16 май куни “Ҳаж – 2025” мавсумининг илк гуруҳ зиёратчилари Маккаи мукаррамага замонавий автобусларда етиб келди. Уларни Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутасаддилари, мамлакатимизнинг Саудиядаги Атташеси ва ишчи гуруҳи томонидан тантанали равишда катта эҳтиром билан кутиб олинди.
Ҳамюртларимиз муҳташам “Al-Ayam Elite” ва "Romance room" меҳмонхоналарига киришлари биланоқ илиқ қарши олиниб, зам-зам сувлари, хурмо, ширинликлар, гуллар ва ҳадялар улашилиб икром қилинди.
Мана шундай илтифотлардан кўнгиллари кўтарилган юртдошларимиз Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтиб, уларга бўлган катта эътиборни нафақат мамлакатимизда, балки олис Макка шаҳрида ҳам чин дилдан ҳис этишди.
Замонавий меҳмонхонада хоналари тайин бўлган зиёратчиларимиз бу ерга диёримиздан уларга хизмат кўрсатиш учун бирмунча олдинроқ етиб келиб, моҳир ошпазларимиз пиширган лаззатли таомларидан баҳраманд бўлдилар.
Таматтуъ ҳажини ният қилган зиёратчиларимиз умра амалини адо этмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Шайх Нуриддин Холиқназар ташаббуслари билан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозияти ва қозиётга қарашли барча масжид имом-хатиблари томонидан нуроний кексалар, меҳнат фахрийлари ҳамда ёрдамга муҳтож оилаларнинг ҳолидан хабар олинди. Тадбир доирасида муҳтож оилаларнинг турмушини енгиллаштириш мақсадида бир оилага замонавий қуёш панели ўрнатиб берилиб, қўшимча байрам совғалари топширилди. Бундай хайрия ташаббуслари жамиятда ўзаро аҳиллик, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти