#xabar #haj2025 #statistika
Саудия Арабистони Подшоҳлиги статистика Бош бошқармаси ҳаж амалларини бажариш учун келган зиёратчилар сонини эълон қилди. Унга кўра:
Бу йил 1 миллион 673 минг 230 нафар киши ҳаж амалини адо этган. Шундан маҳаллий зиёратчилар сони 166 минг 654 нафар.
Ҳожиларнинг 877 841 нафари эркак, 795 389 нафари эса аёллардир.
Зиёратчиларнинг келиши йўллари:
Ҳаво йўллари орқали: 1 435 017 киши.
Қуруқлик чегара орқали: 66 465 киши.
Денгиз йўли орқали: 5 094 киши.
Эслатиб ўтамиз бу йил юртимиздан 15 минг нафар фуқаро ҳаж ибодатини адо этишга муяссар бўлди. Сўнгги 8 йил мобайнида 75 минг нафар киши ҳаж ибодатини қилишга муваффақ бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Иорданиянинг нуфузли “The Jordan Times” нашрида 24–29 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиа форуми ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада ёзилишича, тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари, етакчи экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари иштирок этади.
Ўзбекистоннинг Иорданиядаги элчихонасининг маълум қилишича, ушбу форум дастуридан ялпи мажлислар, медиа кўргазмалар, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Учрашувларда ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари ва замонавий технологиялар, халқаро медиа лойиҳаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, ўзбекистонлик талабалар учун жаҳон медиа саноатининг етакчи вакиллари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа ишлаб чиқариш ва халқаро ахборот маконида самарали ҳамкорлик қилиш бўйича тажриба алмашади.
Нашрда қайд этилишича, форум иштирокчилари 27 август куни Самарқандга саёҳат қилишади. Сафар доирасида меҳмонлар Имом ал-Бухорий мажмуасига ташриф буюриб, шаҳарнинг бой тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкентда халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари учун махсус медиатур ўтказилиши режалаштирилган.
Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва расмий ёпилиш маросими билан якунланади. Меҳмонлар Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати