Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида буюк тарихий ва маданий меросларимизни ўрганиш, асраш ва тарғиб этиш йўлида яна бир муҳим қадам ташланмоқда. Дунёда энг қадимги нусхаларидан бири ҳисобланган Усмон Мусҳафи тарихи ҳақида илк бор илмий-оммабоп китоб тайёрланмоқда.
Мазкур китобда Қуръони Каримнинг энг қадимий нусхаларидан бири саналмиш, 7 асрда кўчирилган ва ҳозирги кунда Ўзбекистонда сақланаётган Усмон Мусҳафининг келиб чиқиши, тарихий йўли, палеографик хусусиятлари, диний ва маданий аҳамияти кенг ёритилади. Китоб нашр этилгач Ислом цивилизацияси маркази экспозицияси таркибига киритилади ва ташриф буюрувчиларга ушбу ноёб Қуръон қўлёзмаси ҳақида батафсил маълумот бериш имконини яратади.
Лойиҳанинг асосий мақсади – Ўзбекистон ҳудудида сақланаётган бу нодир тарихий манба орқали ислом илм-фанининг юксак савиясини, мусулмон дунёсининг илк даврлардаги ёзув маданияти ва Қуръонни кўчириш анъаналарини кенг жамоатчиликка танитишдан иборат.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича меҳр-оқибат, оқибат ва хайр-саховат марафонлари янгича суръат ва кенг ёйилмоқда. Инсон қадрини улуғлашни бош мақсад қилган ушбу эзгу ташаббуслар юртимиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, ёлғиз ва боқувчисини йўқотган фарзандларимизга меҳр улашишга қаратилган.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон бўлими томонидан "Имом эшон Муҳаммад" жоме масжидида ёлғиз ва боқувчисини йўқотган фарзандларимиз учун мактаб формаси ва ўқув қуролларини бериш тадбири ўтказилди.
Кўнгилларга умид, юракларга қувонч таратган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Алишер Алланиязов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳрамаддин домла Разов ва "Вақф" хайрия жамоат фонди раиси А.Жоловшиевлар иштирок этиб, 35 болага мактаб формалари ва байрам совғаларини тантанали тарзда топширди.
Бундай ғамхўрлик тадбири фарзандларимизнинг кўзларида қувонч учқунини ёқиб, кўнгилларида чексиз фахр туйғусини уйғотди.
"Инсон қадри улуғланган, меҳр-оқибат устувор бўлган юртда доимо тараққиёт ва барака бўлади."
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти