Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Август, 2026   |   16 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:24
Аср
17:05
Шом
19:05
Хуфтон
20:25
Bismillah
29 Август, 2026, 16 Рабиъул аввал, 1448

Мошина ҳайдовчининг 66 та ОДОБИ (2-қисм)

19.05.2025   15164   28 min.
Мошина ҳайдовчининг 66 та ОДОБИ (2-қисм)

МОШИНА ҲАЙДОВЧИНИНГ 66 та ОДОБИ

ни

УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:

(2-қисм)

ДОНО ХАЛҚИМИЗ МАҚОЛЛАРИ:

 

Ü Ота-она рози – Худо рози!

 

Ü Яхши ўғил ота молини бийлар,

Ёмон ўғил ота молини сочар.

 

Ü Ўзингга раво кўрмаганни

Ўзгага ҳам раво кўрма!

 

Ü Кишининг кўнглини оғритма зинҳор –

Сенинг ҳам кўнглингни оғритувчилар бор!

 

Ü Яхшига қилсанг яхшилик –

Ҳам айтади, ҳам қайтади.

Ёмонга қилсанг яхшилик –

На айтади, на қайтади.

 

Ü Кўза кунда эмас, кунида синади.

 

Ü Одоб билан бахт топилар,

Сабр билан – тахт.

 

Ü Ошиқмаган олисга етар.

 

Ü Сабр – аччиқ, меваси – ширин.

 

Ü Сабр таги – раҳмон,

Шошган иши – шайтон.

 

Ü Аччиқ савол бериб,

Ширин жавоб кутма.

 

Ü Аччиқ тил – заҳри илон,

Чучук тилга – жон қурбон.

 

Ü Сабр этган етар муродга,

Бесабр – қолар уятга.

 

Ü Сабр этган – муродга етган.

 

Ü Ёмонликка яхшилик – эр кишининг ишидир.

Ёмонликка ёмонлик – ҳар кишининг ишидир.

 

Ü Қарғишнинг икки учи бўлар.

 

Ü Сабрли бўлсанг – ўзарсан,

Сабрсиз бўлсанг – тўзарсан.

 

Ü Узун тил – бошга тўқмоқ,

Бўйинга – сиртмоқ.

 

Ü Сабрли кишининг иши соз!

 

Ü Сабрлининг бошига олма битар,

Сабрсизнинг бошига – ғавғо.

 

Ü Сувсаган ўлмас, ҳовлиққан ўлар.

 

Ü Сўраган адашмас, ўйловчи шошмас.

 

Ü Тек юрган, тўқ юрар.

 

Ü Той минган от ҳам минар.

 

Ü Тоқат қилсанг, тоғ эгилар,

Сабр қилсанг – боғ эгилар.

 

Ü Тоқатлига тоғлар эгар бошини,

Бетоқатнинг итлар еяр лошини.

 

Ü Чопиб борган ерга,

Юриб борса ҳам бўлар.

 

Ü Шошган ишга шайтон қўшилар.

 

Ü Дўст орттираман десанг –

Ширин суҳбат қил!

Душман орттираман десанг –

Чақиртикан бўл!

 

Ü Шошган эр уйига етолмас,

Шошган қиз эрга ёлчимас.

 

Ü Шошганнинг иши ўнгмас.

 

Ü Яхши гап билан илон инидан чиқар,

Ёмон гап билан пичоқ қинидан чиқар.

 

Ü Шошилган йиқилар,

Шошмаган ойга чиқар.

 

Ü Ўзи совуқнинг – сўзи совуқ.

 

Ü Ҳамма яхши – мен ёмон,

Ҳамма буғдой – мен сомон.

 

Ü Ўзига боқма – сўзига боқ!

 

Ü Таом лаззати ўзида,

Одам лаззати – сўзида.

 

Ü Ҳар меванинг пўчоғи бор,

Ҳар сўзнинг ўлчови бор.

 

Ü Тилингда бўлса болинг –

Кулиб турар иқболинг.

 

Ü Ёмон тил бошга бало келтирар.

Яхши тил давлат, дунё келтирар.

 

Ü Мазлумлар дилини оғритма бир зум,

Балки бир кун ўзинг бўласан мазлум...

 

Ü Шошмасанг, тез етасан,

Шошгандан ўзиб кетасан.

 

Ü Яхши от кейин чопар.

 

Ü Кимки қилса ёмонлик – асло топмас омонлик.

 

Ü Қаноат қилсанг, қорнинг тўяр,

Беқаноат – отини сўяр.

 

 УЛУҒЛАРДАН  ҲИКМАТЛАР:

v Довуд пайғамбарнинг ўттизта ўғиллари бўлибди...

Бир куни пешин намозига одамлар кечика бошлабди. Довуд пайғамбар орқаларига қарасалар, ўнг томонларида ўн бешта ўғиллари, чап томонларида ўн бешта ўғиллари ўтирибди экан.

Шунда сал мақтанчоқликка бўй олдириб:

–     Ўзимиз ҳам бир жамоа эканмиз-ку, элни кутмасдан намозимизни бошлайверамиз... Худо хоҳласа, ўттиз ўғлим бор, ҳақ динни бутун элга ўзим етказаман, деган ўй келиб, намозни бошлаб кетибдилар.

 

...Худога Довуд пайғамбарнинг бу ишлари ёқмади. Довуд пайғамбар намоз вақтида “Ассалому алайкум вараҳматуллоҳ!” деб, ўнг томонга салом берганларида ўн бешта ўғиллари жон топширди. Чап томонга салом берганларида, қолган ўн бешта ўғиллари бандаликни бажо келтирди.

Хатосини уққан Довуд пайғамбар алайҳиссалом кўз ёшларини дарё қилиб, Яратгандан кечирим сўрадилар...

Раҳми чексиз Аллоҳ таоло:

–     Ўттизта ўғлингизни қайтариб берайми ё ўттизини ўрнини босадиган битта ўғил берайми? – деб сўради.

–     Сенинг амринг икки бўлмайди... Ўттиз ўғлимнинг жонлари жаннатда бўлсин... Менга уларнинг ўрнини босадиган битта ўғил берсанг бас...

–     Айтганингиз бўлсин! Лекин боланинг умри қисқа бўлади. Мен унга фақат тўққиз йил умр бераман.

–     Майли, шунисига ҳам шукр! – деб, Довуд пайғамбар келаси йил ўғил кўрадилар.

 

У боланинг исми Сулаймон эди. Сулаймон иш буюришга яраб қолган пайтида Довуд пайғамбар унинг қўлига қумғон (обдаста), елкасига сочиқ осиб:

–     Ўғлим, сен энди бизнинг уйга келган меҳмонларнинг ёш-ми, қари-ми ҳаммасининг қўлига сув қуйиб тургин! Сувни уч марта узиб-узиб қуясан. Тўртинчи марта, агар меҳмон сўраса, қуясан.

–     Ота, нега узиб қуйишим керак?

–     Сабаби – ўликни ювишганда сувни узмай қуяди. Сен ахир сувни тирик одамларга қуясан-да, ўғлим... Иккисини фарқи бор – дедилар.

 

Довуд пайғамбарга келган ёш-қарининг ҳаммаси, сув қуйиб турган Сулаймонга “Юзга кир, болам!”, “Қўлинг дард кўрмасин!”, “Катта олим бўлгин!”, “Подшо бўлгин!”, “Улуғ инсон бўлгин!”, “Умринг узоқ, ризқинг бутун бўлсин!”, деб раҳматлар айтарди.

 

Бир куни Сулаймон тўққиз ёшга тўлди.

У пайтларда боласи тўққизга тўлгач, уни бир қизга унаштириб қўйиш лозим эди. ...Лекин Аллоҳнинг “болага фақат тўққиз йил умр бераман” дегани Довуд алайҳиссаломнинг эсларида эди.

Бир куни Довуд пайғамбар саҳарда Аллоҳни зикр қилиб ўтирар эдилар... Сулаймоннинг ёши тўққиздан ошди. У энди жон таслим қилиши керак эди. Бунинг тирик қолганининг сабабини сўради ва агар жонини олмайдиган бўлса, болани унаштириш лозимлигини айтди...

Шунда Хақ Таоло:

–     Менинг исмларимдан бири – Раҳимдур! Минглаб одамлар сизнинг болангизга узоқ умр тилади. Мен шунча халқнинг дуосини қайтара олмайман... Сулаймон узоқ умр кўради, У барча ердаги махлуқларни, осмондаги қушларнинг ва барча денгиздаги балиқларнинг тилини биладиган бўлади. Барча одамлар ва жинларга ҳукмронлик қилади, – деб жавоб берди.

 

Ана шундан бошлаб ёш болалар қарияларнинг дуосини олсин, деб, тўй-маросимларда уларга сув қуйдириб қўядиган бетакрор ва беқиёс гўзал урф-одат пайдо бўлибди...

 

v «Суннат эрмиш, кофир бўлса, берма озор,

Кўнгли қоттиғ, дил озордин Худо безор,

Аллоҳ ҳақи, ондоғ қулға сижжин тайёр,

Донолардин эшитиб, бу сўз айдим мано».

(Ҳожа Аҳмад Яссавий)

 

v «Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай».

(Алишер Навоий)

 

v «Агар бўлсанг ипак каби мулойим,

Мулойим сен бўлсанг, қулинг бўлайин.

Қулоғимга берган пандинг олайин,

Кишига қаттиқ сўз айтувчи бўлма».

(Махтумқули)

 

v «Агарчи ул оёқ остидадур хор –
Худо махлуқидур, оғритма зинҳор!
Такаббур қилмағил, эй, бемаъоний,
Фалоний ўғлидурман деб фалоний!
»
(Сўфи Оллоҳёр қуддиса сирруҳу)

 

v «Бурунғи ҳолиға қилма наззора,
Ани Тангрим азиз этса на чора?!?
Ишонма отаға, қолма талабдин!
Қиёматда сўралмасдир насабдин
».

(Сўфи Оллоҳёр қуддиса сирруҳу)

 

v «Агар сен қиблага бурмасанг юзни,

Беш маҳал саждаю намозинг бекор.

Жаннатга ҳеч қачон тикмагил кўзни

Агар бир мўминга етказсанг озор».

(Абдулла Орипов)

 

v «Маккага етти қат борганча бўлур,

Бошини силасанг ўксик инсонни».

(Абдулла Орипов).

 

(2 қисм тугади. Давоми бор...)

Иброҳимжон домла Иномов.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Марғилоннинг уч муқаддас қадамжоси

14.08.2026   46760   3 min.
Марғилоннинг уч муқаддас қадамжоси

Марғилон – Фарғона водийсининг энг қадимий ва ўзига хос шаҳарларидан бири. Унинг тарихини фақат меъморий обидалар, қадимий кўчалар ёки машҳур ҳунармандчилик анъаналари билангина эмас, балки асрлар давомида халқ эъзозида бўлиб келаётган зиёратгоҳларсиз ҳам тасаввур этиб бўлмайди, хабар бермоқда ЎзА.

Шаҳардаги Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозор ана шундай тарихий-маънавий масканлар сирасига киради. Уларнинг ҳар бири ўз тарихи, ривоятлари ва халқ хотирасидаги ўзига хос ўрнига эга.

Марғилоннинг қадимий зиёратгоҳларидан бири Пир Сиддиқ мажмуасидир. Халқ орасида бу қадамжо билан боғлиқ турли ривоятлар авлоддан-авлодга ўтиб келган. Зиёратгоҳ Пир Сиддиқ номи билан боғлиқ бўлиб, “сиддиқ” сўзи араб тилида ҳақгўй, ростгўй, ҳақиқатга содиқ инсон маъноларини англатади. Шу жиҳатдан зиёратгоҳ номи ҳам халқ тасаввурида эзгулик, иймон ва ростгўйлик каби фазилатлар билан уйғунлашиб кетган. Мажмуадаги меъморий ечимлар, айниқса, гумбазли иншоотлар ва қадимий қабрлар Марғилоннинг ўтмишдаги шаҳарсозлик ва меъморчилик анъаналаридан дарак беради.

Пир Сиддиқ зиёратгоҳи нафақат зиёрат маскани, балки Марғилоннинг тарихий хотирасини ўзида мужассам этган қадамжолардан бири сифатида аҳамиятлидир. Марғилон тарихи буюк аллома Бурҳониддин Марғиноний номи билан чамбарчас боғлиқ. XII асрда яшаб ижод қилган аллома ислом ҳуқуқшунослиги, хусусан, ҳанафий фиқҳи тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган. Унинг бутун ислом оламида машҳур бўлган “Ҳидоя” асари асрлар давомида муҳим ҳуқуқий манба сифатида қадрланиб келган.

Марғилонда аллома номи билан боғлиқ Чиллахона ҳам халқнинг маънавий хотирасида алоҳида ўрин тутади. “Чиллахона” атамаси одатда инсоннинг маълум муддат хилватда қолиб, тафаккур, ибодат ва руҳий тарбия билан машғул бўладиган жойини англатади. Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси билан боғлиқ ривоятлар ҳам алломанинг илм йўлидаги машаққатли изланишлари ва маънавий камолотини тасаввур қилишга ёрдам беради. Бу масканни фақат зиёратгоҳ сифатида эмас, балки буюк алломанинг илмий-маънавий меросини англашга хизмат қилувчи тарихий хотира жойи сифатида ҳам баҳолаш мумкин.

Марғилондаги яна бир ўзига хос маскан – Каптарли мозор. Унинг номи билан боғлиқ халқ ривоятлари турлича. Айрим ҳикояларда бу жойда каптарлар кўп бўлгани, шу сабабли мозор “Каптарли” деб аталгани айтилади. Каптар эса халқ тасаввурида тинчлик, поклик ва эзгулик рамзи сифатида қабул қилинади. Каптарли мозор ҳақидаги маълумотларни илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш Марғилоннинг маҳаллий тарихини янада бойитишга хизмат қилади. Бунинг учун архив ҳужжатлари, қадимий хариталар, қабртошларидаги ёзувлар, вақф ҳужжатлари ва халқ орасида сақланиб келаётган оғзаки тарих намуналарини тадқиқ этиш муҳим. Зеро, халқ хотирасида асрлар давомида сақланиб келаётган ривоятлар ҳам тарихий-этнографик тадқиқотлар учун қимматли манба бўлиши мумкин.

Уч қадамжо – бир тарих. Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозорни бирлаштириб турган асосий жиҳат уларнинг Марғилоннинг маънавий қиёфасини шакллантиришдаги ўрнидир. Бу қадамжолар халқнинг аждодларга ҳурмат, муқаддас жойларни асраш, эзгулик ва маърифатни қадрлаш каби анъаналарини ўзида мужассам этади.

Уларнинг ҳар бири Марғилон тарихининг турли қирраларини намоён этади: Пир Сиддиқ – диний-маънавий меросни, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси – илм ва тафаккур анъаналарини, Каптарли мозор эса халқ хотираси ва маҳаллий ривоятларнинг узвийлигини ифодалайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари