Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Август, 2026   |   1 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:02
Қуёш
05:31
Пешин
12:28
Аср
17:21
Шом
19:28
Хуфтон
20:54
Bismillah
14 Август, 2026, 1 Рабиъул аввал, 1448

Шафоат ҳақида

28.02.2024   3928   4 min.
Шафоат ҳақида

Аҳли сунна вал жамоанинг эътиқоди бундай: “Ким кичик ёки катта гуноҳ қилиб, тавба қилмасдан вафот этса, Аллоҳ таоло хоҳласа, фазл айлаб унинг гуноҳларини кечади, хоҳласа, адолат айлаб уни азоблайди. Иймон билан вафот этган ҳамма бандалар катта ё кичик гуноҳларни қилган бўлсалар ҳам, шафоат қилинади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай марҳамат қил­ганлар: “Шафоатим умматимдан катта гуноҳ қилувчиларга бўлади. Ким уни инкор қилса, қиёматда унга эришмайди. Уни намоз ўқигувчиларга бўлади деб ўйлайсизларми? Уни рўзадорларга бўлади деб ўйлайсизларми? У (шафоатим) хатокор мусулмонларга бўлади” (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ва Имом Ибн Можа ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Қачон қиёмат бўлса, одамлар тўпланиб, Одам алайҳиссаломнинг ёнларига келиб: “Бизни шафоат қилинг”, дейишади. Одам алайҳиссалом: “Шафоат қилиш ҳуқуқи менда йўқ. Нуҳнинг олдига боринглар”, дейди. Нуҳ алайҳиссаломнинг олдига бориб: “Бизни шафоат қилинг”, дейишади. Нуҳ алайҳиссалом: “Менда шафоат қилиш ҳуқуқи йўқ, Иброҳимнинг олдига боринглар”, дейди. Иброҳим алайҳиссаломнинг олдига бориб: “Бизни шафоат қилинг”, дейишади. Иброҳим алайҳиссалом: “Менда шафоат қилиш ҳуқуқи йўқ, Мусонинг олдига боринглар”, дейди. Мусо алайҳиссаломнинг олдига бориб: “Бизни шафоат қилинг”, дейишади. Мусо алайҳиссалом: “Менда шафоат қилиш ҳуқуқи йўқ, Исонинг олдига боринглар”, дейди. Исо алайҳиссаломнинг олдига бориб: “Бизни шафоат қилинг”, дейишади. Исо алайҳиссалом: “Менда шафоат қилиш ҳуқуқи йўқ, Муҳаммад алайҳиссаломнинг олдига боринглар”, дейди. Сўнг улар шафоат сўраб олдимга келишади. “Менда шафоат қилиш ҳуқуқи бор”, дейман. Сўнг тураман ва Аршнинг остида “Мақоми маҳмуд” дейиладиган жойда сажда қиламан ва Аллоҳ менга илҳом қилган ҳеч бир ҳамд айтувчи айтмаган ҳамдлар билан Аллоҳ таолога ҳамд айтаман. Аллоҳ таоло: “Эй Муҳаммад, бошингизни кўтаринг! Шафоат қилинг, шафоатингиз қабул қилинади. Сўранг, сўраганингиз берилади”, дейди. Мен бошимни кўтариб: “Эй Раббим, менга умматимдан катта гуноҳ қилганларни шафоат қилишимга изн беришингни ваъда қилган эдинг”, дейман. Аллоҳ таоло: “Боринг, қалбида зарра ёки бир дона арпа миқдорича иймони бор кишиларни дўзахдан чиқаринг”, дейди. Мен яна сажда қиламан. Аллоҳ таоло: “Эй Муҳаммад, бошингизни кўтаринг! Шафоат қилинг, шафоатингиз қабул қилинади. Сўранг, сўраганингиз берилади”, дейди. Мен бошимни кўтараман. Аллоҳ таоло айтади: “Боринг ва қалбида бир дона хантал уруғи миқдорича иймони бор кишиларни дўзахдан чиқаринг”. Мен яна сажда қиламан. Аллоҳ таоло: “Эй Муҳаммад, бошингизни кўтаринг! Шафоат қилинг, шафоатингиз қабул қилинади. Сўранг, сўраганингиз берилади”, дейди. Мен бошимни кўтариб: “Эй Раббим, умри давомида бир марта “Лаа илааҳа иллаллоҳ” деган барча кишиларни шафоат қилишимга изн бер”, дейман. Аллоҳ таоло айтади: “Иззатим ва жалолимга қасамки, бу Менинг ҳукмим, боринг, умрида бир марта “Лаа илааҳа иллаллоҳ” деган кишиларни дўзахдан чиқаринг”...» (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривояти).

«Яқинда Раббингиз сизга (шундай неъматларни) ато этурки, сиз, албатта, (ундан) рози бўлурсиз» (Зуҳо сураси, 5-оят). Бу оят шафоатнинг ҳақ­лигини инкор қилиб бўлмайдиган да­лилдир. 

Кофирлар дўзахда мўминларнинг ўр­нига азоб тортишади. Ояти каримада огоҳлантирилади: «Албатта, улар ўзларининг юк (гуноҳ)ларини ҳам, у юклари билан бирга (бошқа) юкларни ҳам кўтарурлар...» (Анкабут сураси, 13-оят). 

Кофирлар мўминларни ёмон кўр­ганлари, ҳақорат, ғийбат қилганлари ва мўминларга қарши уруш қилган­лари учун мўминлар ўрнига азобланишга лойиқдирлар.

“Ат-Тамҳид фи баёнит тавҳид”

асаридан Имом Бухорий номидаги

Тошкент ислом институти илмий

ишлар ва фан бўйича проректори

Соатмурод ПРИМОВ

таржимаси

 
МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Network News Pakistan”: 2025 йилда Ўзбекистон Марказий Осиё аҳолиси учун энг оммабоп саёҳат йўналиши бўлди

13.08.2026   17881   2 min.
“Network News Pakistan”: 2025 йилда Ўзбекистон Марказий Осиё аҳолиси учун энг оммабоп саёҳат йўналиши бўлди

Покистоннинг “Network News Pakistan” электрон нашри “Ўзбекистон туризми ўсиш бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади” сарлавҳали ахборот мақолани эълон қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.

 Унда Бутунжаҳон саёҳат ва туризм кенгашининг (World Travel & Tourism Council – WTTC) “Саёҳат ва туризмнинг 2026 йилга қадар иқтисодий таъсирини ўрганиш” ҳисоботига кўра, 2025 йилда Марказий Осиё дунёнинг энг тез ривожланаётган сайёҳлик минтақасига айлангани таъкидланган.

“WTTC ўз тадқиқотларини дунёни 13 та йирик минтақага бўлган ҳолда олиб боради. 2025 йил якунларига кўра, Марказий Осиё туризм соҳасини ривожлантиришнинг бир нечта асосий кўрсаткичлари бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллади. Шу билан бирга, Ўзбекистон бу кўрсаткичларнинг барчаси бўйича Марказий Осиё мамлакатлари орасида етакчига айланди”, – дейилган манбада.

 Нашрда қайд этилишича, 2025 йилда туризмнинг Марказий Осиё ялпи ички маҳсулотига қўшган умумий ҳиссаси 17,7 фоизга, соҳанинг бевосита ҳиссаси эса 19,6 фоизга ошган. Минтақада туристик хизматлар экспорти (visitor exports) йил давомида 26,4 фоизга ўсиб, 9,9 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

Минтақадаги туристик хизматлар экспорти умумий ҳажмининг деярли ярми Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Жумладан, 2025 йилда Ўзбекистонга 4,8 миллиард АҚШ доллари миқдорида туристик хизматларни экспорт қилган. WTTC маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон Марказий Осиё аҳолиси учун энг оммабоп саёҳат йўналиши бўлди.

 “Умуман олганда, бу кўрсаткичлар туризмнинг минтақавий характерга эга эканини англатади. Марказий Осиё аҳолиси кўпинча ўз минтақаси ичида саёҳат қилади”, – дейилади мақолада.

“Network News Pakistan” WТТC прогнозига таяниб ёзишича, 2036 йилга бориб туризм соҳасининг Марказий Осиё иқтисодиётига қўшадиган умумий ҳиссаси 29,7 миллиард АҚШ долларига етади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари