#xabar #haj2025
Жорий йилги ҳаж мавсуми ўзининг қизғин палласига кирмоқда. Бугун, 3 июнь – Зулҳижжа ойининг 7 куни кечки пайтдан бошлаб зиёратчиларни Мино водийсига ташиш ишлари бошланади. 4 июнь – Зулҳижжа ойининг 8 куни барча ҳожилар Мино водийсида жам бўлишади.
Шу муносабат билан ҳаж делегацияси аъзолари, ишчи гуруҳи штаби, шифокорлар жамоаси ва гуруҳ раҳбарлари иштирокида Макка шаҳридаги меҳмонхонада умумий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Дин ишлари бўйича қўмита раиси, ишчи гуруҳи раҳбари Содиқжон Тошбоев, муфтий – ҳаж делегацияси раҳбари Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, атташе Шуҳрат Амоний ҳамда шифокорлар жамоаси етакчиси Алишер Саатов қатнашди.
Мутасаддилар меҳмонхоналардан Минога, у ердан Арафот, бу манзилдан эса Муздалифага ва яна Минога қайтишни тартибли ташкил этиш, муборак манзиллар ва чодирларда рисоладагидек ибодат қилиш учун барча шароитларни ҳозирлаш, зиёратчилар саломатлигига жиддий эътибор бериш, овқатланиш рационига амал қилиш, белгиланган тартибларга риоя этишни таъминлаш масалаларини айтиб ўтишди.
Айниқса, Мино, Арафот водийларида ўрнатилган қонун-қоидаларга амал қилиш, хусусан, куннинг жазирама иссиқ вақтларида (соат 10-00 дан 16-00 гача) чодирлардан ташқарида юрмаслик, ҳудудларда тоғу тепаликларга чиқмаслик, битоқа-бейжикларни тақиб юриш, ҳаракатланишда махсус транспорт воситалари, автобуслардан фойдаланиш ва подшоҳлик талаблари, тартибни сақловчи ходимлар кўрсатмаларига итоат этиш кабиларга урғу қаратилди.
Муфтий ҳазратлари ишчи гуруҳи ва гуруҳ раҳбарлари учун янада масъулиятли дамлар бошланаётганини таъкидладилар. Шунинг баробарида ҳаж амалини динимиз талабларига мувофиқ адо этиш, шаръий масалаларда Фатво маркази фатволарига риоя қилиш, ўзбошимчалик билан иш тутишдан сақланиш, Мино ва Арафотдаги чодирларда уламоларнинг мавъизаларини ташкил этиш, бир сўз билан айтганда, ҳожиларнинг ҳар бир дақиқасини тоат-ибодат, дуою зикр билан унумли ўтказиш кабиларни айтиб ўтдилар.
Йиғилишда бошқа ташкилий масалалар ҳам келишиб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши доирасида улуғ мутафаккир, тасаввуф олими Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Ушбу нуфузли тадбирда Туркий давлатлар ташкилоти, Бутунжаҳон мусулмон донишмандлар кенгаши, IRCICA, ICESCO, Ал-Азҳар уламолар кенгаши вакиллари ҳамда етук шарқшунос ва исломшунос олимлар иштирок этмоқда.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маъруза қилдилар.
Муфтий ҳазратлари Саййид Яҳё Бокувийнинг тасаввуф тарихидаги мақоми ва унинг таълимоти ҳақида тўхталдилар. Шунингдек, нутқда аллома нафақат тасаввуф, балки диний илмлар, табиий ва аниқ фанларни эгаллаган қомусий олим бўлгани, ўттизга яқин асарлари инсон нафсини тарбиялашда муҳим қўлланма экани таъкидланди.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга таянган ҳолда қалб саломатлиги ва поклиги инсон ҳаётининг бош мезони эканини баён этиб, туркий халқларни боғлаб турган умуммаънавий илдизларга алоҳида урғу бердилар:
«Ҳазрат Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Яҳё Бокувий каби буюк зотлар илгари сурган нафс тарбияси, инсонпарварлик ва юксак ахлоқ ғоялари бугун ҳам қардош халқларимизни бирлаштириб турувчи мустаҳкам маънавий кўприкдир. Бундай улуғ сиймолар меросини ҳамкорликда ўрганиш халқларимизнинг маънавий бирлигини мустаҳкамлаш ва ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга хизмат қилади».
Уч кунлик анжуман давомида Ўзбекистон илмий жамоатчилиги ҳам маърузалар билан иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати