Зуҳд – дунёга бемайл, беҳавас бўлишлик, нафсини тийишлик, тақводорлик демакдир. Шундай экан ўз-ўзидан савол туғилади: бадавлат одам ҳам зоҳид бўладими?
Суфёни Саврий раҳимаҳуллоҳ ҳазратларидан: “Бадавлат одам ҳам зоҳид бўладими?” деб сўралганида, у зот: “Ҳа! Агар мол-дунёси кўпайганида шукр қилса, камайганида ҳам шукр, ҳам сабр қилса”, деб жавоб берган эканлар.
Алий розияллоҳу анҳу: “Агарда бир киши ер юзидаги ҳамма нарсани қўлга киритиб, у орқали Аллоҳнинг ризосини кўзласа, демак, у зоҳиддир! Агар у ҳамма нарсани ташласа-ю, бундан Аллоҳнинг розилигини мақсад қилмаса, демак, у зоҳид эмасдир”, деганлар.
Подшоҳ зоҳиднинг олдига бориб: “Сенинг ўта зоҳидлигингни билиб, олдингга келдим”, дебди. Зоҳид эса: “Ўзимдан-да зуҳдда маҳкамроқ кишига йўллаб қўяйми сени?” дебди. “Майли”, дебди подшоҳ. Зоҳид эса: “Бу сенсан... Чунки мен бу ўткинчи дунёдан юз ўгирдим. Сен бўлсанг боқий жаннатга орқа ўгиргансан (яъни, ҳақиқий юз ўгирувчи сенсан)”, дебди.
Мол-дунёни кўпайтириш ёки вақтинчалик лаззат учун абадий жаннатдан воз кечиш мумкинми?!
Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: “Албатта, намозим, ибодатим ва ҳаёту мамотим оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир”»[1].
Халифа Ҳишом ибн Абдулмалик Солим ибн Абдуллоҳни каъбанинг олдида кўриб: “Мендан бирорта ҳожатингизни сўранг”, деди.
У зот жавобан: “Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳнинг уйида туриб Аллоҳдан бошқадан сўрашдан ҳаё қиламан”, деди. Байтуллоҳдан чиққанидан сўнг Ҳишом ибн Абдулмалик: “Аллоҳнинг уйидан ҳам чиқдингиз, энди сўранг!” – деди. “Дунё ҳожатлариданми ёки охиратми?” – деди Ибн Абдуллоҳ. Ҳишом ибн Абдулмалик: “Дунё ҳожатларидан”, деди. Шунда Ибн Абдуллоҳ: “Дунёга молик бўлган Зотдан сўрамадим-у, қандай қилиб эгаси бўлмагандан сўрайман”, деган экан.
Бир солиҳ зотга: “Дунёдан юз ўгириб, гўшт, тухум ва лаззатли таомларни тарк этган киши ҳақида нима дейсиз?” – деб савол беришди. У: “Зуҳд билан лаззатли нарсалардан воз кечишнинг бир-бирига нима алоқаси бор?! Хоҳлаган нарсасини еяверсин ва Аллоҳга ҳақиқий тақво қилсин”, деди.
Агар ҳаромдан ҳазар қилиб, ҳалолдан есангиз, Аллоҳ буни ёмон кўрмайди. Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан четланиб, лаззатли нарсаларни еяётган бўлсангиз, бунинг ҳам кароҳиятли жойи йўқ.
Ота-онангизга яхшилик қилаяпсизми?!
Яқин қариндошларингиз, қўни-қўшниларингиз билан муносабатларингиз қандай?!
Қийналганларга ёрдам беряпсизми?!
Аччиғингиз чиққанда ғазабингизни енга олаяпсизми?!
Сизга ёмонлик қилганларга ҳам яхшилик қилиш қўлингиздан келяптими?!
Камига сабр қилиб, кўпига шукр қиляпсизми?!
Мана шу саволларга тўлиқ жавоб бера олсангиз, билингизки сиз Аллоҳнинг розилигига эришасиз.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Анъом сураси, 162-оят.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази халқаро илмий-маърифий мулоқот ва ислом цивилизацияси меросини замонавий нуқтаи назардан ўрганиш учун муҳим майдонга айланмоқда. Бу ҳақда Польша мусулмонлари уюшмаси раиси, муфтий Томаш Мишкевич Марказга ташрифи чоғида таъкидлади.
Муфтий бошчилигидаги делегация ташриф давомида Марказнинг тарих, илм-фан, маданият ва дин билан боғлиқ бой мероси, шунингдек, унинг халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришдаги ўрни билан танишди.
Томаш Мишкевич, Польша мусулмонлари уюшмаси раиси, муфтий:
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тарих, илм-фан, маданият ва дин билан боғлиқ улкан меросни ўзида мужассам этган. У нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами цивилизациясини намоён этади. Марказ фаолияти орқали ислом цивилизациясининг замонавий илмий талқини ва унинг бугунги кун учун аҳамияти очиб берилмоқда.
Бугун Марказ халқаро майдонда, илм-фан ва тарихга бағишланган форумлар, конференциялар ҳамда учрашувлар доирасида муҳим ўрин эгалламоқда. У халқаро илмий мулоқот ва ҳамкорлик учун замонавий майдон яратмоқда. Ушбу Марказнинг ташкил этилгани ва бугун самарали фаолият юритаётгани учун Ўзбекистон Президентига, Ўзбекистон халқига ҳамда бу эзгу ишга ҳисса қўшаётган барча инсонларга миннатдорлик билдираман», — деди Польша муфтийси.
Ташриф якунида Томаш Мишкевич «Фахрий меҳмонлар» китобида ҳам ўз таассуротларини қолдирди. Унда меҳмон Марказнинг диний, маданий ва тарихий аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, шундай ёзди:
«Динимиз — Ислом, шунингдек, маданиятимиз ва тарихимиз учун катта аҳамиятга эга бўлган бундай улуғвор масканга ташриф буюриш мен учун катта шараф ва мамнуният бағишлади».
Шундан сўнг Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбатда Марказнинг халқаро илмий-маърифий майдондаги ўрни ва ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Учрашув якунида меҳмонга эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати