Бугун, чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида фуқароларнинг навбатдаги қабули бўлиб ўтди. Унда раис ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов юртимизнинг турли ҳудудларидан келган юртдошларимизнинг масалалари, таклиф-мулоҳазаларини тинглади.
Шаръий ҳукмлар, оилавий масалалар, моддий кўмак сўровлари тегишли тартибда кўриб чиқилиши белгиланди. Шунингдек, фуқаролар томонидан масжидларни обод қилиш, ёшлар ўртасида илмий-маърифий тарғиботларни кучайтириш юзасидан билдирилган таклифлар ёзиб олинди.
Тегишли масалалар бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилиб, фуқаролар мурожаатларини тезкор ва адолатли ҳал этишга йўналтирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Кувайтнинг “Al Jarida” газетасида журналист Рабиҳ Калласнинг Ўзбекистонга саёҳати давомида олган таассуротлари асосида тайёрланган мақолалари эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
“Тошкент – Марказий Осиёнинг дурдонаси ва кувайтликлар учун муносиб сайёҳлик манзили” ҳамда “Самарқанд – асрлар оша дунёни ҳайратга солаётган шаҳар” сарлавҳали материалларда ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, шаҳардаги хавфсизлик ва тозалик, замонавий инфратузилма ҳамда Ипак йўлининг бой мероси ҳақида маълумотлар келтирилган.
Муаллифнинг таъкидлашича, Ўзбекистон пойтахти хавфсизлик, меҳмондўстлик ва исломий меросни уйғунлаштирган шаҳар ҳисобланади. Тошкентнинг кенг ва тоза кўчалари, тинч-тотув муҳити сайёҳларда катта таассурот қолдиради. Тошкент метросининг бетакрор меъморчилиги, янги барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази минтақа маданий юксалишида муҳим ўринга эга.
Мақолаларда 2700 йилдан ортиқ тарихга эга Самарқанд шаҳрининг Буюк Ипак йўли чорраҳасидаги стратегик аҳамияти ҳақида сўз юритилган. Амир Темур ва Темурийлар даврида гуллаб-яшнаган ушбу шаҳарнинг Регистон майдони, Шоҳи Зинда мажмуаси, Гўри Амир мақбараси ва Мирзо Улуғбек расадхонаси каби меъморий дурдоналари Шарқ цивилизациясининг юксак намунаси сифатида тавсифланади.
Журналист Ўзбекистонга саёҳат Форс кўрфази давлатларидан, хусусан, Кувайтдан келувчи оилавий туристлар учун энг қулай ва жозибадор йўналиш эканини таъкидлаган. Мамлакатдаги бетакрор миллий ошхоналар, ҳалол таомлар, замонавий “Афросиёб” тезюрар поездлари қатнови саёҳатни янада мазмунли қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати