Ўтган ҳафтада Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Озарбайжон каби туркий давлатлар Фатво ҳайъатларининг онлайн мажлиси бўлиб ўтди.
Йиғилишда уламолар ва соҳа мутахассислари томонидан Рамазон ойи ҳилолини кузатиш бўйича қилинаётган ишлар, фалакий ҳисоб-китоблар, астрономик маълумотлар атрофлича таҳлил қилинди. Шунингдек, дунёдаги йирик фатво идоралари ва нуфузли астрономия институтлари ахборотлари батафсил кўриб чиқилди.
Туркий давлатлар уламолари фиқҳий қоидаларга таянган ҳолда фалакий ҳисоб-китоб ва астрономик кузатувларни эътиборга олиб, ҳижрий 1445 йил Рамазон ойининг биринчи куни милодий 2024 йил 11 март, душанба кунига тўғри келиши ҳақида якдил фикрга келдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги "Кулол-Қўрғон" жоме масжиди имом ноиби Баҳодир домла Муҳаммадиев Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлигида ўтказилган халқаро конференция доирасидаги «Буюк хизмат – Олий шараф» илмий-амалий кўрик-танловида ғолиб деб топилди.
Имом-домламизнинг илмий фаолияти, таълим соҳасидаги ташаббуслари ҳамда фидокорона меҳнатлари юқори баҳоланиб, у киши «Буюк хизмат – Олий шараф» халқаро эсдалик ва шараф нишонлари ҳамда махсус гувоҳнома билан тақдирландилар.
Баҳодир домлани ушбу юксак эътироф билан самимий қутлаймиз!
Аллоҳ таоло домламизнинг илмларини бундан-да зиёда қилсин, динимиз ва эл-юртимиз ривожи йўлидаги ижодий ва илмий фаолиятларига барака берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати