Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Август, 2026   |   11 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:16
Қуёш
05:41
Пешин
12:25
Аср
17:11
Шом
19:13
Хуфтон
20:34
Bismillah
24 Август, 2026, 11 Рабиъул аввал, 1448

Ҳаром-ҳалолни ажратмабсиз!

28.05.2025   11812   1 min.
Ҳаром-ҳалолни ажратмабсиз!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ашраф Алий Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳнинг бир шогирди бўлиб, у зот унга тазкия ва талқинга ижозат берган эди. Бир куни у ўғилчасини етаклаб устози зиёратига келди. Салом-аликдан сўнг ўғлини таништириб, унинг ҳаққига дуо қилишларини сўради. Ҳазрат боланинг ҳаққига дуо қилдилар. Гап орасида устоз боланинг ёшини ҳам сўраб қолдилар. Шогирд «Болам ўн уч ёшда», деди. Мамлакатдаги қонун бўйича болаларга ўн уч ёшгача чипта нархининг ярми тўланар, ўн учга тўлган кунидан бошлаб уларнинг чиптаси ҳам катталар каби тўла баҳосига харид қилинар эди.

Ҳазрат болага чиптанинг қайси нархда олинганини сўраб қолдилар. Шогирди «Жуссаси кичкина бўлгани учун ярим нарх тўладик», деб жавоб берди. Шунда устознинг авзойи бирдан ўзгариб, шундай дедилар: «Инна лиллааҳи ва инна илайҳи рожиъун! Сизга тасаввуф ва тариқатнинг чанги ҳам етиб келмаган экан. Сиз ҳалигача ҳаром-ҳалолни ажратмабсиз. Болани сафарга олиб чиқибсиз-у, лекин унга йўлкира тўлашда ҳаром ишга қўл урибсиз. Катталар мақомига етган болага ёш болаларнинг чиптасини олиб, йўл хизмати идорасининг ҳаққини ўғирлабсиз. Ўғрилик қиладиган. бировнинг ҳаққини тортиб оладиган шахс тасаввуф ва тариқатда бирор мақомга эга бўлмайди. Шунинг учун сизга берган ижозатимни бекор қиламан».

Ўша шогирд ибодатда мукаммал киши эди. Лекин устоз чипта олишда, яъни муомалотда ҳаромга йўл қўйгани туфайли унга берган ваколатини бекор қилди.

Абдулманнон Андижоний

Бошқа мақолалар

Сирдарёда имом-хатиблар ўртасида стол тенниси турнири ўтказилди

03.08.2026   24017   1 min.
Сирдарёда имом-хатиблар ўртасида стол тенниси турнири ўтказилди

#xabar #Sirdaryo #sport

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида стол тенниси бўйича мусобақа ташкил этилди.


Турнирда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом-ноиблар иштирок этиб, спорт маҳорати ва ўзаро ҳамжиҳатлик руҳини намоён этдилар.


Беллашувлар дўстона муҳит, соғлом рақобат ва юқори кайфиятда ўтди. Тадбир иштирокчиларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда ҳамкасблар ўртасидаги ўзаро аҳилликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.


Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Хабибуллоҳ домла Зокиров томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Сирдарё вилояти вакиллиги

Матбуот хизмати

Сирдарёда имом-хатиблар ўртасида стол тенниси турнири ўтказилди