Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Декабр, 2025   |    ,

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:17
Қуёш
07:43
Пешин
12:24
Аср
15:14
Шом
16:59
Хуфтон
18:18
Bismillah
17 Декабр, 2025, ,
Мақолалар

Мошина ҳайдовчининг 66 та ОДОБИ (3-қисм)

27.05.2025   11231   22 min.
Мошина ҳайдовчининг 66 та ОДОБИ (3-қисм)

МОШИНА ҲАЙДОВЧИНИНГ 66 та ОДОБИ

ни

УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:

(3-қисм)

УЛАМОИ КИРОМЛАР АЙТАДИЛАРки...: 

Þ  Ҳар бир ҳаракатларимизни Худо кўриб турганини доим эсда тутишлик даркор!

Þ  Ҳатто илм ҳам гўзал инсонийлик учун кифоя қилмайди. Чунки инсоннинг гўзаллиги унинг одоб-ахлоқи билан намоён бўлади.

Þ  Уламолар фақат илмнинг ўзи олимга наф бермаслигига, балки унинг одоб билан зийнатланиши зарурлигига шайтонни мисол қилиб келтирганлар. Яъни шайтонда ҳам илм бўлган, аммо унда гўзал ахлоқ бўлмаган. Шунинг учун одоб инсоннинг қадр-қимматини белгиловчи мезон ҳисобланади.

Þ  Динимиз кўрсатмалари инсон ҳаётининг ҳамма жиҳатини ўз ичига қамраб олади ва унинг шахсий, оилавий ва ижтимоий ҳаётидаги ўрнини белгилаб берган.

Þ  Мусулмон киши ўзгалар билан муомала қилишда чиройли хулқли бўлиши – айни динимиз талаби!

Þ  Турли улов ва транспорт воситалари – Аллоҳ таолонинг бизга берган неъматлари.

Þ  Ҳар бир неъматнинг шукри – уни шариатга мувофиқ, гўзал ҳолатда ишлатишдир. Шунинг учун инсон уловда юрганида қўлидан келганича ўзи ва ўзгаларни хатарга қўймаслиги, пиёдалар, йўловчилар ва бошқа ҳайдовчилар ҳаётига хавф солмаслиги керак. Бунинг учун эса йўл ҳаракати қоидаларига, светофор чироқлари ишораларига риоя қилиши лозим бўлади. 

Þ  Мошинага минишни яхши ният билан бошлаш, йўл давомида ўзгалар билан чиройли муомала қилиш – юксак одоб намунасидир.

Þ  Жумҳур уламолар йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш вожиб эканини таъкидлашади

Þ  Чунки йўл ҳаракати қоидаларидан ҳамма одамларнинг фойдаси кўзланади ва қоидаларга амал қилиш – вожиб саналанади

Þ  Мошина ҳайдаш, автоулов бошқариш учун белгиланган тартибда, ўрнатилган қоидаларга мувофиқ тегишли ташкилот томонидан берилган расмий ҳужжат (ҳайдовчилик гувоҳномаси, махсус рухсатнома) бўлмасдан автоуловни ҳайдаш яхшиликка олиб келмайди.

Þ  Ҳайдовчилик гувоҳномаси (махсус рухсатнома) бўлмасдан автоуловни бошқаришнинг оқибати ҳайдовчи инсоннинг ўзи учун ҳам, оила аъзолари учун ҳам, бошқа одамлар учун ҳам жуда аянчли, ўта зарарли ва ниҳоятда ачинарли бўлиб, баъзи ҳолатларда эса бу дунёдан тезроқ кетишига ҳам сабаб бўлади.

Þ  Ўзини таниган, ақл-заковатли, узоқни кўзлаган, ўзи, оила аъзолари, яқинлари ва атрофдагиларига зарар етказишни хоҳламаган инсонлар ўзларини эҳтиёт қилиб, автоуловни ҳайдовчилик гувоҳномаси (махсус рухсатнома)сиз бошқаришдан жиддий ва қаттиқ сақланадилар.

Þ  Шаръий қоидаларимизга кўра ҳайдовчи ўзгаларнинг жони, молига етказган зарари учун жавобгар бўлади. 

Þ  Ҳайдовчига боғлиқ бўлмаган, унинг айби йўқ ҳолатлар – бундан мустасно.

Þ  Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги нарсаларни йўлнинг ҳаққи деганлар: “кўзни тийиш, азият бермаслик, саломга алик олиш, яхшиликга буюриш ва ёмонликдан қайтариш” (Муттафақун алайҳ).

Þ  Ҳадиси шарифдаги “азият” сўзи кўп нарсаларни ўз ичига олади. Энг ёмонларидан бири – ўзгаларга тил билан озор етказишдир. Айниқса ҳақорат, сўкиш – мусулмонлик одобларига мутлақо зиддир!

Þ  Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу хусусда шундай деганлар: “Мусулмон кишини сўкиш – фосиқликдир. У билан урушиш – кофирликдир” (Муттафақун алайҳ).

Þ  Очиқ ойдин гуноҳ қиладиган одамни “фосиқ” дейилади. Бир мусулмонни жонига қасд қилиш катта гуноҳлигини билиб туриб, уни қонини ҳалол санаш – куфрдир.

Þ  Асл қоида – транспорт воситаси ҳайдовчиси ҳаракат давомида мошинаси билан содир қиладиган ҳар бир ҳодисага масъулдир. Чунки мошина унинг қўлидаги восита ва ҳайдовчи уни бошқаришга қодир. Мошина ўзича ҳаракатланмайди. Шунинг учун ҳайдовчи мошинанинг олди, орқаси ва ён томонлари билан етказган зарарга зомин, жавобгар бўлади.

Þ  Ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан ҳаддан ошиб ўзгага зарар етказса, жавобгар бўлишида шубҳа йўқ. Чунки ҳаддан ошувчи доимо жавобгар ҳисобланади.

Þ  Мўмин-мусулмонлар йўл ҳаракати қоидаларига ва йўл одобларига кузатув камералари ёки йўл патрул хизмати инспектори қараб тургани учунгина эмас, балки шариатимиз талаби эканлигини инобатга олиш лозим.

Þ  Бугунги кунда йўлдаги тартибсизликлар, дилхираликлар ва ўлим ҳолатлари бўйича “биринчилик”ни мусулмон юртлари қўлдан бермай келмоқдалар. Аслида эса йўл маданияти борасида мусулмонлар эмас, балки бошқаларнинг пешқадам бўлиши биз учун ор ҳисобланмоғи даркор.

Þ  Асло шошилиб юрманг! Ҳалокат учун 100 мартта эмас, 1 мартта хатога йўл қўйиш қифоя қилади.

Þ  Беш (5) нарсада шошилиш тавсия этилади:

1) Меҳмонга овқат тортишда.

2) Қарзни узишда.

3) Маййитни кўмишга ҳозирлашда.

4) Қизни турмушга чиқаришда.

5) Гуноҳдан тавба қилишда.

Þ  Аёллар, ёшлари катталар, ёш болалар ва ногиронлар йўлдан ўтаётганда имкон қадар уларга йўл бериш ва уларни чўчитмасликка бор куч билан ҳаракат қилиш керак! Зеро ҳадиси шарифларда “Ким мусулмонни қўрқитса, Қиёматда Аллоҳ уни қўрқитади” дейилади.

Þ  Йўлда билиб-билмай сизга озор етказган инсонга жавоб қайтаришга ҳаракат қилманг!

Ислом одоби ёмонлик қилганга ёмонлик қайтаришга буюрмайди!

Балки яхшилик қилишга буюради!

Þ  Агар ўз ҳаётингиз қадрига етмасангиз, сиз билан бўлган ҳамроҳларингиз ҳаётини, мошинангиз атрофидагиларни ҳаётларини ўйланг! Ваҳоланки, ўз ҳаётингиз қадрига етмасликка ҳам ҳаққингиз йўқ!

Þ  Кўчадан ўтиш ёки унда тўхтаб туриш ҳаққи – умумий. Ундан пиёда ҳам, автомошинада ҳам фойдаланиш мумкин. Бунда саломатлик, яъни ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар бермаслик шарт қилинади.

Þ  Пиёдалар ҳам йўл қоидаларига амал қилишлари лозим.

Þ  Қизил чироқда ўтиш – бошқа бир йўл ҳаракати иштирокчиси ҳаққини поймол қилиш ҳисобланади. 

Þ  Йўлнинг қатнов қисмида, шунингдек пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланаётган пиёдаларнинг телефондан фойдаланиш, теле-видео маҳсулотларни кўриш-эшитиш, радио, аудио маҳсулотларни эшитиш, китоб ёки даврий матбуот ўқиш ҳамда эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланишлари мутлақо ман этилади.

Þ  Муборак динимизнинг йўл ҳаракатидаги ЭНГ АСОСИЙ 4 (тўрт) та талаби:

1)     Ҳар бир йўл ҳаракати иштирокчиси йўл ҳаракат қоидаларига қатъий риоя этиш;

2)     Йўлда юриш одобларини сўзсиз бажариш;

3)     Бир-бирларига нисбатан ҳурмат ва бағрикенглик билан муомала қилиш;

4)     Ўзи яхши кўрганни ўзгаларга ҳам раво кўриш.

Þ  Шариат ман этган нарсаларни истеъмол қилиб автомобилни бошқаришда бандасидан эмас, гуноҳи икки карра бўлишидан аввало Худодан қўрқиш керак!

Þ  Имкон қадар фарзандларига ҳам мошина ҳайдашни ўргатмоқлик лозим.

Þ  Бировнинг шахсий мошинасига минган одам худди унинг уйига кирган кабидир. Ўзини шунга хос ва мос тутиши лозим.

Þ  Ким мусулмон?!?

Мусулмон киши ким ўзи аслида?!?

Бунинг жавобини Жаноби севикли Пайғамбаримиз Аллоҳнинг Ҳабиби Муҳаммад мустафо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ўргатиб, муборак таълим-тарбияларини бердилар: «Тилидан ва қўлидан мусулмонларга зарари етмайдиган киши – ҳақиқий мусулмондир» (Имом Бухорий ривоятлари);

Þ  Ўзининг мошинасидан афзалроқ мошинани кўрса, ўзидан пастроққа қарасин!

Þ  Ўзининг мошинасидан афзалроқ мошинага ҳасад эмас, ҳавас билан, ўзидан пастроққа эса меҳр билан қараш даркор, Яратганга шукр ва истиғфорни кўпайтириш лозим.

 

(3 қисм тугади. Давоми бор...)

Иброҳимжон домла Иномов.

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“Нидо қилди... биз ижобат қилдик”

17.09.2025   6159   4 min.
“Нидо қилди... биз ижобат қилдик”

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таоло бандаларнинг тавба-тазарру қилиши учун турли имтиҳонлар билан синовлар беради. Мана шу синовлардан шукр ва сабр ила ўтганларга Аллоҳ улкан савоблар бериб, гуноҳларини кечиради, мусибатларини аритади.


Юнус алайҳиссалом балиқнинг қорнида туриб Аллоҳга зорланмадиларми?! У зотнинг нолаларига берилган жавоб қуйидагича бўлди: «Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик...»[1].


Аллоҳ таоло марҳамат қиладики: «Зуннун (Юнус)нинг (ўз қавмидан) ғазабланган ҳолда (ўз қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унга қарши чиқа олмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғу зулматлар ичра: “Сендан ўзга илоҳ йўқдир, Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан! Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилгувчилардан бўлдим”, деб нидо қилган (пайтини эсланг!). Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва уни ғамдан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз»[2].


Айюб алайҳиссалом одоб ва ҳаё ила нидо қилмадиларми?! Аллоҳ таоло у зотга ҳам қуйидагича жавоб қилди: «Айюб эса Парвардигорига нидо қилиб: “(Эй Раббим!) Менга мусибат етди. Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлироғидирсан”, деб илтижо қилган пайтини (эсланг!). Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилиб, ундаги заҳматни кетказдик ҳамда Ўз ҳузуримиздан меҳрибонлик кўрсатиб, барча ибодат қилгувчиларга эслатма бўлсин, деб (Айюб­га) оиласини ва улар билан қўшиб яна ўшаларнинг баробарида аҳли авлод ато этдик»[3].


Шунингдек, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг дуоларини ҳам ижобат қилиб: «Нуҳни (эсланг!) У илгари нидо қилганида Биз унинг (нидосини) мустажоб қилиб, ўзини ва аҳлини буюк ғамдан қутқардик»[4], деди.


Яъқуб алайҳиссалом ҳам бошига тушган синовни аритишини сўраб Аллоҳ таолога нидо қилди: «...Мен ғам ва ташвишларимдан ёлғиз Аллоҳгагина шикоят қиламан...»[5].

Пайғамбарларнинг энг афзали бўлмиш Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифдан қувғин бўлиб, ҳатто ёш болалар тошбўрон қилишганида кавушлари қонга тўлиб оламлар Роббига дуою илтижолар ила юзланганлар: “Қувватсизлигим, чорасизликдан ва одамлар олдида хорлигимдан Сенга шикоят қиламан, эй Раббим! Сен Раҳмли Зотсан! Заифҳолларнинг Парвардигорисан ва менинг ҳам Роббимсан! Мени кимга ташлаб қўйдинг? Менга қовоғини соладиган бегонага  ташлаб қўйдингми? Ишимни душманга топшириб қўйдингми? Муҳими, ғазабингга дучор бўлмаган бўлсам, бундан бошқа барчаси бекор! Шундай бўлса-да, офиятинг мен учун кенгдир. Зулматларни ёритган, дунё ва охират ишлари у билан юриб турадиган Важҳинг нури ила паноҳ сўрайман. Ғазабингга дучор бўлиб қолишимдан паноҳ тилайман. Ўзинг рози бўлгунингга қадар розилик Сеникидир[6]. Сендан ўзгада қувват ҳам, куч ҳам йўқ!”.


Бу дуонинг, нидонинг жавоби нима бўлди?!

Жаброил алайҳиссалом у зотнинг олдиларига келиб: “Қавмингизнинг сизга айтган гапларини ва қандай қилиб сизни қувғин қилганларини Аллоҳ кўриб турибди. Аллоҳ таоло тоғларга масъул бўлган фариштани юборди, улар борасида нимани ихтиёр қилсангиз, буюришингиз мумкин”, деди.

Шунда Пайғамбар алайҳиссаломга тоғларга масъул фаришта нидо қилиб: “Маккадаги мана бу икки тоғни уларнинг устига қопқоқ қилиб ёпиб қўйишимни хоҳласангиз, шундай қиламан”, деди. Набий алайҳиссалом: “Аксинча, мен Аллоҳ таоло уларнинг пушти камарларидан Ягона Аллоҳга ибодат қиладиган, У Зотга бирор нарсани шерик қилмайдиганларни чиқариб қўйишини умид қиламан”, дедилар.


Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.


[1]  Анбиё сураси, 88-оят.
[2]  Анбиё сураси, 87–88-оятлар.
[3]  Анбиё  сураси, 83–84-оятлар.
[4]  Анбиё сураси, 76-оят.
[5]  Юсуф сураси, 86-оят.
[6]  Бу мажозий маъноси. Ҳақиқий маъноси: “Сен рози бўлганингча Сендан дакки эшитавераман”.

 

Мақолалар