Шу йил 5 июнь куни - ҳижрий зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни зиёратчиларимиз Мино водийсидан эрта тонгдан гуруҳ-гуруҳ бўлиб замонавий автобусларда Арафот майдонига етиб келишди. Ушбу муборак жойда ҳамюртларимиз учун алоҳида ажратилган жойда барча тайёргарликлар ҳозирлаб қўйилган.
Ишчи гуруҳи томонидан зиёратчиларимиз хотиржам ибодат қилишлари учун кенг ва шинам чодирлар тайёрланган, совуткич ва музлаткичлар узлуксиз ишламоқда, уч маҳал иссиқ овқат, ширинлик ва салқин ичимликлар мунтазам тақдим этилмоқда.
Аллоҳ таоло барча ҳожиларнинг ҳажларини мабрур, элу юрт ҳаққига қилган дуоларини қабул айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Наманганда эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинмоқда.
“Меҳр-саховат” маърифий тадбири доирасида соҳа ходимлари шаҳардаги 125 та хонадонга ташриф буюриб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатдилар. “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамда саховатпеша юртдошларимиз ҳамкорлигида кўрсатилган ушбу кўмак кўнгилларга илиқлик, юзларга табассум улашди.
Дилдан кечган самимий суҳбатлар ва кўтарилган дуолар юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати