Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Август, 2026   |   1 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:02
Қуёш
05:31
Пешин
12:28
Аср
17:21
Шом
19:28
Хуфтон
20:54
Bismillah
14 Август, 2026, 1 Рабиъул аввал, 1448

Фолбин – сеҳргар, сеҳргар эса...

29.02.2024   4634   5 min.

Жоҳилият замонидан буён кишилар онгида яшаб, уларни ҳақ йўлдан чалғитиб келган баъзи муаммолар ҳали ҳам барҳам топгани йўқ. Яратганнинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган, ғайбни билиш даъвосидаги илмсизлик “фолбинлик” деб аталади. Фолбинлик “коҳинлик”, “илмул рамл”, “мунажжимлик”, “аррофлик” каби номлар билан ҳам аталади. Фолбинлик Қуръони карим ҳукми билан ҳаром қилинган. Фолбин, коҳиннинг ғайбдан деб берган хабарини тасдиқлаш ояти карима ва ҳадиси шарифга асосан куфрдир.

Аллоҳ таоло Юнус сураси 106-оятида бундай марҳамат қилади: “Аллоҳни қў­йиб, фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдиган нарсаларга илтижо қилманг! Агар (шундай) қилсангиз, унда, албатта, сиз золимлардандирсиз”.

Ҳозирги кунда ҳам бирор нарсасини йўқотган, бирор ишда шубҳага борган кимсалар, айниқса, маърифатсиз аёл-қизлар ёки тушкунликка тушган инсонларнинг аксари муаммонинг ечимини топиш учун фолбинларга қатнамоқда. Оилавий ажримларнинг келиб чиқишига сабаб бўладиган, акани укадан ажратадиган, қуда-андалар, қўшнилар, ҳамкасблар орасига совуқчилик соладиган фолбинлар чўнтагини қаппайтирмоқда. Фолбинларга борувчилар эса вақти, соғлиги, пули ҳавога совурилаётганига, ўзлари қаттиқ гуноҳкор бўлаётганига аҳамият ҳам беришмайди.

Айни пайтда кишилик жамиятининг энг катта муаммоларидан бири ҳам сеҳр, фолбинлик ва мунажжимликдир. Бунга ҳужжат сифатида қуйидаги оят келтирилади: “...Балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир бўлдилар...” (Бақара сураси, 102-оят). Лаънатланган шайтоннинг одамларга сеҳр ўргатишдан кўзлаган бирдан-бир мақсади – уларни мушрикка айлантиришдир.

Аллоҳ Ўзига шерик қилган инсонни ҳеч қачон кечирмайди. Бугунги кунда кўп­лаб гумроҳ кимсаларнинг сеҳрга аралашиб юрганига гувоҳ бўласиз. Улар сеҳрни фақат ҳаром деб ўйлайдилар ва унинг куфр эканини ҳис қилмайдилар. Бу ҳол, айниқса, эр-хотин орасидаги муносабатларда – иссиқ-совуқ ва шу каби нарсаларни қилишда яққол намоён бўлади. Улар бу ишларида аксарият қисми ширк ва куфр бўлган сўзларни қўллайдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Еттита ҳалок қилувчи гуноҳдан сақланинглар”, деб улардан бири сеҳр эканини баён қилганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). Ҳар бир банда Аллоҳ таолодан қўрқиши ва дунёю охиратини куйдирадиган бундай ишлардан сақланиши лозим.

Ваҳб ибн Мунаббиҳ: «Айрим китобларда ўқидимки: “Аллоҳ азза ва жалла: “Мендан ўзга илоҳ йўқ. Сеҳр қилган ва сеҳр қилдирган, фол очган ва фол очдирган, шумланган ва шумлантирган кимсалар Мендан эмас”, дейди». Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Фолбин – сеҳргар, сеҳргар эса кофирдир”, деган. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Албатта, афсун ўқиш, тумор тақиш ва иссиқ-совуқ қилиш ширкдир” (Ибн Ҳиббон, Имом Ҳоким ривоят қилишган).

Кимки тумор ёки мунчоқ тақиб, бу кўз тегишидан сақлайди деб эътиқод қилса, ширк келтирган бўлади. Хитобий розияллоҳу анҳу айтади: «Қуръон ёки Аллоҳ таолонинг исмлари билан дам солиш мумкин. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумога дам солиб: “Сизларни Аллоҳнинг тўлиқ калималари ила ҳар бир шайтону ҳашаротдан ва ҳар бир ёмон кўздан Ўз паноҳида сақлашини сўрайман”, дер эдилар» (Имом Ҳоким ривояти).

Фолбинга қатнаётган опа-сингилларимизнинг бу йўлдан қайтишларини сўраймиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу илм фақат Ўзида эканини айтган. Аллоҳ билан Аллоҳнинг илмини талашаётган бандалар, албатта, хор бўлажак. Шу малъун, ифлос ва жирканч махлуқларнинг олдига бориб, иймону эътиқодимизни поймол қилмайлик, азизлар. Кимки шу ишни қилган бўлса, тавба қилсин.

Мусулмон киши бошига мусибат етганда сабр қилади. Унинг Аллоҳдан эканини билади ва Аллоҳга янада кучлироқ тазарру билан сиғиниб, мусибатига, ғам-андуҳига юпанч излайди. Мўмин киши касал бўлса, дарров азайимхонга югурмасдан шариат рухсат берган тиббий воситалар билан даволанади, ўзига ўзи

Қуръон оятларини ўқиб дам солади...

Ҳозирги кунда турли дуо­хон ва азайимхонларга бориш ҳам хатарли бўлиб қолган. Чунки уларнинг кўпи шариатда ворид бўлмаган аллақандай шубҳали дуолар ва қасидалар билан дам соладилар. Сеҳр, яъни кўзбўямачилик, иссиқ-совуқ қилиш катта гуноҳ. Сеҳр қилгани учун олинадиган ҳақ ҳам шариатда тақиқланган ишни қилгани учун ҳаром.

Аллоҳ таолонинг изни бўлмаса, ҳеч кимга зарар етмаслиги Қуръони каримда баён қилинган. Улар келажакда бўладиган ишларни олдиндан айтиб бериш даъвоси ила содда инсонларни алдаб, ўз тузоқларига илинтирмоқдалар. Кишиларда бўлмағур шумланиш­ларнинг пайдо бўлиши эса кўп­лаб оилаларнинг бузилиб кетишига, қўни-қўшни, яқин қариндошлар, ака-ука, қуда-андаларнинг орасига совуқчилик тушишига сабаб бўлмоқда.

Масжидларимизга зиёратга келган баъзилар: “Йўлимни очиб беринг, бахтим очилсин”, деб фолбинларнинг гапини айтишади. Албатта, ҳар бир иш Аллоҳдан. Ислом инсонларда учрайдиган баданий хасталикларни тиб орқали, қалб хасталикларини эса Қуръони карим оятлари билан муолажа қилишга амр этган. Ҳар биримиз динимизнинг амрига бўйсунишимиз, фолбин ва коҳинларга қатнаш улкан гуноҳ эканини яхши анг­лашимиз лозим.

 Жаҳонгирхон АБРОРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги ходими

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Саудия Арабистони халқаро қорилар танловининг иккинчи кунида 33 нафар иштирокчи ўзаро беллашди

11.08.2026   20171   3 min.
Саудия Арабистони халқаро қорилар танловининг иккинчи кунида 33 нафар иштирокчи ўзаро беллашди

Маккада бўлиб ўтаётган 46-Саудия халқаро қорилар мусобақасининг иккинчи кунида 28 мамлакатдан 33 нафар эркак ва аёл мусобақа қатнашчилари ўзаро беллашди.

ИҚНА "Саудия ахборот агентлиги"га таяниб хабар беришича, Маккада Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва ҳидоят вазирлиги шафелигида ўтказилган танловнинг финал босқичи турли мамлакатлардан келган эркаклар ва аёллар иштирокида давом этди.

Тадбирнинг иккинчи кунида эркаклар ва аёллардан иборат ҳакамлар ҳайъати 28 мамлакатдан 33 нафар эркак ва аёл иштирокчининг Қуръон тиловатига баҳо берди.

Икки босқичда, эрталаб ва кечқурун ўтказилган ҳакамлар ҳайъати Катта масжид ҳовлисида 17 нафар эркак ва танлов ўтказиладиган жойдаги аёллар бўлимида 16 нафар аёлни ўз ичига олди. Шундай қилиб, биринчи ва иккинчи кунларда эркаклар ва аёллар ҳайъати олдида янграган чиқишларнинг умумий сони 40 дан ортиқ мамлакатдан 66 тага етди.

Тадбир келаси пайшанбагача (2026 йил 20 август) давом этади, бу иштирокчиларнинг Саудия Арабистонидан жўнаб кетиш куни бўлади. Қуръон илмлари, қироат ва қироат қоидалари бўйича эркак ва аёл мутахассислардан иборат ҳакамлар гуруҳи электрон ҳакамлик тизимидан фойдаланган ҳолда чиқишлар, қорилар ва матнни ёд олган ижрочиларни баҳолайди, бу эса баҳолашнинг аниқлигини оширади ва турли йўналишларда адолатни таъминлайди.

Айни пайтда 133 мамлакатдан 334 нафар эркак ва аёл беш йўналишда, жумладан, етти хил қироат асосида Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш (қироат ва назарий билимларни, шунингдек, тажвид қоидаларини аъло даражада бажариш ва риоя қилишни ўз ичига олади); аъло даражада ижро этиш, тажвидга риоя қилиш ва сўзларни шарҳлаш билан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан кетма-кет ўн бешта жузни ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан кетма-кет бешта жузни ёдлаш бўйича беллашмоқда.

Тадбир 6 август куни бошланган бўлиб, унинг мақсади ёш мусулмонларни Қуръонни ёдлаш ва тушунишга, ояти карималар устида мулоҳаза юритишга ва ҳалол рақобатни яратишга ундашдир.

Ушбу мусобақада у бошланганидан бери рекорд даражадаги иштирокчилар - 133 мамлакатдан 334 киши иштирок этди ва умумий соврин жамғармаси 10 260 000 саудия риалини ташкил этди, бу мусобақа бошланганидан бери энг юқори миқдордир.

Мазкур мусобақада Ўзбекистон шарафини "Мир Араб" ўрта махсус ислом таълим муассасаси, "Саййид Муҳиддин махдум" ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ҳамда "Хадичаи Кубро" қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабалари ҳимоя қилиши ҳақида аввал хабар берилган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Дунё янгиликлари