Қиёмат куни икки кишига Аллоҳ таоло раҳмат назари билан қарамайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло қиёмат куни икки кишига раҳмат назари билан қарамайди. Улардан бири қариндош-уруғи билан алоқаларини узган киши бўлса, иккинчиси ёмон қўшнидир”.
Шундай экан, ким Аллоҳнинг назаридан умидвор бўлса, силаи-раҳмни узмаслиги, қўни-қўшнилар билан яхши қўшничилик қилиши лозим.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг раҳматига сазавор айласин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими
Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳамда Туркия Диёнат вақфи масъул ходимлари иштирокида видеоконференция форматида мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда икки муассаса ўртасида имзоланган меморандум ва унинг асосида ишлаб чиқилган йўл харитасидаги вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда унинг амалий механизмларини белгилаб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мулоқот давомида вазифаларнинг жорий ҳолати таҳлил қилиниб, истиқболда амалга ошириладиган қўшма ташаббуслар ва ижтимоий лойиҳалар борасида ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди. Хусусан, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма ташаббуслар, ёшлар билан ишлаш ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, хорижий хайрия хизматларини ташкил этиш ҳамда закот ва хайрия муносабатларини янада ривожлантириш каби ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мулоқот икки қардош давлат вақф фондлари ўртасидаги диний-маърифий ва саховат йўналишидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати