Қиёмат куни икки кишига Аллоҳ таоло раҳмат назари билан қарамайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло қиёмат куни икки кишига раҳмат назари билан қарамайди. Улардан бири қариндош-уруғи билан алоқаларини узган киши бўлса, иккинчиси ёмон қўшнидир”.
Шундай экан, ким Аллоҳнинг назаридан умидвор бўлса, силаи-раҳмни узмаслиги, қўни-қўшнилар билан яхши қўшничилик қилиши лозим.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг раҳматига сазавор айласин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими
Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари Истанбул шаҳрининг Башакшеҳир туманида ҳамюртларимизнинг мурожаатларини тинглаш ва уларнинг масалаларига амалий кўмак кўрсатиш мақсадида сайёр қабул ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Ташрифдан асосий мақсад ушбу ҳудудда яшаб, фаолият юритаётган ватандошларимизга зарур консуллик-ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ва уларни қизиқтирган саволлар юзасидан амалий кўмак кўрсатишдан иборат бўлди.
Сафар давомида дипломатларга Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакиллари ҳам ҳамроҳлик қилди. Улар юртдошларимизнинг ислом динига оид саволларига жавоб берди ва турли тақиқланган ҳамда ақидавий жиҳатдан нотўғри йўналишдаги ташкилотларга алданиб қолмаслик учун зарур маслаҳатлар берди.
Ҳамюртларимизнинг Туркия ҳудудида қонуний яшашига оид масалалар, уларнинг ҳуқуқий ҳолати, ҳужжатлари ҳамда консуллик ёрдами кўрсатиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Бош консулхона вакиллари зарур ҳолларда Ўзбекистон фуқароларига ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда ватанга қайтиш билан боғлиқ масалаларда амалий кўмак беришга тайёр эканини билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати