Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Июл, 2026   |   15 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:40
Қуёш
05:10
Пешин
12:35
Аср
17:34
Шом
19:48
Хуфтон
21:15
Bismillah
29 Июл, 2026, 15 Сафар, 1448

Ашуро куни — муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир

04.07.2025   23454   7 min.
Ашуро куни — муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир

Ислом тарихидаги энг улуғ, маънавий жиҳатдан энг ибратли кунлардан бири Ашуро куннидир. Ҳар йили муҳаррам ойининг ўнинчи куни нишонланадиган бу сана нафақат рўза тутиш фазилати билан, балки Аллоҳ таолонинг бандаларига кўрсатган марҳамати, Мусо алайҳиссалом ва унинг қавмини нажот этганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу кунга алоҳида эътибор берганлар ва умматларини ҳам унинг фазилатларидан баҳраманд бўлишга чорлаганлар. Ашуро куни мусулмонлар учун маънавий покланиш, гуноҳларга каффорат ва суннатни ҳаётга татбиқ этиш имконидир.

 Бу кун мусулмонлар учун рўза тутиш тавсия этилган кунлардан бири бўлиб, уламоларнинг кўпчилиги бу кунни рўза билан ўтказишни мустаҳаб деб ҳисоблайди. Ашуро куни рўза тутиш суннат амаллардан бири бўлиб, унинг фазилати жуда катта. Тасуъо (тўққизинчи) ва Ашуро (ўнинчи) кунларида рўза тутиш пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннатлардандир. Бу Аллоҳнинг кунларидан бири бўлиб, У Зот ўз бандаларига марҳамат кўрсатган, яъни У зот Калимуллоҳ Мусо алайҳиссалом ва Унинг қавми Бани Исроилни Фиръавн ва унинг қўшинининг зулмидан нажот этган кундир.

Ашуро кунини рўза билан ўтказишнинг асосий сабаби бу кунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом ва Бани Исроилни Фиръавн ва унинг қўшинидан нажот этганидир. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини жуда аҳамиятли деб билар эдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор кунни бошқалардан афзал деб рўза тутишга уринганларини кўрмаганман, фақат ушбу кун — Ашуро куни ва ушбу ой — Рамазон ойидан ташқари” (Имом Бухорий ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни Ашуро куни рўза тутишга рағбатлантирар ва: “Ашуро куни рўзаси ўтган бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”,  дер эдилар (Имом Муслим ривояти).

Мусулмонлар бу суннатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг амалиётга тадбиқ эта бошладилар. У киши яҳудийларни Ашуро куни рўза тутаётганини кўрдилар ва бунинг сабабини сўраганларида, улар: “Бу яхши кун бўлиб, Аллоҳ ушбу кунда Бани Исроилни душманларидан нажот этган, шунинг учун Мусо алайҳиссалом ушбу кунни рўза билан ўтказган”, дейишди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мен Мусога сизлардан кўра яқинроқман”, деб, ўша куни рўза тутдилар ва бошқаларга ҳам рўза тутишни буюрдилар.

Шу кундан бошлаб бу амал суннат сифатида амалга оширила бошланди ва мусулмонлар учун ўтган йилнинг гуноҳларидан покланиш, катта савоб ва фазилатга эришиш имкони сифатида қаралади.

Ашуро куни бу барча мусулмонлар учун муҳим сана ҳисобланади. Кўплаб инсонлар бу кунда рўза тутишга ва ибодат қилишга интилади.

Кўпчилик Ашуро кунини ягона ҳолда рўза тутиш мумкин эмас, деб ҳисоблайди. Аммо Азҳар муассасаси ўз фатволаридан бирида бу фикрни рад этган. Унда таъкидланганидек, жума ёки шанба куни Ашуро кунига тўғри келса ҳам, уни алоҳида ҳолда рўза тутиш ман қилинган эмас.

Азҳар уламоларининг таъкидлашларича, имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасига изн берганлар ва унга тарғиб қилганлар. Лекин бу кун шанбага тўғри келса, тутманглар, демаганлар. Бунинг ўзиёқ, Ашуро ҳар қандай кунга тўғри келса ҳам рўза тутиш мумкинлигини кўрсатади”.

Шунингдек, агар Ашуро ёки Арафа куни жума ёки шанба кунига тўғри келса ёки инсоннинг одатдаги рўзали куни бўлса, бу ҳолда рўза тутишда ҳеч қандай монеълик йўқ.

Дорул-Ифто (Миср Фатво ҳайъатининг 2023 йил 26 июльдаги 7756 рақамли Профессор Доктор Шавқий Иброҳим Аллом фатвосида) ҳам Ашуро кунини яъни муҳаррамнинг 10-кунини ягона ҳолда рўза тутиш жоизлигини тасдиқлаган. Шу билан бирга, ихтилофдан қочиш мақсадида, у билан бирга бир кун аввал 9-кун ёки бир кун кейин 11-кун рўза тутиш тавсия этилди.

Миср Дорул-Ифто муассасаси таъкидлашича, муҳаррамнинг 9-кунини рўза тутиш  қатъий суннатдир. Бу борада Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўза тутганларида, Пайғамбаримизга яҳудий ва насронийлар бу кунни улуғлашларини айтишган. Шунда у зот: “Келгуси йили, агар Аллоҳ хоҳласа, тўққизинчи куни ҳам рўза тутаман”, деганлар. Ибн Аббос айтадилар: келгуси йил келмасдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар. Бу ҳадисни Имом Муслим ўз “Саҳиҳларида” келтирганлар.

Суннатда Ашуро куни рўзаси тутишнинг фазилати ҳақида бир қатор ривоятлар келтирилган. Унга кўра, муҳаррам ойида рўза тутиш тавсия этилган амаллардан саналади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

“Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг ойи муҳаррам ойида тутиладиган рўзадир. Фарз намозлардан кейинги энг афзал намоз кечаси ўқиладиган (таҳажжуд) намоздир”.

Ашуро кунининг фазилати шундаки, бу кун тутиладиган рўза ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:

Арафа куни рўзаси ҳақида нима дейсиз?

У зот: “Аллоҳдан умид қиламанки, ўтган ва келгуси йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади”, дедилар.

Ашуро куни рўзаси ҳақида нима дейсиз? деб сўрадилар.

У зот: “Аллоҳдан умид қиламанки, ўтган йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади”, деб жавоб бердилар.

Шунингдек, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бирон кунни бошқалардан кўра афзал деб рўза тутишга шунчалик интиқлик билан интиқлик қилганларини кўрмаганман, фақат ушбу кун Ашуро куни ва ушбу ой Рамазон ойи бундан мустасно”.

Уламоларимиз Ашуро кунида аҳли оилага кўпроқ сарф қилиш, яъни уларни қувончли қилиш, ризқда кенглик қилишнинг тавсия этилган амаллардан эканини таъкидлайдилар. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларига асосланади:

“Кимки Ашуро кунида ўз аҳлига (оила аъзоларига) кенглик қилса, Аллоҳ таоло унга бутун йили кенглик беради”.

Хулоса ўрнида шуни эслаш жоизки, Ашуро куни бу бир кунлик рўза орқали бутун бир йиллик гуноҳлардан покланиш умиди берилган, Аллоҳнинг махсус марҳамати тўкилган муқаддас кундир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан бири бўлган ушбу рўзани тутмоқ, уни 9-куни ёки 11-кун билан бирга адо этмоқ  мусулмон киши учун катта ажру савоб манбаидир.
Шунингдек, бу кунда аҳли оилага шодлик улашиш, ризқда кенглик қилиш ҳам суннатга уйғун амаллардан ҳисобланади. Демак, Ашуро куни ибодат, муҳаббат ва маънавий янгиланиш кунидир. Ундан оқилона фойдаланган киши на дунёда, на охиратда зиён кўрмайди.

 

Дилшод Алиев,
"Болои Ҳовуз" масжиди имоми.

 

Бошқа мақолалар
Мақолалар

“Қуёш ўраб қўйилганида…”

28.07.2026   3031   3 min.
“Қуёш ўраб қўйилганида…”

Қуёш асосан водород (тахминан 74%) ва гелийдан (тахминан 24%) ташкил топган бўлиб, унинг ядросидаги юқори босим ва ҳарорат водородни гелийга айлантиради.Бу жараён миллиардлаб йиллар давом этади ва Қуёш марказидаги водород камайиб, гелий кўпайиб боради.
 

Гелий водородга нисбатан тўрт баробар оғир бўлгани учун бу ҳолат номутаносиблик келтириб чиқариб, мувозанат бузилади. Қачондир Қуёш ўз мувозанатини тиклаш учун умумий ўзгаришга учрайди. Жумладан, ташқи қатламлар жуда катта ҳажмда шишади, марказ (ядро) қисқаради, Қуёш ранги қизғиш тусга киради.


Бу босқичда Қуёш “қизил улкан” (red giant) жисмга айланади ва илмий ҳисоб-китобларга кўра, у Меркурий, Венера ва Ер сайёраларини ютиб юбориши мумкин.


Қуёш ички кучлари заифлашгач, унинг ташқи шишган қатламлари ўзини ушлаб тура олмайди ва бутун жисм ўз ичига ўзи қулаётгандек сиқилади. Бу жараён фанда “гравитацион коллапс” деб аталади. “Гравитацион коллапс” – бу жисмнинг ўз тортишиш кучи таъсирида ичига қараб қулаб, сиқилиб бориш жараёнидир.


Бу пайтда моддалар жуда зичлашади, атомлар бир-бирига ниҳоятда яқинлашади, электрон қатламлар ўртасидаги электрон тортишиш кучлари қаршилик кўрсатади. Натижада тортишиш ва итарилиш кучлари ўртасида мувозанат ҳосил бўлади.


Шундан сўнг Қуёш “оқ митти” нарсага айланади, яъни қуёшнинг марказида кичик, жуда иссиқ ва зич қисми (1 см³ ҳажми тахминан 1 тоннага тенг) қолади ва унинг ёруғлиги жуда хира бўлиб қолади. Астроном Субраманян Чандрасекхар ҳисоб-китобларига кўра, Қуёшга ўхшаш ёки ундан кичик массали юлдузлар ҳаёти ҳам охирида айнан шу ҳолатга келади.


Ушбу жараёнлар Қуръони каримда қуйидагича ифодаланади: “Қуёш ўраб қўйилганида, …” (Таквир сураси, 1-оят).


Араб тилидаги “куввирот” (تَ ِر ّ ( ُكو сўзи “ўраш”, “жамлаш”, “йиғилиш”, “айланиш” каби маъноларни билдиради. Бу эса илмий жиҳатдан юлдуз моддасининг бир нуқтага йиғилиши ва гравитацион сиқилиш жараёнига мос келади.


Қуръони каримда яна бундай дейилади: “Қуёш (тинмай) ўз қароргоҳи сари сайр қилур. Бу Азиз (қудратли) ва Алим (билимли Зот)нинг ўлчовидир” (Ёсин сураси, 38-оят). Ояти каримадаги “мустақор” сўзи охирги қарор топиш жойи, “барқарор ҳолат” деган маънони англатади. Илмий нуқтаи назардан бу Қуёшнинг “оқ митти” босқичида барқарор ҳолатга келиши билан уйғунлашади.


Замонавий астрофизика маълумотлари кўрсатадики, Қуёш абадий эмас, у босқичма-босқич ўзгаради ва охирида зичлашиб, тобора кичрайиб боради. Қуръони каримда “таквир” (ўралиш, йиғилиш), “мустақор” (қарор топиш) сўзлари билан бу жараёнлар ҳақида хабар берилади.


Доктор Юсуф ал-Ҳаж Аҳмаднинг

“Қуръони карим ва суннати набавиядаги илмий мўъжизалар қомуси” китобидан

Илёсхон АҲМЕДОВ таржимаси


“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 9-сонидан

http://hidoyatuz.taplink.ws

 

Мақолалар