Эр-хотин тез-тез уришиб қолаверди. Шунда аёли эрига:
– Дадаси, қўшниларимиз бирор марта уришганини эшитмадим. Биз эса тез-тез жанжаллашиб қоляпмиз. Қарши бўлмасангиз, қўшни аёлдан бунинг сирини билиб келаман, – деди.
Эри рози бўлди. Аёл қўшни аёл билан суҳбатлашгани чиқиб, ундан оилада осойишталикни сақлаш сири ҳақида сўради.
Бу пайтда қўшни аёл ошхонада овқат қилаётган, унинг эри эса столда бир нималарни ёзиб ўтирганди. Шунда бирдан телефон жиринглади. Эри телефон олдига борар экан, бехос стол устида турган вазани туртиб юборди. Ваза ерга тушиб, синди. Бу ҳолни кўрган аёли дарров келиб вазани синиқларини тера бошлади. Эри аёлига айбдорона қараб, узр сўради. Аёли эса: “Аслида мен сиздан узр сўрайман. Чунки вазани стол устига – ноқулай жойга қўйган эканман”, деди.
Бу ҳолни кузатган қўшни аёл уйига қайтиб келди ва нималар кўрганини айтиб берди. Сўзи якунида: “Оддий бир ишда улар иккаласи ҳам ўзини айбдор ҳисобларкан. Биз эса ҳар ишда ўзимизни ҳақ, деймиз. Жанжалимиз сабаби шундан экан”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Ҳақ бўла туриб жанжални тарк этган кишига жаннат ёнидаги бир уйга кафилман. Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман. Чиройли хулқли кишига жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман» (Имом Абу Довуд ривояти).
Мана, осойишталик сири нимада экан!
Акбаршоҳ Расулов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Уйга кирганингизда болаларингизга салом бериб, пешоналаридан ўпинг. Бу уларда меҳр ва раҳм-шафқат туйғусини ривожлантиришга ёрдам беради.
2. Кўча-куйда қўни-қўшнилар, йўлда ҳайдовчилар билан фақат яхши муомалада бўлинг. Фарзандларингиз ҳамма нарсани диққат билан кузатадилар. Эшитганларини тезда ўзлаштирадилар ва кейин сизга тақлид қиладилар.
3. Ота-онангизга қўнғироқ қилганингизда, фарзандларингизни ҳам шундай қилишга унданг. Ота-онангизни зиёрат қилганингизда, болаларингизни ўзингиз билан олиб боринг. Ота-онангизга ғамхўрлик қилаётганингизни қанчалик кўп кўрсалар, шунчалик кўп сизга ғамхўрлик қилишни ўрганадилар.
4. Машинангизда фарзандларингизни мактабга ёки бирор жойга олиб борар экансиз, уларга ривоят, ҳикоялар айтиб беринг.
5. Ҳар куни битта қисқа ҳадис ўқиб беришга одатланинг. Бу кўп вақт талаб қилмайди, лекин кучли ришталар ва ажойиб хотиралар яратишга катта таъсир қилади.
6. Сочингизни таранг, тишларингизни ювинг ва кийимларингизни энг яхшисини кийинг, ҳатто уйда бўлсангиз ва кун давомида кўчага чиқмасангиз ҳам. Фарзандларингиз тоза ва озода бўлишнинг ташқарига чиқишга алоқаси йўқлигини билишлари керак!
7. Фарзандингизнинг ҳар бир сўзи ёки хатти-ҳаракати учун айбламасликка ва танбеҳ бермасликка ҳаракат қилинг. Баъзан эътибор бермасликни ва ортга ташлашни ўрганинг. Бу уларнинг ўзига бўлган ишончини оширади.
8. Болаларингизнинг хонасига киришдан олдин рухсат сўранг. Бу орқали улар бировнинг хонасига кирмоқчи бўлганларида ҳам худди шундай қилишни ўрганадилар.
9. Агар хато қилган бўлсангиз, фарзандларингиздан кечирим сўранг. Кечирим сўраш уларни камтар ва мулойим бўлишга ўргатади.
10. Уларнинг қараш ёки ҳис-туйғуларини масхара қилманг, ҳатто “ҳазиллашаётган бўлсангиз ҳам”. Бу уларга жуда оғир ботади.
11. Фарзандларингизнинг шахсий ҳаётига ҳурмат кўрсатинг. Бу уларнинг қадр-қиммати ва ўз-ўзини қадрлаши учун муҳимдир.
12. Айтган ҳар бир гапингизни биттада тушунишларини кутманг ва буни талаб ҳам қилманг. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон бундай қилмаганлар. Аммо сабрли ва бардавом бўлинг.
Муҳтарам ота-оналар! Фарзандингиз тарбияси учун жавоб эканингизни унутманг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бирингиз чўпонсиз ва ҳар бирингиз сурувга масъулсиз (жавобгарсиз)”, деганлар.
Чўпон боқаётган молларига масъул бўлганидек, ҳар бир оила бошлиғи аҳли оиласи учун масъул ва жавобгардир.
Аллоҳ таоло фарзандларимизни ҳидоят йўлида собитқадам қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД