Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Май, 2025   |   22 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:23
Қуёш
05:00
Пешин
12:25
Аср
17:27
Шом
19:43
Хуфтон
21:14
Bismillah
20 Май, 2025, 22 Зулқаъда, 1446
Янгиликлар

Ҳуқуқий саводхонлик соати

06.05.2025   9364   1 min.
Ҳуқуқий саводхонлик соати

Бугун, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллигида вилоят бош имом-хатиби Мусохон домла Аббосиддинов раҳбарликларида вилоят Адлия бошқармаси билан ҳамкорликда вилоятда фаолият кўрсатаётган масжидлар мутаваллилари учун йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда вилоят Адлия бошқармаси мутахассиси З.Ахмедходжаева, Янги Наманган тумани кадастр бўлими бошлиғи О.Усманов, нотариус А.Артиқовлар иштирок этдилар. 

Унда нотиқлар томонидан мутавалли масжид имом-хатибининг хўжалик ишлари бўйича ёрдамчиси, масжидларнинг иқтисодий фаолиятини яхшилаш, ходимларнинг ойлик иш хақи билан таъминлаш,  қурилиш-таъмирлаш ишларини белгиланган тартиб ва меъёрларга риоя қилган ҳолда амалга ошириш, масжид мулкини иқтисод қилиш мақсадида гелеоколлекторлар ўрнатиш, мавжуд қозонхоналарни хавфсиз ҳудудларга олиб чиқиш, иш юритиш номенклатурасига, ички меҳнат тартиб қоидаларига ва муомала маданиятига риоя қилиш, масжидларнинг тозалик ва ободонлаштириш ишларига масъул эканини айтиб ўтилди.

Масжидларнинг таъсис хужжатлари, иш ҳақларини меъёрлаштириш, янги ходим ишга қабул қилинганда Адлия бошқармасини онлайн хабардор қилиш, масжидлардаги мавжуд “текширишларни рўйхатга олиш китоби”ни юритиш тартиби юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.

Йиғилиш давомида масжидларнинг қўшимча ер майдонларини қонунийлаштириш, кадастр ҳужжатини расмийлаштириш тартиб-қоидалари ва ҳуқуқий оқибатлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. 

Йиғилиш давомида  қатнашчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига  мутахассислар томонидан батафсил жавоблар олдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Ҳуқуқий саводхонлик соати Ҳуқуқий саводхонлик соати Ҳуқуқий саводхонлик соати Ҳуқуқий саводхонлик соати Ҳуқуқий саводхонлик соати Ҳуқуқий саводхонлик соати Ҳуқуқий саводхонлик соати Ҳуқуқий саводхонлик соати Ҳуқуқий саводхонлик соати
МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Умайма бинти Халаф - сабр ва иймон тимсоли

16.05.2025   5701   3 min.
Умайма бинти Халаф - сабр ва иймон тимсоли

Ислом даъвати Маккада бошланган даврларда, Умайма бинти Халаф ибн Асъад ибн Оъмир ибн Баёзаъ ал-Хузоийя — иймон нурини қалбида туйган илк аёллардан бири эди. Унинг қалби иймонга очиқ, ҳақиқатни эътироф қилишга тайёр эди. Турмуш ўртоғи – Холид ибн Саид ибн Ос бир кеча ажиб туш кўради: ўзини улкан ва даҳшатли олов четида турганини, отаси уни ўша оловга ташлаётганини кўради, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уни ушлаб, оловдан қутқараётган экан.

Уйғониб, бу тушни Абу Бакр розияллоҳу анҳуга айтди. У киши унга: “Бу яхшиликнинг аломати. Сен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргаш, у сени жаҳаннамдан қутқаради”, дедилар. Холид шунда Исломни қабул қилди ва бу ҳақда рафиқаси Умаймага айтди. У ҳам, ҳеч иккилланмасдан, Исломни қабул қилди. Шу тариқа улар биринчи мусулмон жуфтликлардан бирига айланди.

Холиднинг отаси унинг мусулмон бўлганини эшитгач, жаҳл қилиб, уни чақиртирди. Уни ҳақоратлади, калтаклади ва уйдан ҳайдади. “Мен сени таом билан таъминламайман!” деди. Холид эса қатъият билан: “Агар сиз бермасангиз, Роббим менга ризқ беради” – деб жавоб берди. Шу заҳоти уйдан ҳайдалди ва бориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнида бўлди.

Умайма турмуш ўртоғига содиқлик билан ёрдамчи бўлди. У зулм, қийинчилик ва камбағалликка сабр қилди. Сабр ва имон унинг қалбида мустаҳкам илдиз отган эди.

Ниҳоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга Ҳабашистонга ҳижрат қилишни буюрганларида, Холид ва Умайма илк ҳижрат қилганлардан бўлишди. Улар Ҳабашистонда фарзандли ҳам бўлишди: ўғиллари – Саид ибн Холид ва қизлари – Умма бинти Холид. Қизи кейинчалик “Умму Холид” номи билан машҳур бўлди.

Улар Ҳабашистонда ўн йилдан зиёд вақт мусофирликда яшашди. Кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Амр ибн Умайяни юбориб, уларни икки кема билан қайтардилар. Улар Мадинага қайтиб келганида, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Хайбарни фатҳ қилган эдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар билан учрашиб, ажиб шодлик ва таскинга эришдилар.

Холид ибн Саид Умар ибн Хаттоб халифалиги даврида ҳаёт кечирди ва у “Марж ас-Сафар” жангида, ҳижрий 14 санада шаҳид бўлди. Бу хабарни эшитган Умайма онамиз бу мусибатига сабр қилди, юраги оғриқда бўлса ҳам, имони билан тасалли топди. Чунки, Холидни ўлдирган одам кейин Исломни қабул қилиб: “Бу ким эди?. Ундан осмонга чиқаётган нурни кўрдим!” - деган эди.

Умайма бинти Халаф – сабрли, муҳожир, мўмин аёлнинг юксак намунасидир. У умр йўлдошини ислом динида қўллаб-қувватлади, ҳаётининг қувонч ва ташвишли лаҳзаларини бирга ўтказди ва ислом тарихида буюк из қолдирди.

 

Илёсхон АҲМЕДОВ
тайёрлади.

Мазкур мақола Абу Малик Муҳаммад бин Ҳомид бин Абдулваҳҳобнинг
“Солиҳа аёллар ҳақида 150 қисса” номли асаридан таржима қилинди.

Мақолалар