Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Дуонинг энг яхшиси арафа кунидаги дуодир. Мен ва мендан олдинги Пайғамбарлар айтган сўзнинг энг яхшиси "Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайин қодийр" деб айтишдир", деганлар.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бетобликларида ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳуга имом бўлиб, меҳробда намозга ўтиб беришни буюрдилар. Абу Бакр жамоат билан намозни бошлаганларида масжидга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кириб келиб, намозга қўшилдилар. Набий Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларини пайқаган жамоат қўл силкиб, ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳуни огоҳлантирмоқчи бўлишди. Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу намозни давом эттиравердилар. Шундай қилишлари ҳам керак эди. Аллоҳ таолога ибодат этувчи ҳар бир киши ён-атрофга қарамаслиги, бошқа нарсаларга чалғимаслиги лозим. Аммо қўл силташлар тўхтамагач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам келганларини фаҳмладилар.
Юзларини қибладан бурмаган ҳолда ортга тисарила бошладилар. Биринчи сафга келганларида Расули Муҳтарам соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдинга силжиб, намозни давом эттирдилар. Салом берилгандан сўнг жамоага юзландилар. Намозда қўл кўтариш аёлларга хос хусусият эканлигини, агарда имомга бирор нарсани билдириш керак бўлса,"Субҳаналлоҳ" деб овоз бериш кераклигини айтдилар. Кейин: "Эй Абу Бакр, сенга ишора қилсам ҳам нима учун жойингда туриб, намозни давом эттиравермадинг?" дея сўрадилар. Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу: "Абу Қуҳофанинг ўғлига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида намоз ўқиш ярашмайди", деб жавоб бердилар.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг
"Ишқи Расул" китобидан Нодиржон Одинаев таржимаси