Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ: “Жума кунида садақа беришнинг ҳафтанинг бошқа кунларига нисбатан фазли, Рамазон ойида садақа беришнинг бошқа ойларда садақа беришга нисбатан фазли кабидир”, деди.
Жуда оз бўлса ҳам, кунига садақа қилишни одат қил. Чунки садақа:
• Аллоҳнинг ғазабини ўчиради;
• касалликка даво бўлади;
• мол-мулкингни поклайди;
• Қиёмат куни соя бўлади;
• инсон вафотидан кейин ҳам ажр-савобни кўпайтириб туради.
Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик шодиёналарига саноқли кунлар қолди. Айём арафасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам туҳфалари етказиб бериляпти.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида имом-домлалар, ҳомийлар пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Исломобод" масжидида йиғилиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар филиали ҳамда ҳомийлар кўмагида тайёрланган озиқ-овқатлар жамланмаси, ширинликлардан иборат эҳсонлар билан хонадонларга кириб борилди.
Кўнгли ўксик инсонлар байрам туҳфаларини олиб, азиз юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигига яна бир карра амин бўлишди.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул қилсин. Савобларини кўпайтириб берсин!
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати