Аллома Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ:
"Ҳақиқий оқиллар мухолифлари билан боғлаб турувчи ришталарга қарайдилар:
Биринчиси: Одамгарчилик,
Иккинчиси: Ислом,
Учинчиси: Илм риштаси".
Бу ҳикматда, ақлли ва ихлосли инсонлар ҳатто ўзларига қарши фикрда бўлган одамлар билан ҳам умумий боғлиқликларни кўрадилар. Улар одамийлик жиҳатидан барибир бир инсон эканлигини, агар мусулмон бўлса, Ислом биродарлиги бирлаштиришини ва илм риштаси билан ҳам боғланишини англайдилар. Бу эса ихтилофлар чекиниб, ҳурмат, бағрикенглик ва ижобий муносабатлар учун асос бўлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
#ayollarga_oid_masala #namoz
Савол: Аёллар қай тарзда руку қилишларини тушунтириб беринг.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аёллар эркаклардан фарқли ўлароқ, рукуда бош билан бел текис бўладиган даражада тўлиқ эгилмайдилар. Балки, бошлари белдан кўра юқорироқда бўлади, оёқ тиззаларини бироз букадилар, қўлни бармоқлар орасини бирлаштирган ҳолда тизза устига қўядилар. Руку ҳолатида ўзларини йиғиштирган ва қимтинган ҳолатда турадилар. Аллома Ибн Обидин бу ҳақда бундай дейдилар:
وَتَنْحَنِي فِي الرُّكُوعِ قَلِيلًا، ...وَلَا تُفَرِّجُ فِيهِ أَصَابِعَهَا بَلْ تَضُمُّهَا وَتَضَعُ يَدَيْهَا عَلَى رُكْبَتَيْهَا، وَتَحْنِي رُكْبَتَيْهَا، وَتَنْضَمُّ فِي رُكُوعِهَا
“Аёл киши рукуда бироз эгилади. Қўл бармоқлари орасини очмайди, балки бармоқлар орасини бирлаштирган ҳолда қўлини тиззасига қўяди. Тиззаларини букади, рукуни қимтинган (ўзини йиққан) ҳолда бажаради” (“Раддул муҳтор” китоби).
Чунки мана шундай қилиш аёллар учун янада сатрлироқ бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази