик ва маданий меросни асраб-авайлашнинг исботи бўлиб хизмат қилади. Унинг аҳамияти Ўзбекистон чегараларидан чиқиб, инсоният учун маънавий-тарихий хазина бўлиб хизмат қилмоқда.


Қадимдан ислом илмлари бешиги бўлиб келган юртимиз бу каби асарларни ўрганиш ва сақлашда ҳамда кўп асрлик ислом анъаналарини замонавий тадқиқотлар ва уларни асраш усуллари билан боғлаш борасида ҳам дунё халқларига ўрнак бўлаётгани яна бир карра ушбу мақолада очиб берилган.

           

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг ўринбосари

Муфтий ҳазратнинг мақоласи араб дунёсида кенг тарғиб қилинмоқда
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Рўзадорга ифтор қилиб берилса, рўзадор савобича ажрга эришиладими?

12.03.2024   3783   1 min.
Рўзадорга ифтор қилиб берилса, рўзадор савобича ажрга эришиладими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳа, динимизда рўзадорга ифторлик қилиб бериш катта савоб ишлардан. Ҳатто битта хурмо, ё бир қултум сув, ё бир ҳўплам сут билан бўлса ҳам, рўзадорни ифтор қилдириш катта ажрга сабаб бўлади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Ким рўзадорга ифтор қилиб берса, рўзадор савобича савобга эришади. Лекин рўзадорнинг савобидан ҳеч нарса камаймайди” (Имом Термизий ривояти).

Бугунги кунда ифторлик қилиб беришни ният қилганлар муҳтож қариндош ва қўни қўшниларига пул ёки маҳсулот шаклида ифторликни етказиб берсалар, айни муддао бўлади ва мазкур ҳадиси шарифда зикр қилинган савобга эришадилар.

Лекин шуни ҳам таъкидлаш керакки, бу иш қанчалик савоби улуғ бўлмасин, рўзадорга ифторлик қилиб берган кишининг зиммасидан рўзани соқит қилмайди. Чунки Рамазон ойида ҳар бир соғлом мусулмон киши рўза тутишлиги фарздир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: "Сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин", – деб буюрган (Бақара сураси, 185-оят). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

 
Мақолалар