Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода бошчилигидаги делегация Ўзбекистоннинг Боку шаҳрида янги қурилиб фойдаланишга топширилган элчихонасига ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Ташриф доирасида Ўзбекистон элчиси Бахром Ашрафхонов ва Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасида шаклланган яқин дўстлик ва самимий қардошлик муносабатлари икки давлат ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Мамлакатларимиз раҳбарларининг Бокудаги янги элчихона биносининг очилиш маросимида иштирок этиши давлатлараро яқин алоқалар рамзи сифатида муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таваллуд куни муносабати билан Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода ўзининг табрик мактуби топширди.
Кавказ мусулмонлари идораси раиси ўз табригида Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз равнақи, унинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасида барқарор, ишончли ва қардошлик муносабатларини шакллантиришдаги беқиёс ролини алоҳида таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг узоқни кўзлаган сиёсати туфайли Ўзбекистон ишонч билан ривожланиб, мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатлар иттифоқчилик даражасига кўтарилди.
Элчихонанинг янги биноси билан танишган Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода дипломатик миссия ходимларига эзгу тилакларини билдирди.
Кавказ мусулмонлари идораси раиси, шунингдек, элчихонанинг Фахрий меҳмонлар китобига самимий тилакларини ёзиб қолдирди.
"Dunyo" AA
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан 852 нафар жазо ўтаётган шахсни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Афв этилганлар орасида 7 нафар хориж фуқароси, 375 нафар ёшлар, 49 нафар аёл ва 60 ёшдан ошган 37 нафар эркак бор, хабар бермоқда Batafsil.uz.
Афв этилган 852 нафар шахсдан 604 нафари жазони тўлиқ ўташдан озод қилинади. Яна 115 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод этилади.
52 нафар маҳкумга тайинланган жазо енгилроқ жазо турига алмаштирилади. 81 нафар шахснинг озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддати эса қисқартирилади.
Афв этилганлар орасида тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этган 63 нафар шахс ҳам бор.
Президент фармонида афв этишга асос сифатида маҳкумларнинг қилмишига пушаймонлиги ва тузалиш йўлига қатъий ўтгани кўрсатилган.
"Ўзбекистон 24" телеканали маълумотига кўра, Шавкат Мирзиёев 2017 йилдан буён 31 та афв этиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган. Ушбу ҳужжатлар жами 10 567 нафар жазо ўтаётган шахсни қамраб олган.
Хусусан, Президент Наврўз ва Рамазон ҳайити арафасида ҳам 392 нафар маҳкумни афв этганди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати