Эр-хотин тез-тез уришиб қолаверди. Шунда аёли эрига:
– Дадаси, қўшниларимиз бирор марта уришганини эшитмадим. Биз эса тез-тез жанжаллашиб қоляпмиз. Қарши бўлмасангиз, қўшни аёлдан бунинг сирини билиб келаман, – деди.
Эри рози бўлди. Аёл қўшни аёл билан суҳбатлашгани чиқиб, ундан оилада осойишталикни сақлаш сири ҳақида сўради.
Бу пайтда қўшни аёл ошхонада овқат қилаётган, унинг эри эса столда бир нималарни ёзиб ўтирганди. Шунда бирдан телефон жиринглади. Эри телефон олдига борар экан, бехос стол устида турган вазани туртиб юборди. Ваза ерга тушиб, синди. Бу ҳолни кўрган аёли дарров келиб вазани синиқларини тера бошлади. Эри аёлига айбдорона қараб, узр сўради. Аёли эса: “Аслида мен сиздан узр сўрайман. Чунки вазани стол устига – ноқулай жойга қўйган эканман”, деди.
Бу ҳолни кузатган қўшни аёл уйига қайтиб келди ва нималар кўрганини айтиб берди. Сўзи якунида: “Оддий бир ишда улар иккаласи ҳам ўзини айбдор ҳисобларкан. Биз эса ҳар ишда ўзимизни ҳақ, деймиз. Жанжалимиз сабаби шундан экан”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Ҳақ бўла туриб жанжални тарк этган кишига жаннат ёнидаги бир уйга кафилман. Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман. Чиройли хулқли кишига жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман» (Имом Абу Довуд ривояти).
Мана, осойишталик сири нимада экан!
Акбаршоҳ Расулов
Нима учун чумоли ер остига тўплаб қўйган донлар ердан ўсиб чиқмайди?!
Олимлар тадқиқот олиб боришларича, чумоли ўзига керакли бўлган дон ва уруғларни ер остига тўплаб, жамғарганидан кейин уни иккига бўлиб қўяди. Чунки дон ва уруғлик иккига бўлиб қўйилса, ҳар қанча ер унумдор бўлмасин, у ўсиб чиқмайди.
Лекин чумоли кашнич донини тўрт бўлакка бўлганини кўргач, олимлар таажжубга тушишди.
Бу хусусда керакли тадқиқот олиб боргач, қуйидаги нарсани кашф қилдилар. Кашнич дони агар иккига бўлинса ҳам ўсиб чиқаверар экан.
Лекин тўрт бўлакка бўлинса ўсиб чиқмас экан. Чумолига бу нарсани таълим берган Аллоҳ ҳар қандай айб нуқсонлардан покдир.
"Парвардигоримиз барча нарсага ўз хилқати (шакли)ни ато этиб, сўнгра (уни) тўғри йўлга солиб қўйган Зотдир" (Тоҳа сураси, 50-оят).