Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Октябр, 2026   |   28 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:10
Қуёш
06:28
Пешин
12:10
Аср
16:08
Шом
17:56
Хуфтон
19:10
Bismillah
09 Октябр, 2026, 28 Рабиъус сони, 1448

Найсон ёмғири ҳақида ҳадис борми?

23.04.2025   16958   2 min.
Найсон ёмғири ҳақида ҳадис борми?

Савол: Телеграм ижтимоий тармоғида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Жаброил алайҳиссалом менга ўргатди. Сизларга уни айтиб бераман, ким найсон (апрель) ойида ёмғир ёққанда сувидан олиб, 70 мартадан фотиҳа, оятал курси, фалақ, нас, кафирун, сураларини ўқиб дам солиб ичса эркак ва аёл бепушт бўлса фарзанд кўради, фалаж бўлмайди, танадаги бор касалликлар тузалади", мазмунли хабар тарқалди. Ҳақиқатан ҳам шу маънодаги ҳадис борми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мазкур ривоятни ҳадис деб айтиш катта гуноҳ ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш ҳисобланади. Бирорта ҳам эътиборли ва ишончли ҳадис китобларида бундай мазмундаги ҳадис келган эмас. Айрим уламолар уни ҳадис тўқиш билан шуғулланадиганларнинг тўқимаси эканлигини таъкидлаб ўтишган. Шунинг учун ҳар қандай маълумотларни, хусусан, динга оид маълумотларни тўғри ёки нотўғрилигини аниқламасдан туриб тарқатишдан жуда ҳам эҳтиёт бўлиш лозим. Бундай ишлар ёлғонга хизмат қилиш ва бошқаларни алдаш ҳисобланади. Қолаверса, бу ёлғон оддий ёлғонлар каби шунчаки ҳаром бўлиб қолмай, жаҳаннам билан таҳдид қилинган гуноҳлар сирасига киритилгани ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:


عَنْ سَعِيدِ بْنِ زَيْدٍ رَضِيَ اللَّه عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: "إِنَّ كَذِبًا عَلَيَّ لَيْسَ كَكَذِبٍ عَلَى أَحَدٍ ، مَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ" (رَوَاهُ الإِمَامُ البُخَارِيُّ)

“Менинг номимдан (айтилган) уйдирилган ёлғон сўз бошқа бир киши номидан уйдирилган ёлғон каби эмасдир. Кимки менинг номимдан қасддан ёлғон сўз тўқиса, жаҳаннамдаги жойига тайёргарлик кўрсин!” (Имом Бухорий ривояти).

Ўрни келганда шуни ҳам таъкидлаш керакки, шу мавсумда, яъни, апрель ойида ёғадиган ёмғирнинг фойдалари тиббий жиҳатдан исботланган бўлса, соҳа мутахассисларининг кўрсатмаси бўйича истеъмол қилиш хато ёки гуноҳ ҳисобланмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Имом Термизий мероси халқаро миқёсда ўрганилмоқда

09.10.2026   7148   1 min.
Имом Термизий мероси халқаро миқёсда ўрганилмоқда

Бугун Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Қоҳирадаги Ал-Азҳар университети, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳамда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ҳамкорлигида онлайн илмий семинар ўтказилди.

“Имом Термизий мероси: меросни қабул қилиш ва ўрганиш анъаналари ҳамда ундан замонавий фойдаланиш истиқболлари” мавзусида ташкил этилган тадбирда Имом Термизийнинг илмий меросини чуқур ўрганиш, унинг ҳадис илми ривожидаги ўрни, аллома асарларининг кейинги авлодлар томонидан қабул қилиниши ва тадқиқ этилиши билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Семинарда Қоҳирадаги Ал-Азҳар университети Исломий даъват факультетининг исломий даъват ва маданият йўналиши доценти, профессор доктор Одил Абдуллоҳ Ҳиндий маъруза қилди. Унда Имом Термизийнинг илмий мероси, хусусан, алломанинг ҳадис илми тараққиётига қўшган ҳиссаси, асарларининг илмий аҳамияти ва уларни замонавий тадқиқотлар асосида ўрганишнинг долзарб жиҳатларига тўхталди.

Шунингдек, буюк муҳаддис меросини халқаро миқёсда тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, илмий манбалардан замонавий таълим ва тадқиқот жараёнларида самарали фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Имом Термизий меросини ўрганишга қаратилган бундай илмий мулоқотлар аллома илмий меросининг халқаро миқёсда янада кенг тадқиқ этилишига хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари