Бирор киши билан тортишиб қолиб, у билан алоқани узиб юбормоқчи бўлсангиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “У иккисининг энг яхшиси “Салом” билан гаплашишни бошлаб юборганидир”[1] деган сўзларини ёдга олинг.
Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан у кишининг ота бир укаси Муҳаммад ибнул Ҳанафийнинг орасидаги муносабатларга дарс кетади. Бўлиб ўтган ишга икки кун ўтмай Ибнул Ҳанафий Ҳусайн розияллоҳу анҳуга мактуб юборади. Мактубда шундай деб ёзилган эди: “Бизнинг отамиз бир. Бу борада бирортамиз бошқамизга фахрланмаймиз. Аммо сизнинг онангиз Фотима розияллоҳу анҳодир, сизнинг онангиз қаёқда-ю, менинг онам қаёқда. Сизни Расулуллоҳнинг ўзлари катта қилган ва тарбиялаганлар, мен эса бундайин буюк мартабадан анча пастдаман. Ушбу мактубим сизга етиб бориши билан дарҳол мен томонга шошилинг ва орани ислоҳ қилинг. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У иккисининг энг яхшиси “Салом” билан гаплашишни бошлаб юборганидир”, деганлар. Сиз мендан яхшироқсиз. Айтадиган гапим шу”.
Биродарини устун қўйишнинг улкан кўринишига эътибор беринг. Ибнул Ҳанафийнинг Ҳусайн розияллоҳу анҳудан аввал бу савобга эришиши мумкин эди. Лекин у киши биродари Ҳусайн розияллоҳу анҳуни ўзидан устун кўрди. Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг у кишидан кўра яхшироқ эканини эслатди, бу иши эса у зотнинг ўртани ислоҳ қилишга бўлган ғайрати ва ҳимматини қўзғаш учун эди. Чунки яхшилар доим яхшилик сари интиладилар.
Ваъда қилинган ажр жаннат бўлса, бошқаларни ўзидан устун қўйиш одамлар орасида жуда кам учрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари душманга қарши жанг бобида мусобақалашар эди, ҳатто ота-болалар ўртасида ҳам шу каби ҳолат кузатиларди. Масалан, ота-боланинг ҳар иккиси бирваракайига жангга бориш имкони бўлмаса қуръа ташлашарди, қуръа болага чиқса, отаси унга: “Мен чиқай, болам, сен қолавер, ахир отангман-ку. Мени ўзингдан устун қўй”, дер эди, бунга жавоб берар экан ўғилнинг кўзлари ёшга тўлиб: “Отажон, унинг мукофоти жаннат-да... Агарда жаннатдан бошқа нарса бўлганида ҳам, Худо ҳаққи, сизни ўтказиб юборардим”, дерди.
Шубҳасиз, сиз ҳам барча мусулмонларнинг жаннатга киришларини орзу қиласиз. Бироқ жаннат мусобақаси кучайиб кетганида, у фақатгина энг ғайратли ва унга энг иштиёқмандларгагина насиб этади. Одамларга яхшиликни илининг, фақат ўзингизни ўйлайверманг!
Шоир Абул Аъло Маъаррий бундай сатрларни ёзган экан:
Абадий қолмоқ имкони бўлса гар сўққабош ҳолим,
Боқий қолиш истагин суймадим ёлғиз ўзим.
Менга ҳам, еримга ҳам ёғмасин ёмғир,
Модомики қамраб олмас экан бутун қавмим.
Худбинлик (эгоизм) сизнинг устингиздан ҳукмронлик қилишига ҳеч ҳам имкон берманг! Доимо Аллоҳ таолодан барча мусулмонларга яхшилик ва хайр-барака сўраб дуо қилинг ва шу жумлаларни ҳам айтинг: “Эй Яратган Зот! Менинг дуоларим орасига барча мусулмонларни ҳам қўшиб қўй”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Бухорий ривояти.
Дин ва жамият
Ислом дини кишини ҳаддан ошиш, зўравонлик ва адоватдан қайтаради. Ҳар бир ишда ўрта йўлни тутиш, ақл билан иш кўриш, адолат ва инсофни сақлаш асосий мезонлардан экани таъкидланади.
Афсуски, бугунги кунда айрим кимсалар динимизга хос муқаддас тушунчаларни нотўғри талқин қилиб, ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда. Улар диннинг асл моҳияти бўлган тинчлик, ўзаро меҳр-мурувват ва эзгулик ғояларини бузиб, одамлар қалбига мутаассиблик уруғини сочишга ҳаракат қилмоқда. Бундай кимсалар хорижда туриб ижтимоий тармоқлар орқали ақидавий, фиқҳий, маҳзаб масалаларида халқимизни чалғитишга уриниб, мутаассиблик ва бошқа ёт ғояларни тарғиб қилиб, оммани шубҳалар гирдобига тортишга уринмоқда.
Ҳақиқий диндорлик одамлардан узилиш, ҳаётдан четлашиш ёки бошқаларга нисбатан қаттиққўллик қилиш эмас. Балки ҳалол меҳнат қилиш, ота-онага ҳурмат кўрсатиш, оилага масъулият билан қараш, жамиятга фойда келтириш ва ибодатни ихлос билан адо этишда намоён бўлади. Мутаассиблик эса шу мувозанатни бузади. Бундай киши ўз фикрини ягона ҳақиқат деб билади, бошқа қарашларни эшитишни истамайди. Фақат ўз фикрини ўтказишга уринади. У кўп ҳолларда диннинг асл моҳиятини эмас, балки ўзининг тор ва бирёқлама тушунчасини ҳимоя қилади. Шу сабабли мутаассиблик жамиятда муросасизлик, адоват ва бўлинишларга сабаб бўлади.
Аслида, чин мусулмон ўз эътиқодида мустаҳкам бўлиши билан бирга, бошқаларга нисбатан ҳам одоб, ҳурмат ва инсоф билан муносабатда бўлиши керак. Дин номидан қўполлик қилиш, одамларни камситиш, жамият тинчлигига рахна солиш ёки зўравонликни оқлаш қораланган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар бир ишда – хоҳ у дунёвий бўлсин, хоҳ охират амали бўлсин – ўртача бўлишга чақириб: “Ишларнинг энг яхшиси ўртачасидир”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти). Бу эса Исломда инсон ҳаёти бир томонга оғишган эмас, балки мувозанатли бўлиши кераклигини кўрсатади.
Бу ҳақда Қуръони каримда: “...Роҳибликни эса улар ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга уни (роҳибликни) ёзганимиз йўқ, лекин улар ўзлари Аллоҳнинг ризолигини истаб (роҳиблик) қилдилар-у, сўнгра унга тўла риоя қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирганларига мукофотларни ато этдик. (Аммо) уларнинг орасида аксарияти фосиқ (кофир)дирлар” (Ҳадид сураси, 27-оят), дейилган. Демак, киши ўз табиатига оғирлик қиладиган даражада ҳаётдан узилиб, тоат-ибодатга берилиб кетмаслиги керак.
Яна бир оятда: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин” (Қасас сураси, 77-оят). Мусулмон киши дунёни деб охиратни унутиши, охиратни баҳона қилиб, зиммасидаги бу дунё ишларини ташлаб қўйиши жоиз эмас.
Мутаассиблик илмсизлик сабабли келиб чиқади. Илмли киши ҳеч қачон ўзгалар билан тортишмайди ва ҳар ишда ўзиникини маъқуллайвермайди. Аксинча, ҳақ гап айтилганида тан олади. Шунинг учун фарзандларимизга ёшлигиданоқ диний билимларни чуқур ўргатиб, турли фитналардан огоҳ этиб боришимиз зарур. Зеро, ҳақиқий илм эгаларини ҳеч қандай бузғунчи ғоялар чалғита олмайди.
Ғафуржон ЭШОНҚУЛОВ,
Ургут туманидаги “Чубин” масжиди имом ноиби
Ҳ. Садриддинов уюштирди.
"Ҳидоят" журналини 7-сонидан