Аллома Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ:
"Ҳақиқий оқиллар мухолифлари билан боғлаб турувчи ришталарга қарайдилар:
Биринчиси: Одамгарчилик,
Иккинчиси: Ислом,
Учинчиси: Илм риштаси".
Бу ҳикматда, ақлли ва ихлосли инсонлар ҳатто ўзларига қарши фикрда бўлган одамлар билан ҳам умумий боғлиқликларни кўрадилар. Улар одамийлик жиҳатидан барибир бир инсон эканлигини, агар мусулмон бўлса, Ислом биродарлиги бирлаштиришини ва илм риштаси билан ҳам боғланишини англайдилар. Бу эса ихтилофлар чекиниб, ҳурмат, бағрикенглик ва ижобий муносабатлар учун асос бўлади.
1. Жаҳолатдан кўра ёмонроқ фақирлик йўқ.
2. Ақлдан кўра фойдалироқ мол йўқ.
3. Ўзига бино қўйишдан кўра ёмонроқ ёлғизлик йўқ.
4. Маслаҳатдан кўра ишончлироқ бир-бирини қўллаш йўқ.
5. Гўзал хулқдек насл-насаб йўқ.
6. Ўзини тия билишдек тақво йўқ.
7. Тафаккурдек ибодат йўқ.
8. Балоғатга етгандан сўнг етимлик йўқ.
9. Фатҳдан сўнг ҳижрат йўқ.
10. Омонатга хиёнат қилувчида иймон йўқ.
11. Ваъдасига вафо қилмайдиган одамда дин йўқ.
12. Уч кундан ортиқ аразлашиб юриш йўқ.
13. Истиғфор билан гуноҳи кабира йўқ.
14. Қуръон ўқиб юрган банда учун муҳтожлик йўқ ва у учун Қуръондан ортиқроқ бойлик йўқ.
15. Аллоҳ учун дуодан ўзга ёқимлироқ нарса йўқ.
16. Зулмдан ҳам кўра жазоси тезроқ келадиган нарса йўқ.
17. Ўзгаларнинг оч қорнини тўйдиришдан кўра афзалроқ амал йўқ.
Даврон НУРМУҲАММАД