Шу йил 15 апрель куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида намунавий-амалий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигида ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов, туманлар/шаҳарлар бош имом-хатиблари ва отинойилар, шунингдек, «Ҳаж – 2024» зиёратчилари, маҳаллалар раислари иштирок этди.
Дастлаб Бўстонлиқ туманидаги «Хўжакент» жоме масжидида амалга ошириладиган тадбирлар режаси белгилаб олинди.
Сўнгра ҳудудга мевали ва манзарали дарахтлар кўчатлари ўтқазилди.
Шундан сўнг маҳаллаларга чиқилиб, тумандаги ҳар бир маҳаллада муаммоли бештадан оила ўрганилди.
Арзимас сабаблар билан ажрим ёқасига келиб қолган ёш оилалар имомлар, ҳожиларнинг ҳаёт тажрибасидан келиб чиққан гапларидан таъсирланиб, ярашиб олдилар.
Адашиб турли оқимлар таъсирига тушиб қолган фуқароларга ҳам Исломнигн соф таълимоти тушунтирилди.
Пешин намозидан сўнг Дониёр домла Икромов тумандаги «Олимжон ота» масжиди қавмига мавъиза қилиб берди.
Хуллас, бу маърифий тадбир ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олгани билан аҳамиятлидир.
Тадбир сўнгида кун давомида амалга оширилган ишлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Хайрли дуолар билан тадбир ўз ниҳоясига етди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Инсон хилқатан бир неча нарсаларга мубталодир. Ақли қусурли одам бу ҳолни унутиб, кибрланади. Инсон мубтало бўлган нарсалардан бири унинг ҳар куни бир неча бор ҳожатга чиқишга мажбурлигидир.
Динимизда инсон ҳаётининг барча ҳолатларининг, жумладан, таҳорат ушатишнинг ҳам одоб ва ҳукмлари баён этилган. Қандай жойларда таҳорат ушатиб бўлмайди?
Қабристон, йўлларда, дарахтлар ости, ҳовуз, қудуқ, булоқ, ариқ ва дарё қирғоқлари, таҳорат олинадиган жойда; ер ва девор ёриқ-ковакларига, жониворлар инлари, шунингдек, шамолга қараб ҳожат чиқариб бўлмайди.
Халожойга кириш ва покланиш тартиби
Халожойга ҳожат танглиги кучаймасидан аввалроқ бориш лозим. Халога оят, ҳадис, Аллоҳ таолонинг ва пайғамбарларнинг номлари ёзилган нарсаларни олиб кириш мумкин эмас. Уларни ташқарида қолдириш керак. Халога бошяланг кириш макруҳ.
Хало эшигига етгач, “Бисмиллаҳ, Аллоҳим, мени ифлослардан ва озор берувчилардан асра”, дейилади. Ҳожатхонага чап оёқ билан кириб, ўнг оёқ билан чиқилади. Ҳожат жойига етмай, пастки кийим ечилмайди. Халода чап елкани қибла тарафга қилиб, аврат ва ифлос жойларга назар қилмай, оёқлар орасини кенг тутиб ўтирилади.
Ҳожатни тик туриб, узрсиз яланғочланиб (ёпиқ жойда бўлса ҳам), қиблага юзланиб ёки қиблага орқа қилиб чиқариш, ёш болаларни ҳам мазкур ҳолатларда тўсиш таҳримий макруҳдир. Халода ёзиб-чизиш, атрофга аланглаш ва баданни ўйнаш мумкин эмас. Халода фиқҳ ва ўзга илмлар ҳақида фикр юритилмайди, саломга ва азонга жавоб қайтарилмайди. Бурун қоқилмайди. Йўталмасликка, тезроқ бўшанишга ҳаракат қилиш зарур.
Ҳожат ушатилгач, эркаклар турмасларидан, сийдик йўлини орқадан учига қараб сиқишлари керак. Орқа йўл чап қўл билан тоза кесак, тош, қиймати йўқ эски латта ёки эски пахта ёки махсус ҳожат қоғози билан артиб тозаланади.
Истибро нима ва у қандай қилинади?
Истибро – сийдик йўлида бир томчи ҳам қолдирмай тозаланиш бўлиб, эркаклар учун вожиб. Бунинг учун кийимни кўтариб ҳожат ўрнидан тургач, пешоб йўлига кесак тутиб юриш ё силкиниш ё йўталиш керак. Сийдик йўлида ҳеч нарса қолмаганига тўла ишонч ҳосил бўлгач, сув билан тозаланишга ўтилади.
(Давоми кейинги сонда)
Муҳаммад ШАРИФ ЖУМАН
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws