Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Октябр, 2026   |   3 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:15
Қуёш
06:33
Пешин
12:09
Аср
16:00
Шом
17:48
Хуфтон
19:03
Bismillah
14 Октябр, 2026, 3 Жумадул аввал, 1448

Маърифат фидойилари

16.04.2025   13305   5 min.
Маърифат фидойилари

Мамлакатимизда миллий маънавиятимиз, ёшларнинг таълим-тарбиясига катта ҳисса қўшган ижодкор, олиму уламоларнинг хотирасини эъзозлаш доимий эътиборда. Ана шундай ижодкорлардан бири ёзувчи, олим ва жамоат арбоби Садриддин Саидмуродзода Айний эди.
 

Маълумотларга кўра, Садриддин Айний 1878 йили 15 апрелда Бухоро вилояти Ғиждувон туманида туғилган. Ўзбек ва тожик тилида ижод қилган. Тожикистон Фанлар Академияси академиги ва биринчи президенти (1951-54), Ўзбекистон Фанлар Академияси фахрий аъзоси (1943), Тожикистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1940), филология фанлари доктори (1948), профессор (1950).


Айний Бухорода янги усулдаги мактаблар очади. Улар учун ўқув қўлланмалар, оммани илм-маърифатга чақирувчи шеър ва ҳикоялардан иборат «Ёшлар тарбияси» (1909) дарслигини тузади. «Ёш бухороликлар» ҳаракатида фаол қатнашади.1918-21 йилларда тожикча, ўзбекча марш, қўшиқ ва шеърлар яратади. «Бухоро жаллодлари» (1922) повести, «Бухоро манғит амирлигининг тарихи» (1921) асарида Бухоронинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ифодаланган. «Одина», «Қиз бола ёки Холида» (1924), «Тожик адабиётидан намуналар» (1926), «Қул бобо ёки икки озод» (1928) каби қисса, ҳикоя, очерклари муҳим аҳамиятга эга.


Садриддин Айний тожик ва ўзбек адабиётларининг минг йиллик тарихий тараққиётида етишиб чиққан 200 нафардан ортиқ шоир, тарихчи, олим, тазкиранавис ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот беради. Айний 1927-29 йилларда йирик романи «Дохунда»ни тожик тилида нашр эттирди. 1934 йилда эса ўзбек тилида «Қуллар» романини яратди. Унда ўзбек ва тожик халқининг юз йиллик ҳаёти акс этади.


Айнийнинг «Эски мактаб» (1935) асарида эски мактабдаги ўқиш ва ўқитиш ҳақида ҳикоя қилинади. Йигирманчи йилларда эълон қилинган қатор ҳажвий асарлари, «Яна бу қайси гўрдан чиқди», «Пулинг ҳалол бўлса, тўй қил» (1924), «Машраб бобо», «Е, тўним» (1925), «Билганим йўқ», «Кенгаш» (1926) каби ўзбекча фельетонлари, ҳажвий шеър ва мақолалари, айниқса, «Судхўрнинг ўлими» (1939) ҳажвий повести ёзувчининг моҳир сатирик эканлигини кўрсатди.


Муқанна ва Темурмалик бошчилигидаги халқ қўзғолонини акс эттирувчи адабий-тарихий очерклар ёзди. У тўрт қисмдан иборат «Эсдаликлар»ида (1949-54) Бухоронинг ўтмиш ҳаёти ва ўша давр ижтимоий-маданий муҳитини ёритади. Садриддин Айний адабиётшунос, тилшунос, шарқшунос олим сифатида «Фирдавсий ва унинг «Шоҳнома»си ҳақида» (1934), «Камол Хўжандий», «Шайхурраис Абу Али ибн Сино» (1939), «Устод Рудакий» (1940), «Шайх Муслиҳиддин Саъдий Шерозий» (1942), «Алишер Навоий» (1948), «Зайниддин Восифий» (унинг «Бадое ул-вақое» асари ҳақида»), «Мирза Абдулқодир Бедил», Муқимий, Ғафур Ғулом ва Саид Назар ҳақидаги асарлари ўзбек ва тожик адабиётшунослиги ва танқидчилигида, «Форс ва тожик тиллари ҳақида», «Тожик тили» каби илмий ишлари тожик тилшунослигида муҳим воқеа бўлди. 


Айнийнинг «Дохунда», «Қуллар», «Судхўрнинг ўлими» ва «Эсдаликлар» асарлари хорижий тилларга таржима қилинган. Ўзбекистон ва Тожикистон Республикаларидаги бир қатор шаҳар, туманлар, қишлоқлар, кўчалар, мактаблар, кутубхоналар, санъат ва маданият муассасаларига Айний номи берилган. Самарқандда Айний ёдгорлик уй-музейи очилган (1967).

***

Миллатимиз, маънавиятимиз ҳақида жон куйдирган яна бир фидойи шахс, олим Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1952 йил 15 апрель куни Андижон вилоятида туғилган.


Маълумотларга кўра, ҳазрат Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасаси, Тошкент ислом институти, Ливия ислом университети каби нуфузли ислом дорулфунунларида таҳсил олган.

Кўп йиллар давомида Тошкент ислом институти, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасида самарали фаолият юритган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф сўнгги йилларда ислом маърифатига бағишланган ижодий ишлар билан шуғулланган. “Имон”, “Ихтилофлар ҳақида”, “Дин насиҳатдир”, “Сунний ақийдалар”, “Ҳадис ва ҳаёт”, “Тафсири ҳилол”, “Олтин силсила” ҳадислар тўплами каби 120 га яқин китобларнинг муаллифи эди. Мазкур асарларнинг аксарияти жаҳон халқларининг турли тилларига таржима қилиниб, нашр этилган. Ушбу асарлар ислом динининг инсонпарвар ва маърифатли ғояларини тўғри тушунтиришда алоҳида аҳамият касб этади. Бу китоблар одамларни ҳидоятга чорлаши, диннинг моҳиятини тўғри етказишда, ижтимоий одобларнинг мазмунини тушунтиришда, ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясида ғоят муҳимдир.


Эътиборга молик жиҳати, ҳазрат наинки халқимиз, балки жаҳон миқёсида эътироф этилган ва тан олинган сиймолардан эди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қатор халқаро ислом ташкилотлари, жумладан, Макка шаҳридаги Ислом олами уюшмасининг таъсис мажлиси, Дунё тасаввуф уюшмаси, Дунё мусулмонлар уламолари кенгаши, Исломобод шаҳридаги Бутундунё ислом уюшмаси, Дунё масжидлари уюшмаси ва бошқа нуфузли халқаро маърифий ташкилотларнинг фахрий аъзоси эди.

Н.Усмонова тайёрлади, ЎзА

Бошқа мақолалар

Польша муфтийси эътирофи: Ўзбекистон ислом цивилизациясининг илмий ва маданий меросини дунёга намоён этмоқда

14.10.2026   24869   1 min.
Польша муфтийси эътирофи: Ўзбекистон ислом цивилизациясининг илмий ва маданий меросини дунёга намоён этмоқда

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази халқаро илмий-маърифий мулоқот ва ислом цивилизацияси меросини замонавий нуқтаи назардан ўрганиш учун муҳим майдонга айланмоқда. Бу ҳақда Польша мусулмонлари уюшмаси раиси, муфтий Томаш Мишкевич Марказга ташрифи чоғида таъкидлади.

Муфтий бошчилигидаги делегация ташриф давомида Марказнинг тарих, илм-фан, маданият ва дин билан боғлиқ бой мероси, шунингдек, унинг халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришдаги ўрни билан танишди.

Томаш Мишкевич, Польша мусулмонлари уюшмаси раиси, муфтий:

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тарих, илм-фан, маданият ва дин билан боғлиқ улкан меросни ўзида мужассам этган. У нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами цивилизациясини намоён этади. Марказ фаолияти орқали ислом цивилизациясининг замонавий илмий талқини ва унинг бугунги кун учун аҳамияти очиб берилмоқда.

Бугун Марказ халқаро майдонда, илм-фан ва тарихга бағишланган форумлар, конференциялар ҳамда учрашувлар доирасида муҳим ўрин эгалламоқда. У халқаро илмий мулоқот ва ҳамкорлик учун замонавий майдон яратмоқда. Ушбу Марказнинг ташкил этилгани ва бугун самарали фаолият юритаётгани учун Ўзбекистон Президентига, Ўзбекистон халқига ҳамда бу эзгу ишга ҳисса қўшаётган барча инсонларга миннатдорлик билдираман», — деди Польша муфтийси.

Ташриф якунида Томаш Мишкевич «Фахрий меҳмонлар» китобида ҳам ўз таассуротларини қолдирди. Унда меҳмон Марказнинг диний, маданий ва тарихий аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, шундай ёзди:

«Динимиз — Ислом, шунингдек, маданиятимиз ва тарихимиз учун катта аҳамиятга эга бўлган бундай улуғвор масканга ташриф буюриш мен учун катта шараф ва мамнуният бағишлади».

Шундан сўнг Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбатда Марказнинг халқаро илмий-маърифий майдондаги ўрни ва ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Учрашув якунида меҳмонга эсдалик совғалари топширилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати