Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Июн, 2026   |   7 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:50
Пешин
12:29
Аср
17:41
Шом
20:04
Хуфтон
21:46
Bismillah
22 Июн, 2026, 7 Муҳаррам, 1448

Гуноҳ иш қилса юзига ажин тушадими?

28.02.2024   774   1 min.
Гуноҳ иш қилса юзига ажин тушадими?

Cавол: Яқинда бир қўшним “Юзимга ажин тушяпти, табиий пардоз қилиш йўлларини ўргатинглар”, деб маслаҳат сўради. Шунда бошқа бир қўшнимиз “Одам қанча кўп гуноҳ қилса, шунча унинг ҳусни хунуклашиб, юзига ажин тушади. Сиз тавба қилинг”, деб айтди. Шу гап ростми? Киши гуноҳ иш қилса юзига ажин тушадими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Инсон билмаган нарсасини, айниқса, дин борасида билмаган нарсасини умуман гапирмаслик керак. Қўшнингиз бу гапини қаердан олибди?! Унинг бу гапи бирорта ҳам шаръий асосга эга эмас. Инсоннинг юзига ажин тушиши бу табиий ҳолат-ку. Инсон қариган сари ажин тушиб бораверади. Агар ўша одамнинг гапига қаралса, ёши кекса барча инсонлар кўп гуноҳ қилиб юрган бўлиб чиқади.

Истиғфор айтиш масаласига келсак, ҳеч ким хатодан холи эмас. Шундай экан ҳар доим истиғфор айтиб юришимиз керак бўлади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳар бир одам боласи хато қилувчидир, хатокорларнинг энг яхшиси тавба қилувчиларидир, деганлар (Имом Термизий ривояти). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Отамдан қолган сабоқлар: Онамга бирорта марта овозимни кўтарганим йўқ

22.06.2026   2683   2 min.
Отамдан қолган сабоқлар: Онамга бирорта марта овозимни кўтарганим йўқ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ўсмир эдим. Ўсмирлик шундай даврки, инсон ўзини катта бўлиб қолган, ҳеч ким унга тенг келолмайдигандек ҳис қилади.

Бир куни онам билан орамизда келишмовчилик чиқди. Аниқ нима сабаб бўлганини эслолмайман, лекин бир нарсани яхши эслайман: мен онамга овозимни баландлатган эдим.

Отам ишдан уйга қайтгач, онам унга бўлган воқеани айтиб берди. У мени дарҳол чақирди:

– Гаплашайлик, – деди.

Биз меҳмонхонада ёлғиз қолдик. Отам, Аллоҳ раҳмат қилсин, кўп гапирадиган инсон эмас эди. Аммо у гапирса, сўзлари олтиндек қадрли бўларди.

У аввал менинг гапларимни, вазиятга менинг кўзим билан қараб тинглади. Сўнг бироз сукут сақлаб:

– Ўғлим, эҳтиёт бўл. Онангга овозингни кўтаришингдан бошқа ҳамма нарсани тушуниш мумкин. Аммо бунга йўл қўймайман. Агар ўзингни тарбиялай олмасанг, сени тартиб-интизом ўргатиладиган жойга юбораман. У ерда сенга одоб ва ҳурматни ўргатишади. Тушундингми? – деди.

Шу билан суҳбат тугади.

Шундан сўнг онамга бирорта марта овозимни кўтарганим йўқ.

Отам уришмади, менга бақирмади ҳам. Аммо бир неча сониялик қатъий сўзи билан ҳаётим давомида ўтиб бўлмайдиган чегарани белгилаб қўйди.

Бугун, орадан йиллар ўтиб, ўша лаҳзани эслар эканман, ўсмирлик даврида отанинг қандай катта қалқон эканини тушунаман.


Она – оиладаги меҳр ва ҳурматни сақловчи зот. У жонини хавфга қўйиб фарзандни дунёга келтиради, тунларини бедор ўтказади, чарчоқларини яширади...

Аммо айрим фарзандлар улғайгач бу қийинчиликларнинг барчасини унутиб, онасига бепарво муносабатда бўлади. Ана шундай пайтда отанинг ҳақиқий вазифаси намоён бўлади.

Ҳақиқий ота қўпол бўлиши билан эмас, балки керакли пайтда қатъиятлиги билан оиласини ҳимоя қилади.

Ота – оиланинг умуртқа поғонасидир. Агар у заифлашса, бутун оила зарар кўради.


Бугун англаяпманки, отамнинг ўша куни айтган сўзлари таҳдид эмас, балки онамни ҳимоя қилиш эди. Бу – мени келажакда ҳурматли инсон бўлиб улғайишим учун қилинган ҳимоя эди.

Отам ҳақида қанча шеър ёзмайлик, қанча сўз айтмайлик, унинг қадрини тўлиқ ифодалаб бўлмайди. Шунинг учун отангиз борида унинг қадрига етинг. Унинг кетишини кутманг. Чунки айрилиқдан кейинги кўз ёшлар тирикликдаги меҳрнинг ўрнини боса олмайди.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар