Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да: “Қурбонлик (арабча сўз)-қурбонлик; қурбон бериш, фидо қилиш. Худо йўлида қурбонликка сўйилган ёки сўйиладиган жонлиқ” деб изоҳланади.
“Қурбонлик” сўзининг истилоҳий маъноси эса Аллоҳ таолога қурбат, яқинлик ҳосил қилиш учун сўйиладиган жонлиқдир.
Барчамизга маълумки, Ислом динида қурбонлик қилиш вожиб амалдир.
Аллоҳ таоло “Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг” дейди. ( Кавсар сураси, 2-оят).
Ушбу суранинг тафсирида: “Кавсарни тафсирчиларимиз “кўп яхшилик” деб айтишлари. бу эса пайғамбарлик, Қуръон, ҳикмат, умматнинг кўплиги, шафоат ва Пайғамбаримизга берилган бошқа сон-саноқсиз яхшиликлардан иборатдир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “Қурбонлик қилинглар! Албатта, у отамиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатларидир” ( Имом Абу Довуд ривояти).
Албатта, қурбонлик қилишда Аллоҳ таолога холис эътиқод билан Унинг амрини бажариб, розилигини қўлга киритишни мақсад қиламиз. Қуръони каримда бундай дейилади: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин У зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли У зотни улуғлашларингиз учун уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” ( Ҳаж сураси, 37-оят).
Мана саноқли кунлардан сўнг Қурбон ойи ҳам кириб келади. Бу ойда ҳар биримиз Аллоҳ учун қурбонлик қилишни ният қилиб турибмиз. Аллоҳ таоло ният қилиб турган қурбонликларимизни Ўз даргоҳида қабул айласин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими
Юртимизда ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами сифатида кенг нишонланади. Бу айём жамиятимизда муаллимларга кўрсатилаётган чексиз ҳурмат-эҳтиромнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида, устозни улуғлаш аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган энг гўзал қадриятлардан биридир.
Муқаддас динимизда илм аҳли ва устозларнинг мақоми ниҳоятда юксак. Қуръони каримнинг Мужодала сураси 11-оятида уларнинг обрў-эътибори нақадар баланд экани шундай баён қилинади: «...Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм берилганларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур».
Касб байрами муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси ва ҳудуддаги жоме масжидлар имом-хатиблари, шунингдек, Нукус шаҳридаги «Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири ҳамда мударрислари иштирокида хайрли тадбир ташкил этилди.
Тадбир доирасида кўп йиллар давомида диний соҳада самарали меҳнат қилиб, ёшларга илм-маърифат улашган ва бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрий устозларнинг ҳолидан хабар олинди. Уламолар ва диний соҳа ходимлари муҳтарам устозларни байрам билан самимий муборакбод этдилар.
Аллоҳ таоло динимиз равнақига беминнат хизмат қилган азиз устозларимизга мустаҳкам соғлик, мазмунли умр ва оилавий хотиржамлик ато қилсин!
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати