Ислом тарихидаги энг улуғ, маънавий жиҳатдан энг ибратли кунлардан бири Ашуро куннидир. Ҳар йили муҳаррам ойининг ўнинчи куни нишонланадиган бу сана нафақат рўза тутиш фазилати билан, балки Аллоҳ таолонинг бандаларига кўрсатган марҳамати, Мусо алайҳиссалом ва унинг қавмини нажот этганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу кунга алоҳида эътибор берганлар ва умматларини ҳам унинг фазилатларидан баҳраманд бўлишга чорлаганлар. Ашуро куни мусулмонлар учун маънавий покланиш, гуноҳларга каффорат ва суннатни ҳаётга татбиқ этиш имконидир.
Бу кун мусулмонлар учун рўза тутиш тавсия этилган кунлардан бири бўлиб, уламоларнинг кўпчилиги бу кунни рўза билан ўтказишни мустаҳаб деб ҳисоблайди. Ашуро куни рўза тутиш суннат амаллардан бири бўлиб, унинг фазилати жуда катта. Тасуъо (тўққизинчи) ва Ашуро (ўнинчи) кунларида рўза тутиш пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннатлардандир. Бу Аллоҳнинг кунларидан бири бўлиб, У Зот ўз бандаларига марҳамат кўрсатган, яъни У зот Калимуллоҳ Мусо алайҳиссалом ва Унинг қавми Бани Исроилни Фиръавн ва унинг қўшинининг зулмидан нажот этган кундир.
Ашуро кунини рўза билан ўтказишнинг асосий сабаби бу кунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом ва Бани Исроилни Фиръавн ва унинг қўшинидан нажот этганидир. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини жуда аҳамиятли деб билар эдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор кунни бошқалардан афзал деб рўза тутишга уринганларини кўрмаганман, фақат ушбу кун — Ашуро куни ва ушбу ой — Рамазон ойидан ташқари” (Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни Ашуро куни рўза тутишга рағбатлантирар ва: “Ашуро куни рўзаси ўтган бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, дер эдилар (Имом Муслим ривояти).
Мусулмонлар бу суннатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг амалиётга тадбиқ эта бошладилар. У киши яҳудийларни Ашуро куни рўза тутаётганини кўрдилар ва бунинг сабабини сўраганларида, улар: “Бу яхши кун бўлиб, Аллоҳ ушбу кунда Бани Исроилни душманларидан нажот этган, шунинг учун Мусо алайҳиссалом ушбу кунни рўза билан ўтказган”, дейишди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мен Мусога сизлардан кўра яқинроқман”, деб, ўша куни рўза тутдилар ва бошқаларга ҳам рўза тутишни буюрдилар.
Шу кундан бошлаб бу амал суннат сифатида амалга оширила бошланди ва мусулмонлар учун ўтган йилнинг гуноҳларидан покланиш, катта савоб ва фазилатга эришиш имкони сифатида қаралади.
Ашуро куни бу барча мусулмонлар учун муҳим сана ҳисобланади. Кўплаб инсонлар бу кунда рўза тутишга ва ибодат қилишга интилади.
Кўпчилик Ашуро кунини ягона ҳолда рўза тутиш мумкин эмас, деб ҳисоблайди. Аммо Азҳар муассасаси ўз фатволаридан бирида бу фикрни рад этган. Унда таъкидланганидек, жума ёки шанба куни Ашуро кунига тўғри келса ҳам, уни алоҳида ҳолда рўза тутиш ман қилинган эмас.
Азҳар уламоларининг таъкидлашларича, имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасига изн берганлар ва унга тарғиб қилганлар. Лекин бу кун шанбага тўғри келса, тутманглар, демаганлар. Бунинг ўзиёқ, Ашуро ҳар қандай кунга тўғри келса ҳам рўза тутиш мумкинлигини кўрсатади”.
Шунингдек, агар Ашуро ёки Арафа куни жума ёки шанба кунига тўғри келса ёки инсоннинг одатдаги рўзали куни бўлса, бу ҳолда рўза тутишда ҳеч қандай монеълик йўқ.
Дорул-Ифто (Миср Фатво ҳайъатининг 2023 йил 26 июльдаги 7756 рақамли Профессор Доктор Шавқий Иброҳим Аллом фатвосида) ҳам Ашуро кунини яъни муҳаррамнинг 10-кунини ягона ҳолда рўза тутиш жоизлигини тасдиқлаган. Шу билан бирга, ихтилофдан қочиш мақсадида, у билан бирга бир кун аввал 9-кун ёки бир кун кейин 11-кун рўза тутиш тавсия этилди.
Миср Дорул-Ифто муассасаси таъкидлашича, муҳаррамнинг 9-кунини рўза тутиш қатъий суннатдир. Бу борада Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўза тутганларида, Пайғамбаримизга яҳудий ва насронийлар бу кунни улуғлашларини айтишган. Шунда у зот: “Келгуси йили, агар Аллоҳ хоҳласа, тўққизинчи куни ҳам рўза тутаман”, деганлар. Ибн Аббос айтадилар: келгуси йил келмасдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар. Бу ҳадисни Имом Муслим ўз “Саҳиҳларида” келтирганлар.
Суннатда Ашуро куни рўзаси тутишнинг фазилати ҳақида бир қатор ривоятлар келтирилган. Унга кўра, муҳаррам ойида рўза тутиш тавсия этилган амаллардан саналади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг ойи муҳаррам ойида тутиладиган рўзадир. Фарз намозлардан кейинги энг афзал намоз кечаси ўқиладиган (таҳажжуд) намоздир”.
Ашуро кунининг фазилати шундаки, бу кун тутиладиган рўза ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:
— Арафа куни рўзаси ҳақида нима дейсиз?
У зот: “Аллоҳдан умид қиламанки, ўтган ва келгуси йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади”, дедилар.
— Ашуро куни рўзаси ҳақида нима дейсиз? деб сўрадилар.
У зот: “Аллоҳдан умид қиламанки, ўтган йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади”, деб жавоб бердилар.
Шунингдек, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бирон кунни бошқалардан кўра афзал деб рўза тутишга шунчалик интиқлик билан интиқлик қилганларини кўрмаганман, фақат ушбу кун Ашуро куни ва ушбу ой Рамазон ойи бундан мустасно”.
Уламоларимиз Ашуро кунида аҳли оилага кўпроқ сарф қилиш, яъни уларни қувончли қилиш, ризқда кенглик қилишнинг тавсия этилган амаллардан эканини таъкидлайдилар. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларига асосланади:
“Кимки Ашуро кунида ўз аҳлига (оила аъзоларига) кенглик қилса, Аллоҳ таоло унга бутун йили кенглик беради”.
Хулоса ўрнида шуни эслаш жоизки, Ашуро куни бу бир кунлик рўза орқали бутун бир йиллик гуноҳлардан покланиш умиди берилган, Аллоҳнинг махсус марҳамати тўкилган муқаддас кундир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан бири бўлган ушбу рўзани тутмоқ, уни 9-куни ёки 11-кун билан бирга адо этмоқ мусулмон киши учун катта ажру савоб манбаидир.
Шунингдек, бу кунда аҳли оилага шодлик улашиш, ризқда кенглик қилиш ҳам суннатга уйғун амаллардан ҳисобланади. Демак, Ашуро куни ибодат, муҳаббат ва маънавий янгиланиш кунидир. Ундан оқилона фойдаланган киши на дунёда, на охиратда зиён кўрмайди.
Дилшод Алиев,
"Болои Ҳовуз" масжиди имоми.
Дин ва жамият
Ислом дини кишини ҳаддан ошиш, зўравонлик ва адоватдан қайтаради. Ҳар бир ишда ўрта йўлни тутиш, ақл билан иш кўриш, адолат ва инсофни сақлаш асосий мезонлардан экани таъкидланади.
Афсуски, бугунги кунда айрим кимсалар динимизга хос муқаддас тушунчаларни нотўғри талқин қилиб, ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда. Улар диннинг асл моҳияти бўлган тинчлик, ўзаро меҳр-мурувват ва эзгулик ғояларини бузиб, одамлар қалбига мутаассиблик уруғини сочишга ҳаракат қилмоқда. Бундай кимсалар хорижда туриб ижтимоий тармоқлар орқали ақидавий, фиқҳий, маҳзаб масалаларида халқимизни чалғитишга уриниб, мутаассиблик ва бошқа ёт ғояларни тарғиб қилиб, оммани шубҳалар гирдобига тортишга уринмоқда.
Ҳақиқий диндорлик одамлардан узилиш, ҳаётдан четлашиш ёки бошқаларга нисбатан қаттиққўллик қилиш эмас. Балки ҳалол меҳнат қилиш, ота-онага ҳурмат кўрсатиш, оилага масъулият билан қараш, жамиятга фойда келтириш ва ибодатни ихлос билан адо этишда намоён бўлади. Мутаассиблик эса шу мувозанатни бузади. Бундай киши ўз фикрини ягона ҳақиқат деб билади, бошқа қарашларни эшитишни истамайди. Фақат ўз фикрини ўтказишга уринади. У кўп ҳолларда диннинг асл моҳиятини эмас, балки ўзининг тор ва бирёқлама тушунчасини ҳимоя қилади. Шу сабабли мутаассиблик жамиятда муросасизлик, адоват ва бўлинишларга сабаб бўлади.
Аслида, чин мусулмон ўз эътиқодида мустаҳкам бўлиши билан бирга, бошқаларга нисбатан ҳам одоб, ҳурмат ва инсоф билан муносабатда бўлиши керак. Дин номидан қўполлик қилиш, одамларни камситиш, жамият тинчлигига рахна солиш ёки зўравонликни оқлаш қораланган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар бир ишда – хоҳ у дунёвий бўлсин, хоҳ охират амали бўлсин – ўртача бўлишга чақириб: “Ишларнинг энг яхшиси ўртачасидир”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти). Бу эса Исломда инсон ҳаёти бир томонга оғишган эмас, балки мувозанатли бўлиши кераклигини кўрсатади.
Бу ҳақда Қуръони каримда: “...Роҳибликни эса улар ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга уни (роҳибликни) ёзганимиз йўқ, лекин улар ўзлари Аллоҳнинг ризолигини истаб (роҳиблик) қилдилар-у, сўнгра унга тўла риоя қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирганларига мукофотларни ато этдик. (Аммо) уларнинг орасида аксарияти фосиқ (кофир)дирлар” (Ҳадид сураси, 27-оят), дейилган. Демак, киши ўз табиатига оғирлик қиладиган даражада ҳаётдан узилиб, тоат-ибодатга берилиб кетмаслиги керак.
Яна бир оятда: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин” (Қасас сураси, 77-оят). Мусулмон киши дунёни деб охиратни унутиши, охиратни баҳона қилиб, зиммасидаги бу дунё ишларини ташлаб қўйиши жоиз эмас.
Мутаассиблик илмсизлик сабабли келиб чиқади. Илмли киши ҳеч қачон ўзгалар билан тортишмайди ва ҳар ишда ўзиникини маъқуллайвермайди. Аксинча, ҳақ гап айтилганида тан олади. Шунинг учун фарзандларимизга ёшлигиданоқ диний билимларни чуқур ўргатиб, турли фитналардан огоҳ этиб боришимиз зарур. Зеро, ҳақиқий илм эгаларини ҳеч қандай бузғунчи ғоялар чалғита олмайди.
Ғафуржон ЭШОНҚУЛОВ,
Ургут туманидаги “Чубин” масжиди имом ноиби
Ҳ. Садриддинов уюштирди.
"Ҳидоят" журналини 7-сонидан