Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бир беморни кўргани келсалар, у тузалиб кетган экан. Шунда ўша кишига: "Аллоҳ сени ёд этибди, сен ҳам у зотни ёд этгин. Аллоҳ сени дарддан фориғ қилибди, у Зотга шукр қилгин. Билиб қўй, дарду балолар Маликул-Карим Аллоҳнинг савалайдиган қамчисидир. Бемор одам касалдан кейин ё чопқир отдек, ё кўп қоқиладиган асов эшакдек бўлади".
Сиз ҳеч қачон ютқазмайдиган, касодга учрамайдиган учта тижорий келишув ҳақида эшитганмисиз? Унда ушбу оятга қулоқ тутинг:
"Албатта, Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиганлар,
- намозни тўкис адо этиб,
- Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора нафақа қиладиганлар ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар" (Фотир сураси, 29-оят).
Изоҳ: "..ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар". Бу ушбу оятнинг асосий хулосасидир. Дунёдаги тижоратда фойда ҳам, зарар ҳам бўлиши мумкин. Лекин юқорида санаб ўтилган уч амални – Қуръон тиловати, намоз ва инфоқни – бажарган инсонлар Аллоҳ билан бўлган "тижорат"дан ҳеч қачон ютқазмайдилар. Бу тижоратнинг фойдаси бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам бўлади. Бу дунёда қалб хотиржамлиги, барака, ҳаётда маъно топиш кабилар, у дунёда эса Аллоҳнинг розилиги, жаннат ва абадий саодатдир. Бу тижорат – ҳақиқий ва абадий муваффақиятдир.
Доктор Аҳмад Исо Маъсоравий