Аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш – одамийликнинг олий мезони ва халқимизга хос азалий қадрият эканлигининг далолатидир.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида хизмат қилиб, нафақага чиққан бир гуруҳ фахрийлар ҳолидан хабар олинди.
Зиёрат давомида Диний идора тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, ёшларга ибрат бўлган устозлар уйларига борилиб, уларга эҳтиром билдирилди. Ҳадялар улашилди.
Шу билан бирга, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Абдурашид қори Баҳромов, Усмонхон домла Алимов, Абдураззоқ ҳожи Юнусов, Анвар қори Турсунов каби марҳум улуғларимизнинг хонадонларига борилиб, оила аҳллари ҳолидан хабар олинди.
Шунингдек, бундай тадбирлар жойлардаги вакилликлар томонидан ҳам амалга оширилиб, ҳеч ким эътибордан четда қолмади. Бундай тадбирлар орқали Ислом динида ўтганлар хотирасига эҳтиром, тирикларни қадрлаш, устозлар ўгитларидан баҳраманд бўлиш каби хайрли анъаналар бардавом бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
ОЛТИН БEЗАКЛАР
Биринчи безак: Фиръавнга қарши чиққан аёл
Мозий қолди ортингда, келажак мавҳум,
Вақтинг қадрин бил, бўлма ундан ҳам маҳрум.
Шариатни яхши ўрганиб Қуръон ва ҳадисларга назар солсангиз Аллоҳ таоло солиҳа ва мўмина аёлни мақтаганини кўришингиз мумкин. У зот айтади:
Аллоҳ таоло Осиё онамизни мўмин ва мўминаларга қандай жонли мисол қилганини ўйлаб кўринг. Аллоҳ таоло у зотни Ўзининг тўғри йўлида юришни истаган барча инсонларга рамз ва белги қилиб қўйди. У жуда ақлли аёл эди. Шунинг учун ҳам Роббисига яқин бўлишни сўради. Туғёнга кетган, кофир ва гуноҳкор Фиръавннинг итоатидан чиқди. Қасрда хизматчилар, ҳашамат ва зеб-зийнатлар ичида яшашдан бош тортриб, мўминларга ваъда қилинган, остидан анҳорлар оқиб турадиган гўзал ва боқий жаннатни танлади.
У жуда улуғ аёл эди. Шунинг учун ҳам унинг ғайрати ва ростгўйлиги уни ўзининг туғёнга кетган ва золим эрига ҳақиқатни айтишга ундади. Уни Аллоҳга иймон келтиргани учун азоблашди ва охир-оқибат шу йўлда вафот этди. Лекин Аллоҳ уни то қиёматга қадар ҳар бир мўмин ва мўминага гўзал намуна қилиб қўйди, Ўз Китобида унинг номини айтиб мадҳ этди ва унинг амалига тасанно айтди. Аллоҳнинг йўлидан адашиб кетган эрини эса мазаммат қилди.
Шуъласи: Бўрон ичида бўлсанг ҳам яхшилик умидида бўл.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан