Кеча, 6 май куни Бухоро шаҳридаги Мир Араб олий мадрасасида “Йилнинг энг яхши ислом тарихи ўқитувчиси” мусобақаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, вилоят бош имом-хатиби, Мир Араб олий мадрасаси ректори Жобир домла Элов, ҳайъат аъзолари, таълим муассасалари раҳбарлари, педагог-ўқитувчилар иштирок этди.
Мусобақа давомида иштирокчилар 4 та шарт бўйича баҳс олиб борди. Уларнинг чиқишини малакали ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.
Якуний натижаларга кўра қуйидагилар ғолиб деб топилди:
1-ўрин: “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Муҳаммадяҳёхон Маҳмудов 1-даражали диплом, “Ҳаж” сафари йўлланмаси ва смарт телевизор билан мукофотланди.
2-ўрин: Тошкент ислом институти ўқитувчиси Халилуллоҳ Юсупов, 2-даражали диплом, “Умра” сафари йўлланмаси ва смарт телевизор билан тақдирланди.
3-ўрин: Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси Санжар Бердиевга 3-даражали диплом ва замонавий музлатгич тақдим этилди.
Танловнинг қолган 10 нафар иштирокчисига фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Айтиш жоизки, ушбу танлов Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари педагог-ўқитувчилари ўртасида ҳар йили ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.
- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.
Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.
Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати