Вафот этганингиздан кейин нималар бўлишини тасаввур қиласизми? Бир неча соат ўтиб, сиз учун йиғлаётган одамларнинг йиғиси тўхтайди. Яқин қариндошларингиз ҳам ҳаёт ташвишларига овунади.
Кўп ўтмай, раҳбарингиз ўрнингизга бошқа ходим топади. Яқинларингиз, фарзандларингиз ишга, тирикчилик ташвишига тушиб кетади.
Бир ой ўтгандан сўнг турмуш ўртоғингиз ҳам сизни камроқ эслай бошлайди. Ҳа, одам ўзи ўйлаганидан кўра тезроқ унутилади.
Модомики, одамлар сизни шунчалар тез эсдан чиқарар экан, бу ўлчовли умрингизни ким ёки нима учун сарфламоқдасиз? Бир умр “Одамлар нима деркин?” деб яшаб ўтмаяпсизми? Яшашдан мақсадингиз нима ўзи?
Бир лаҳза тин олиб, шулар ҳақда ўйлаб кўринг. Бу оламга келтирилиш сабабингиз ҳақида мулоҳаза юритинг. Яқинларингизни ҳаётлик чоғида қадрлангки, вақти етганда қадр топасиз. Аллоҳ таоло Ўзи рози бўладиган ҳаммамизга мазмунли ҳаёт, хайрли оқибат насиб этсин!
Акбаршоҳ Расулов
Бугун, Наманган вилояти бош имом-хатиби, Уламолар кенгаши аъзоси Абдуллоҳ домла Саматов раислигида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилоят вакиллигининг мажлислар залида вилоятдаги имом-хатиблар иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Хатамов Жамшед Мухторович иштирок этди. Унда 2026 йилнинг 9 ойи мобайнида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Йиғилишда имомлик шарафли ва масъулиятли вазифа экани, бугунги кун имоми замонга зийраклик, теран фикр билан қараши, ўз устида мунтазам ишлаши ва мўмин-мусулмонларнинг маънавий-маърифий соҳадаги эҳтиёжларини қондириш учун тинимсиз изланиб, хизмат қилишлари зарур экани алоҳида қайд этилди.
Бундан ташқари, имомлар ҳудудлардаги МФЙлар билан мунтазам алоқада бўлиб, ҳожилар билан биргаликда ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, илм-маърифатга қизиқтириш ва ёш авлод келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратиш, оилаларни тинч-тотув яшаши, фарзандларни бевақт тирик етим бўлмаслиги учун ажримларнинг олдини олиш, кексаларни ҳурмат қилиш, қўшничилик одобларига риоя қилиш, юрт тинчлиги ва осойишталиги учун барча бирдек масъуллиги кабиларга алоҳида эътибор қаратиш таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакиллиги Матбуот хизмати