Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ: “Жума кунида садақа беришнинг ҳафтанинг бошқа кунларига нисбатан фазли, Рамазон ойида садақа беришнинг бошқа ойларда садақа беришга нисбатан фазли кабидир”, деди.
Жуда оз бўлса ҳам, кунига садақа қилишни одат қил. Чунки садақа:
• Аллоҳнинг ғазабини ўчиради;
• касалликка даво бўлади;
• мол-мулкингни поклайди;
• Қиёмат куни соя бўлади;
• инсон вафотидан кейин ҳам ажр-савобни кўпайтириб туради.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Жиззах вилояти филиали томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан бўлган боқувчисини йўқотган 35 нафар боланинг хатна тўйи қилиб берилди.
Тадбирда болажонларга велосипед, костюм-шим ва кўйлаклар, ширинликлар қутиси совға қилиниб, байрам дастурхони ёзилди.
Болажонларга қўшилиб, уларнинг яқинлари ҳам қувончдан ташаккур айтиб, ташкилотчилар, Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилишди.
Шунингдек, тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга ҳам ҳадялар улашилди.
Бундай эзгу ташаббуслар жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати