Эр-хотин тез-тез уришиб қолаверди. Шунда аёли эрига:
– Дадаси, қўшниларимиз бирор марта уришганини эшитмадим. Биз эса тез-тез жанжаллашиб қоляпмиз. Қарши бўлмасангиз, қўшни аёлдан бунинг сирини билиб келаман, – деди.
Эри рози бўлди. Аёл қўшни аёл билан суҳбатлашгани чиқиб, ундан оилада осойишталикни сақлаш сири ҳақида сўради.
Бу пайтда қўшни аёл ошхонада овқат қилаётган, унинг эри эса столда бир нималарни ёзиб ўтирганди. Шунда бирдан телефон жиринглади. Эри телефон олдига борар экан, бехос стол устида турган вазани туртиб юборди. Ваза ерга тушиб, синди. Бу ҳолни кўрган аёли дарров келиб вазани синиқларини тера бошлади. Эри аёлига айбдорона қараб, узр сўради. Аёли эса: “Аслида мен сиздан узр сўрайман. Чунки вазани стол устига – ноқулай жойга қўйган эканман”, деди.
Бу ҳолни кузатган қўшни аёл уйига қайтиб келди ва нималар кўрганини айтиб берди. Сўзи якунида: “Оддий бир ишда улар иккаласи ҳам ўзини айбдор ҳисобларкан. Биз эса ҳар ишда ўзимизни ҳақ, деймиз. Жанжалимиз сабаби шундан экан”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Ҳақ бўла туриб жанжални тарк этган кишига жаннат ёнидаги бир уйга кафилман. Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман. Чиройли хулқли кишига жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман» (Имом Абу Довуд ривояти).
Мана, осойишталик сири нимада экан!
Акбаршоҳ Расулов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Аёл киши уйида эрига иқтидо қилиб намоз ўқиса бўладими? Агар жоиз бўлса, аёл қаерда туради?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, аёллар уйда эрлари ёки бошқа эркак маҳрамларига иқтидо қилган ҳолда жамоат бўлиб намоз ўқишлари жоиз бўлади. Бу борада аллома Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ бундай зикр қиладилар:
“Агар имом билан бир аёл намоз ўқимоқчи бўлса, унинг орқасида туради. Чунки аёлни эркак билан бир сафда ёнма-ён туриши эркакнинг намозини бузади. Агар имомдан ташқари бир эркак ва бир аёл бўлса, эркак имомнинг ўнг томонига ва аёл эса, орқасида туради. Агар имомдан ташқари икки эркак ва битта аёл бўлса, икки эркак имомнинг орқасида ва битта аёл уларнинг орқасида туради. Агар эркаклар ва аёллар ҳамда ёш ўғил ва қиз болалар жамоат бўлиб намоз ўқимоқчи бўлсалар, у ҳолда имомнинг орқасида дастлаб балоғатга етган эркаклар туради. Сўнг балоғатга етмаган ёш ўғил болалар, сўнг балоғатга етган аёллар, сўнг ёш қизлар турадилар” (“Бадоеус-саноеъ” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази