Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Сентябр, 2026   |   6 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:45
Қуёш
06:05
Пешин
12:18
Аср
16:40
Шом
18:33
Хуфтон
19:49
Bismillah
17 Сентябр, 2026, 6 Рабиъус сони, 1448
Мақолалар

Каъба калитининг тарихи

07.07.2025   10371   3 min.
Каъба калитининг тарихи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Каъба хизмати ва қоровуллиги деганда улуғ Каъбага хизмат қилиб, уни қулфлаб очиш тушунилади. Бу араб тилида «Сидана вал хижаба» дейилади. Биринчи бу нарса Исмоил алайҳиссалом қўлларида бўлган. Кейин ўғиллари Собит ва унинг болаларига ўтган. Сўнгра тоғалари қўлида, яъни Журҳумда бўлган. Сўнгра Кусай ибн Қилоб қўлига етиб келгунича Хузоъада бўлган. Қусай ибн Қилоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўртинчи боболаридир. Ҳижрий саккизинчи йили Макка фатҳ бўлганидан кейин Пайғамбар алайҳиссалом Усмон ибн Талҳадан Каъбанинг калитини сўрадилар-да, Каъбани очиб, унга кириб чиқдилар, сўнг: «Огоҳ бўлинг! Ҳар бир жоҳилиятдаги қон ёки мол, ё обрў-эътибор мана бу икки оёғим остидадир. Лекин ҳожиларнинг хизмати ва Каъба қоровуллиги ундай эмас. Мен уни жоҳилиятда ким бошқарган бўлса, ўша кишида қолдирдим», деб қуйидаги оятни ўқидилар:

«Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларни ўз эгаларига топширишга буюради...» (Нисо сураси, 58-оят).

Кейин Усмон ибн Талхани чақириб, калитни унга топширдилар-да: «Эй Талҳа фарзандлари, мана буни олинглар, у авлоддан-авлодга ўтиб, абадий сизларда қолади. Сизлардан уни фақатгина золимларгина тортиб олади», дедилар («Мажмаъуз-завоид»).

Ибн Касирнинг ифода этишларича, кўпгина муфассирлар қуйидаги: «Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларни ўз эгаларига топширишга буюради...» ояти Усмон ибн Талҳа ҳақларида нозил бўлган, дейишади. Шу оятга биноан калит уларга топширилди. Усмон вафот этганларида амакиларининг ўғли Шайба олди, кейин Шайбанинг болалари эгалик қилишди. Мана шу алфозда катталардан мерос бўлиб қолаверди. Улар Шайбийлар деб аталади. Ҳадисдаги: «Абадий сизлар у калитни қўлга киритинглар...» деган гапда Абу Талҳа болаларининг насли ва Каъба қоровуллиги қиёматгача давом этишига ишора бордир.

Бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боқий қолувчи мўъжизаларидан эди. Чунки Каъба қоровуллиги энг буюк ва улуғ ҳамда рақобатчилар рақобат қиладиган вазифалардандир. Айниқса, ҳоким ва нуфузли кишилар бу нарсага кўпроқ қизиқишади. Ушбу вазифанинг Шайба оиласига топширилиши эса қўлида еру осмон мулки бўлган Зот уларни (ҳар хил ёмонликлардан) ҳимоя этишига далилдир.

Ҳозирги кунга қадар ҳам ушбу калит ана шу ахд вакиллари бўлмиш Бану Шайба қўлидадир. У калитнинг узунлиги 40 см соф олтин билан ишланган, ипакли қутида сақланади. У қути ҳар йили кисва фабрикасида тайёрланади. Устига: «Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларни ўз эгаларига топширишга буюради...» деб ёзиб қўйилган. Бошқа томонига: «Буни ясашга икки шарафли ҳарам ходими Фаҳд ибн Абдулазиз томонидан амр этилган», деб ёзиб қўйилган.

Каъба эшигининг қулфи султон Абдулҳамид Усмоний томонидан ҳижрий 1309, милодий 1891 йили ясалган эски қулф асосида ҳижрий 1399, милодий 1979 йили янги қулф қайта ишланди. Бу ўзгартириш янги эшикка муносиб бўлди. Уни қайта таъмирлашга эҳтиёж қолмади. Бу қулфнинг узунлиги 34 см Ҳар томонининг эни 6 см дан. Ҳар бир томонида сариқ мисдан бир бўлак бор. У томонларнинг узунлиги 8 см, эни 2 см Қулфга қуйидаги ибора ўйиб ёзилган: «Холид ибн Абдулазиз оли Сауд томонидан ҳижрий 1399 йили ясалган».

"Макка, Каъба, Замзам тарихи,
ҳаж ва умра маносиклари" китобидан.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Озарбайжон президенти туркий давлатлар муфтийларини қабул қилди

15.09.2026   30375   1 min.
Озарбайжон президенти туркий давлатлар муфтийларини қабул қилди

Бугун, 15 сентябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши ва халқаро анжуманнинг нуфузли иштирокчиларини қабул қилди.

Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Озарбайжон етакчисига Давлатимиз Раҳбарининг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказдилар.

Учрашувда қардош давлат Раҳбари нутқ сўзлаб, халқаро анжуманларнинг аҳамиятига тўхталди. Мулоқот чоғида сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва дўстона алоқалар янги босқичга кўтарилгани алоҳида эътироф этилди.

Туркий давлатлар етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари натижасида илм-фан, таълим, маданий-гуманитар ҳамда диний-маърифий жабҳаларда ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланаётгани таъкидланди. Бу эзгу саъй-ҳаракатлар Диний идоралар раҳбарларининг муштарак мақсадлар йўлида бирлашиши, халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, тинчлик-осойишталикни асраш ҳамда замоннинг долзарб масалалари бўйича муштарак фатво ва баёнотлар қабул қилишда муҳим пойдевор бўлаётгани қайд этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари