Вафот этганингиздан кейин нималар бўлишини тасаввур қиласизми? Бир неча соат ўтиб, сиз учун йиғлаётган одамларнинг йиғиси тўхтайди. Яқин қариндошларингиз ҳам ҳаёт ташвишларига овунади.
Кўп ўтмай, раҳбарингиз ўрнингизга бошқа ходим топади. Яқинларингиз, фарзандларингиз ишга, тирикчилик ташвишига тушиб кетади.
Бир ой ўтгандан сўнг турмуш ўртоғингиз ҳам сизни камроқ эслай бошлайди. Ҳа, одам ўзи ўйлаганидан кўра тезроқ унутилади.
Модомики, одамлар сизни шунчалар тез эсдан чиқарар экан, бу ўлчовли умрингизни ким ёки нима учун сарфламоқдасиз? Бир умр “Одамлар нима деркин?” деб яшаб ўтмаяпсизми? Яшашдан мақсадингиз нима ўзи?
Бир лаҳза тин олиб, шулар ҳақда ўйлаб кўринг. Бу оламга келтирилиш сабабингиз ҳақида мулоҳаза юритинг. Яқинларингизни ҳаётлик чоғида қадрлангки, вақти етганда қадр топасиз. Аллоҳ таоло Ўзи рози бўладиган ҳаммамизга мазмунли ҳаёт, хайрли оқибат насиб этсин!
Акбаршоҳ Расулов
2026 йил 20 октябрь ушбу қутлуғ даргоҳ таъсис этилганига 83 йил тўлди. 1943 йилнинг айни шу куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган уламолар ва дин арбоблари қурултойида мазкур масъулиятли тузилмага асос солинган эди.
Тарихдан муҳим қайдлар:
Ташаббус: 1943 йил июлда Эшон Бобохон бошчилигидаги минтақа уламолари таклифи билан идора очишга расмий рухсат олинди.
Илк қурултой: 1943 йил 15–20 октябрь кунлари Шайх Эшон Бобохоннинг Қорасаройдаги ҳовлисида бўлиб ўтди.
Илк муфтий: 5 та республикадан келган 160 дан зиёд вакил бир овоздан Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхонни беш республика муфтийси этиб сайлади.
Диний идора манзиллари:
1943–1956 йиллар: Муфтий Эшон Бобохон ҳазратларининг ҳовлисида;
1956–2007 йиллар: «Бароқхон» мадрасаси биносида;
2007 йилдан: Ҳазрати Имом мажмуасида барпо этилган замонавий бинода;
2026 йилдан: Тошкент шаҳрида бунёд этилган муҳташам Ислом цивилизацияси маркази биносида фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасига раҳбарлик қилган муфтийлар:
1. Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон (1943–1957);
2. Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон (1957–1982);
3. Шайх Шамсиддинхон Бобохонов (1982–1989);
4. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (1989–1993);
5. Шайх Мухторжон Абдуллоҳ Бухорий (1993–1997);
6. Шайх Абдурашид қори Баҳромов (1997–2006);
7. Шайх Усмонхон Темирхон ўғли (2006–2021);
8. Шайх Нуриддин Холиқназар (2021 йилдан буён).
Аллоҳ таоло Диний идорамизнинг келгуси фаолиятига файзу барака берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати