Тараққиётимизнинг янги босқичида жонажон юртимиз нурафшон бўлди. Бу олий неъмат заминимизни, оиламизни, ҳаётимизни нурга тўлдирди. Бундай бахт-саодатнинг давомли бўлишини чин дилдан тилаймиз. Дилимизда ҳам, қалбимизда ҳам шукрона келтирамиз. Шундай улкан моддий ва маънавий бойликни қадрлай билиш, Ватан сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, юрт шаъни ва ор-номусини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш шу заминда яшаётган ҳар бир имонли, эътиқодли ва ихлосли фарзанднинг муқаддас бурчи эканлигини дилдан хис қиламиз.
Тинчликни сақлаш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, юртимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашда миллий армиямиз алоҳида аҳамиятга эга. Юртбошимиз раҳбарлиги остида мамлакатимизда тезкор ва ихчам, замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланган, жангавор тайёргарликка эга миллий армиямизни барчамиз учун шон-шуҳрат деб биламиз.
Юртимизда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунидир. Бу байрамни тинчлик хотиржамлик ва осойишталик посбонлари байрами сифатида нишонлаш юртимизда анъанага айланган. Байрамни кенг нишонланиши замирида теран маъно мужассам. Зеро, она юртда тинчлик ва осойишталик барқарор, сарҳадларимиз мустаҳкам экан, халқимиз кўнглига шоду хуррамлик сиғади, тоат-ибодатлар омонликда адо этилади, байрамлар ярашади, ҳаётимизнинг ободлиги давом этади.
Таъкидлаш жоизки, осуда ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз, азиз болажонларимизнинг қувноқ кулгиси, ота-оналаримизнинг фаровон умр кечириши юртимиздаги барқарорлик – тинчлик туфайлидир. Тинчликнинг қадрига етиб яшаш керак. Шу азиз Ватан барчамизники экан, уни асраб-авайлаб ҳам барчамизнинг чин фарзандлик бурчимиздир. Дарҳақиқат, тинчлигимиз, осойишталигимиз, баракали меҳнат қилишимиз, фарзандларимиз ўсиб-улғайишлари, комил инсон бўлиб етишишларида, шубҳасиз Ватан ҳимоячиларининг ўрни, шижоати ва жанговор руҳи беқиёсдир. Юрагида Ватан ва халқ муҳаббати мустаҳкам жой олган, шижоатли ўғлонлар юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқламоқдалар. Уларнинг бу бедорликлари нақадар савобли иш экани ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом; “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири бу – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини”, – деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Шунингдек, Ватан химоясида фақат харбий кишилар эмас, балки шу заминда яшаётган барча фукаролар- укитувчи ёки шифокор буладими, тадбиркор ёхуд хизматчи буладими, қаерда бўлмасин уз ватанини химоя килиш керак. Химоя килиш деганда факат қурол билан эмас, керак бўлса сўз билан, Ғанимларга раддия бериш билан ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши кураш йуллари билан инсон уз юртини, миллатини,халқини химоя қилиши зарур! Бу хам иймоний бурчга киради.
Аммо, ватан ҳимоячиси бўлиш янада шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз корачиғидек асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-этиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидоий бўлган киши юксак мақомга етиши, улкан ажрларга эга бўлиши ҳақида башоратлар мавжуд. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтганлар: “Молини, жонини, динини ва ахлу аёлини химоя қилиш йулида халок бўлган киши шахидлик мақомини топур”. Бошқа бир ҳадисда эса бундай деб марҳамат қилинган: “Кимки Аллоҳ таоло йўлида бир ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қилган савоби ёзилади. Кимки сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам ҳудди шундай ажру савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда булади”.
Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ору номусини, имонини ўртага қўйиб, Ватанини ҳимоя қилганликларини тарих варақларида зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилган. Ватан озодлиги йўлида қўлида тиғ ва туғ ила жон берган хазрат Шайх Нажмиддин Кубро, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Заҳириддин Муҳаммад Бобур Мирзоларнинг ибратли ҳаётлари беихтиёр кўз олдимизга келиши бежиз эмас.
Айни шундай халқимизнинг ҳозирги кундаги ватанпарварлари деб Ватан ҳимоячиларини айтиш мумкин. Уларнинг хизмати, шижоати ва жанговор руҳи беқиёсдир. Юрагида Ватан ва халқ муҳаббати маҳкам жой олган шижоатли ўғлонлар юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқламоқдалар. Тинчлик-осойишталигимизни бор куч-қувватлари билан асраб авайламоқдалар. Биз ҳам уларнинг хайрли фаолиятларида ғайрат, шижоат, оилавий бахт-саодат тилаймиз.
Мусохон АББАСИДДИНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.
Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.
Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати