Жоҳилият замонидан буён кишилар онгида яшаб, уларни ҳақ йўлдан чалғитиб келган баъзи муаммолар ҳали ҳам барҳам топгани йўқ. Яратганнинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган, ғайбни билиш даъвосидаги илмсизлик “фолбинлик” деб аталади. Фолбинлик “коҳинлик”, “илмул рамл”, “мунажжимлик”, “аррофлик” каби номлар билан ҳам аталади. Фолбинлик Қуръони карим ҳукми билан ҳаром қилинган. Фолбин, коҳиннинг ғайбдан деб берган хабарини тасдиқлаш ояти карима ва ҳадиси шарифга асосан куфрдир.
Аллоҳ таоло Юнус сураси 106-оятида бундай марҳамат қилади: “Аллоҳни қўйиб, фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдиган нарсаларга илтижо қилманг! Агар (шундай) қилсангиз, унда, албатта, сиз золимлардандирсиз”.
Ҳозирги кунда ҳам бирор нарсасини йўқотган, бирор ишда шубҳага борган кимсалар, айниқса, маърифатсиз аёл-қизлар ёки тушкунликка тушган инсонларнинг аксари муаммонинг ечимини топиш учун фолбинларга қатнамоқда. Оилавий ажримларнинг келиб чиқишига сабаб бўладиган, акани укадан ажратадиган, қуда-андалар, қўшнилар, ҳамкасблар орасига совуқчилик соладиган фолбинлар чўнтагини қаппайтирмоқда. Фолбинларга борувчилар эса вақти, соғлиги, пули ҳавога совурилаётганига, ўзлари қаттиқ гуноҳкор бўлаётганига аҳамият ҳам беришмайди.
Айни пайтда кишилик жамиятининг энг катта муаммоларидан бири ҳам сеҳр, фолбинлик ва мунажжимликдир. Бунга ҳужжат сифатида қуйидаги оят келтирилади: “...Балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир бўлдилар...” (Бақара сураси, 102-оят). Лаънатланган шайтоннинг одамларга сеҳр ўргатишдан кўзлаган бирдан-бир мақсади – уларни мушрикка айлантиришдир.
Аллоҳ Ўзига шерик қилган инсонни ҳеч қачон кечирмайди. Бугунги кунда кўплаб гумроҳ кимсаларнинг сеҳрга аралашиб юрганига гувоҳ бўласиз. Улар сеҳрни фақат ҳаром деб ўйлайдилар ва унинг куфр эканини ҳис қилмайдилар. Бу ҳол, айниқса, эр-хотин орасидаги муносабатларда – иссиқ-совуқ ва шу каби нарсаларни қилишда яққол намоён бўлади. Улар бу ишларида аксарият қисми ширк ва куфр бўлган сўзларни қўллайдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Еттита ҳалок қилувчи гуноҳдан сақланинглар”, деб улардан бири сеҳр эканини баён қилганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). Ҳар бир банда Аллоҳ таолодан қўрқиши ва дунёю охиратини куйдирадиган бундай ишлардан сақланиши лозим.
Ваҳб ибн Мунаббиҳ: «Айрим китобларда ўқидимки: “Аллоҳ азза ва жалла: “Мендан ўзга илоҳ йўқ. Сеҳр қилган ва сеҳр қилдирган, фол очган ва фол очдирган, шумланган ва шумлантирган кимсалар Мендан эмас”, дейди». Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Фолбин – сеҳргар, сеҳргар эса кофирдир”, деган. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Албатта, афсун ўқиш, тумор тақиш ва иссиқ-совуқ қилиш ширкдир” (Ибн Ҳиббон, Имом Ҳоким ривоят қилишган).
Кимки тумор ёки мунчоқ тақиб, бу кўз тегишидан сақлайди деб эътиқод қилса, ширк келтирган бўлади. Хитобий розияллоҳу анҳу айтади: «Қуръон ёки Аллоҳ таолонинг исмлари билан дам солиш мумкин. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумога дам солиб: “Сизларни Аллоҳнинг тўлиқ калималари ила ҳар бир шайтону ҳашаротдан ва ҳар бир ёмон кўздан Ўз паноҳида сақлашини сўрайман”, дер эдилар» (Имом Ҳоким ривояти).
Фолбинга қатнаётган опа-сингилларимизнинг бу йўлдан қайтишларини сўраймиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу илм фақат Ўзида эканини айтган. Аллоҳ билан Аллоҳнинг илмини талашаётган бандалар, албатта, хор бўлажак. Шу малъун, ифлос ва жирканч махлуқларнинг олдига бориб, иймону эътиқодимизни поймол қилмайлик, азизлар. Кимки шу ишни қилган бўлса, тавба қилсин.
Мусулмон киши бошига мусибат етганда сабр қилади. Унинг Аллоҳдан эканини билади ва Аллоҳга янада кучлироқ тазарру билан сиғиниб, мусибатига, ғам-андуҳига юпанч излайди. Мўмин киши касал бўлса, дарров азайимхонга югурмасдан шариат рухсат берган тиббий воситалар билан даволанади, ўзига ўзи
Қуръон оятларини ўқиб дам солади...
Ҳозирги кунда турли дуохон ва азайимхонларга бориш ҳам хатарли бўлиб қолган. Чунки уларнинг кўпи шариатда ворид бўлмаган аллақандай шубҳали дуолар ва қасидалар билан дам соладилар. Сеҳр, яъни кўзбўямачилик, иссиқ-совуқ қилиш катта гуноҳ. Сеҳр қилгани учун олинадиган ҳақ ҳам шариатда тақиқланган ишни қилгани учун ҳаром.
Аллоҳ таолонинг изни бўлмаса, ҳеч кимга зарар етмаслиги Қуръони каримда баён қилинган. Улар келажакда бўладиган ишларни олдиндан айтиб бериш даъвоси ила содда инсонларни алдаб, ўз тузоқларига илинтирмоқдалар. Кишиларда бўлмағур шумланишларнинг пайдо бўлиши эса кўплаб оилаларнинг бузилиб кетишига, қўни-қўшни, яқин қариндошлар, ака-ука, қуда-андаларнинг орасига совуқчилик тушишига сабаб бўлмоқда.
Масжидларимизга зиёратга келган баъзилар: “Йўлимни очиб беринг, бахтим очилсин”, деб фолбинларнинг гапини айтишади. Албатта, ҳар бир иш Аллоҳдан. Ислом инсонларда учрайдиган баданий хасталикларни тиб орқали, қалб хасталикларини эса Қуръони карим оятлари билан муолажа қилишга амр этган. Ҳар биримиз динимизнинг амрига бўйсунишимиз, фолбин ва коҳинларга қатнаш улкан гуноҳ эканини яхши англашимиз лозим.
Жаҳонгирхон АБРОРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги ходими
Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.
Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.
Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.
Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.
Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати