Бугун, 13 май куни муборак ҳаж сафарини ният қилган ҳожиларимизнинг дастлабки гуруҳи муқаддас замин томон йўлга чиқишди.
Бўлғуси ҳожиларни кузатиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, шунингдек, таниқли уламолар, имом-домлалар, мутасаддилар ва ОАВ вакиллари Тошкент халқаро аэропортида жам бўлишди.
Муборак сафар олди Муфтий ҳазратлари Аллоҳ таолонинг байти сари йўл олаётган зиёратчилар эсон-омон Ҳаж амалларини бажариб, юртимизга соғ-саломат қайтиб келишларини сўраб хайрли дуолар қилдилар.
Шундай қилиб, орзулари рўёбидан ҳис-ҳаяжонга тўлган “Ҳаж – 2025” мавсумининг илк зиёратчилари Тошкент халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар.
Аллоҳ таоло Ҳаж амалини адо этишга отланган юртдошларимизнинг сафарларини хайрли ва баракали қилсин!
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан юртимизнинг турли ҳудудларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари кенг кўламда давом этмоқда. Мазкур бош ғоя асосида масжидлар ва қабристонларда ҳам ҳашарлар ташкил этилиб, ҳудудлар тартибга келтирилмоқда.
Хусусан, масжидлар атрофи, қабристонлар ва уларга туташ ҳудудларда тозалаш, ободонлаштириш, дарахтларни парваришлаш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Бундай хайрли ишлар юртимиз ободлигига ҳисса қўшиш, муқаддас масканлар ва аждодлар хотирасини эъзозлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ягона Ватан — ягона халқ!
Янги ҳаёт ва янги келажак сари биргаликда!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакиллиги Матбуот хизмати