Мусулмон биродарингиз қилган хатосини тан олиб, сиздан узр сўраб келса, самимий узр сўраётганига аломатлар бор бўла туриб, унинг узрини қабул қилмаслигингиз таҳримий макруҳ бўлади. Чунки бу вазиятни ўзининг фойдасига суистеъмол қилиш ва биродардан ёмон гумон қилиш бўлади.
Ибн Жавдон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким мусулмон биродаридан узр сўраса-ю, аммо у қабул қилмаса, унга (ноҳақ) ўлпон йиғувчининг гуноҳи каби гуноҳ бўлади", деганлар.
Хоразм вилояти сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Урганч шаҳридаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида бўлиб, устоз ва талабалар билан учрашув ўтказдилар.
Мулоқотда Муфтий ҳазратлари сўнгги йилларда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотларга тўхталиб ўтдилар. Жумладан, диний таълим сифатини тубдан такомиллаштирилгани, янги диний таълим муассасаларининг ташкил этилгани, Тошкент ислом институтида магистратура йўлга қўйилгани, тизимдаги 50 дан ортиқ педагог-ўқитувчиларнинг илмий даражаларга (PhD ва DSc) эга бўлгани, шунингдек, етакчи хорижий олийгоҳлар билан ҳамкорлик алоқалари кенгаяётгани алоҳида эътироф этилди.
Шундан сўнг Муфтий ҳазратлари илм олиш фазилати, вақтнинг ғаниматлиги, дин ва Ватан ривожига муносиб ҳисса қўшиш ҳамда соҳага садоқат масалаларида талаба-ёшларга гўзал ваъз-насиҳатлар қилдилар. Энг қувонарлиси, бир гуруҳ фаол, илмга чанқоқ ва қори бўлган иқтидорли талабаларнинг шартнома пуллари тўлаб берилиши маълум қилиниб, уларга эсдалик совғалари тақдим этилди.
Тадбир якунида Муфтий ҳазратлари томонидан диний таълим тизимини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси ва кўплаб малакали шогирдлар етиштиргани учун 30 йилдан зиёд тажрибага эга бўлган мадраса мудири Давронбек домла Абдуқодировга “Ҳаж – 2027” йўлланмаси тантанали равишда топширилди.
Мадрасадаги талабаларга яратилган шарт-шароитлар ва янги барпо этилаётган талабалар турар жойи билан яқиндан танишилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати