Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиб, қўлнинг бош бармоғи қулоқнинг юмшоғига етказилади ва "такбири таҳрима" айтиб, намозга кирилади. Қўллар кўтарилганда кафтнинг ички томони қиблага қаратилиб, бармоқлар бироз очилган ҳолатда бўлади.
Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиши ҳақида бир қанча ҳадислар келган:
Воил ибн Ҳужр розияллоху анҳу: "Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни намозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб, қулоқлари баробарига кўтарганларини кўрдим", дедилар (Имом Муслим ривояти).
Анас ибн Молик розияллоху анҳу ривоят қилган ҳадисда: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга киришда такбир айтиб, сўнгра икки қўлларини кўтариб, бош бармоқларини қулоқларига баробар қилар эдилар" (Имом Ҳоким ва Имом Дорақутний ривоятлари).
Уламоларимиз: “Ҳадисларда келган "қўлни қулоқ баробарига кўтариш”дан мақсад уни қулоққа теккизишдир, чунки қулоқнинг юмшоғига қўл тегиши қўлнинг қулоқ баробарига кўтарилганининг аниқ белгисидир”, деганлар. Бу ҳақда “Раддул Муҳтор”, “Лубоб фий шарҳил китоб”, “Фатавои Қозихон”, “Шарҳул Виқоя”, “Мажмаъул анҳур” шу каби бир қанча мўътабар фиқҳий китобларимизда баён қилинган.
Уйчи туман "Хизиробод" жоме масжиди
имом-хатиби Шерзод Раҳимов
Манба: t.me/softalimotlar
ВАҚТ ҚАДРИ ВА УНДАН УНУМЛИ ФОЙДАЛАНИШ
Баъзи инсонларда соғлом ҳаёт кечириш учун ҳар куни албатта саккиз соат ухлаш керак, деган тушунча бор. Аммо аслида уйқу миқдори ҳар бир инсоннинг ҳолати, эҳтиёжи ва организмига боғлиқ. Асосий мақсад — маълум бир соатни тўлдириш эмас, балки тетик ва фаол ҳолатда уйғонишдир.
Кимдир олти соат ухлаб ҳам кун давомида самарали фаолият олиб бориши мумкин, бошқа бировга эса кўпроқ дам олиш керак бўлади. Муҳими — инсон уйқусини тартибга солиши ва вақтини қадрлаши лозим.
УЛУҒ ЗОТЛАР ҲАЁТИДАН НАМУНАЛАР
Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳ бир китобдан чарчаса, бошқасига ўтар, уйқуси келганда эса ўзини сув билан сергаклаштириб, яна илм билан машғул бўлар эди.
Муфассир Алусий раҳматуллоҳи алайҳ кечалари тафсир ёзар, кундузлари эса дарс берар эдилар. Унинг илмий мероси қанчалик улкан экани бу меҳнатнинг самарасидир.
ВАҚТНИ БЕҲУДА САРФЛАМАСЛИК
Инсон ҳаётида энг қимматли бойлик — вақтдир. Пулни йўқотган одам уни қайта топиши мумкин, аммо ўтган вақт ҳеч қачон қайтмайди.
Имом Ҳофиз Мунзирий раҳматуллоҳи алайҳ ҳақида айтади: “Мен кечаю кундуз илм билан машғул бўлган, ҳатто овқатланаётганда ҳам илмдан узилмайдиган инсонларни кўрдим”.
БЎШ ВАҚТНИ ТЎҒРИ БОШҚАРИШ
Баъзан инсон бир неча дақиқа дам олиш учун ўтиради, аммо бу вақт сезилмай соатларга айланиб кетади. Натижада умрнинг катта қисми фойдасиз ишларга сарфланади.
Шунинг учун ҳар бир инсон: “Мен сарфлаётган бу вақтим менга ёки бошқаларга қандай фойда келтиради?” деб ўзидан сўраши керак. Агар жавоб бўлмаса, у ишдан воз кечиш афзал.
ВАҚТДАН ФОЙДАЛАНИШГА ЗАМОНАВИЙ МИСОЛ
Баъзи ривожланган жамиятларда инсонлар ҳатто қисқа кутиш вақтларидан ҳам унумли фойдаланишга одатланган. Масалан, транспортда, навбатда ёки учрашув бошланишини кутаётганда улар китоб ўқийди, режалар тузади ё бирор иш билан шуғулланади.
Бу янги одат эмас. Аслида бу – мусулмон уламолари асрлар давомида амал қилган тамойилдир.
ҲАР БИР ЙИҒИЛИШ ФОЙДАЛИ БЎЛСИН
Абу Амр ибн Аъло раҳматуллоҳи алайҳи Асмоийга бундай насиҳат қилган: “Агар бирор жойга боришинг илм олиш, яхшилик қилиш ёки фойдали мақсад учун бўлса — бор. Аммо беҳуда суҳбат, ғийбат ва вақтни исроф қилиш учун бўлса — ундан сақлан”.
Инсоннинг учрашувлари ҳам, суҳбатлари ҳам фойдали бўлиши керак. Овқатланиш, меҳмончилик, дўстлар билан учрашиш — барчаси яхши ният ва фойдали мақсад билан бўлса, қадрлидир.
ХУЛОСА
Улуғ инсонларнинг ҳаёти бизга бир ҳақиқатни ўргатади: Вақт – Аллоҳ берган энг катта неъматлардан бири. Уни қадрлаган инсон дунёси ва охирати учун катта ютуқларга эришади.
Шунинг учун ҳар бир лаҳзамизни илм, ибодат, меҳнат ва фойдали ишлар билан безашга ҳаракат қилайлик.
Даврон НУРМУҲАММАД