Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиши қурувчиларнинг фидойи саъй-ҳаракатлари натижасида якуний босқичда амалга оширилмоқда. Бир вақтнинг ўзида “Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар” концепцияси асосида 2000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижлик олимлар, илм-фан, замонавий технологиялар мутахассислари, музейшунослар, тадқиқотчилар, дизайнерлар каби қатор соҳа вакиллари бирлашиб, контентларни тайёрлаш устида ҳам қизғин иш олиб боришмоқда.
Бугун Марказ раҳбари, Илмий кенгаш раиси Фирдавс Абдухолиқов бошчилигида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда бу борадаги ишларни жадаллаштириш учун “Долзарб 30 кунлик” эълон қилинди.

Кун тартибидан 20 дан ортиқ масала ўрин олган йиғилишда Марказ контентини бойитиш борасидаги ишлар, лойиҳалар ижроси, таҳлиллар доирасида фикр ва мулоҳазалар тингланди. Шунингдек, сўнгги босқичларда амалга оширилаётган экспозиция лойиҳаларини жадаллик билан якунига етказиш, камчиликларни бартараф этиш асосий масала сифатида кўрилди.


Марказ раҳбарияти ва илмий кенгаш аъзолари томонидан бугун Исломдан аввалги давр цивилизациялари тарихи, маданияти ва ҳаёт тарзини қамраб олган “Вақт девори” лойиҳаси доирасида яратилаётган олтита йирик барельеф композицияси, уларнинг умумий визуал концепцияси амалий муҳокамасида қайд этилган камчиликлар ҳам муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари билдирган ишончни оқлаш ва топшириқлар ижросини ўз вақтида беками-кўст бажариш учун экспозициялардаги бу каби лойиҳаларни якунига етказиш мақсадида Кенгаш йиғилишида “Долзарб 30 кунлик” эълон қилинди. Бу давр мобайнида барча лойиҳаларнинг якуний босқичда амалга оширилишини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланди.

— Президентимизнинг буюк ғоя ва ташаббуси атрофида бир мақсад йўлида олимлар, халқаро мутахассислар, дизайнерлар, рассомлар, муҳандислар бирлашган. Марказ контентини бойитиш доирасида зиммамизга қўйилган вазифаларни бажариш учун барчамиз бирдек юксак масъулият билан ишлашимиз талаб этилади. Шу муносабат билан "30 кунлик сафарбарлик" эълон қилишни таклиф этаман, — деди Ф.Абдухолиқов.
Кенгаш аъзолари ва йиғилиш қатнашчилари бир овоздан бу таклифни қўллаб-қувватлашди. Шунингдек, навбатдаги муҳим масалалар бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болалар билан шундай гаплашар эдиларки, улар ўзларини худди катталардек ҳис этишарди. Аммо айрим одамлар болалар билан кулгили товушлар чиқариб ўйнашади. Баъзан кўчадаги болалар билан ҳам уларнинг жиғига тегиб, ўзлари қочиб кетмагунча ҳазиллашадилар.
Ҳатто 10 ёшар болани юзларини чимчилаб худди гўдакка ўхшаб кулишини кутамиз. Бундай эркалашларда бола ўзини катталардек ҳис қилмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос билан суҳбатлашганда, унга нималарни айтганларини биласизми? У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Эй болакай! Мен сенга калималарни ўргатаман. Аллоҳни(нг буйруғу қайтариқларини) муҳофаза қилгин, шунда У Зот сени муҳофаза қилади. Аллоҳни муҳофаза қилсанг, У Зотни рўпарангда топасан.
Сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан сўра. Кўмак истамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан иста. Билки, агар бутун уммат (маҳлуқотлар) сенга бирор манфаат бериш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини бера олмайди. Агар уларнинг ҳаммаси сенга бирор зарар етказиш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини етказа олмайди”.
Ушбу муборак ҳадис Ибн Аббос розияллоҳу анҳу орқали бизгача етиб келди. Бу гўзал сўзларни Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тинглаганларида бор йўғи 9 ёшда эдилар.
Даврон НУРМУҲАММАД