Куни кеча 19 май куни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги «Юнус ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш бошланди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов, Тошкент шаҳар туманлари имом-хатиблари, отинойилари, шунингдек, 2024 йилда ҳажга борган маърифатпарвар ҳожи ота ва ҳожи оналар иштирок этди.
Улар турли сабаблар билан қийин аҳволда қолган хонадонларга кириб, оила аъзолари билан суҳбатлашдилар, зарур маслаҳат ва кўрсатмалар бердилар.
Тадбир якунида "Юнус ота" масжидида бугунги сайёр йиғилиш жараёни юзасидан суҳбат бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ